Барча ота-оналар фарзандлари кўнгилсизликлардан йироқ юриши, мактабда яхши ўқиши, катта бўлгач, фойдали ва яхши нарса билан шуғулланишини истайди. Афсуски, бахтли ва муваффақиятли болани тарбиялаш бўйича йўриқнома мавжуд эмас. Аммо психологлар муваффақиятни келтириб чиқарадиган омилларни кўрсатиб берди. Уларнинг барчаси ота-она ва оилага тегишли, бу эса ҳайратланарли эмас.
Болаларни бахтли ва қобилиятли қилиб тарбиялайдиган ота-оналарнинг умумий жиҳатлари кўп.
Улар болаларга мулоқот қилишни ўргатади
Америкалик олимлар узоқ вақт давомида олиб борган тадқиқотлар шуни кўрсатдики, ўз тенгдошлари билан ҳамкорлик қила оладиган, уларнинг ҳиссиётларини тушуна оладиган, бошқага ёрдам беришга ва муаммоларни мустақил ҳал қилишга тайёр бўлган болалар кўпинча ўқишни битириб диплом олади ва доимий ишга жойлашади.
Болалигида бошқалар билан муомалада бўлишга қийналган кишилар катта бўлгач, кўнгилсиз вазиятларга кўп тушиб қолади, улар жамиятда ҳам юқори ўринларга эга бўла олмайди.
Шу туфайли, ота-оналар болаларда муомала кўникмаларини ҳосил қилиб, уларда ҳиссий интеллектни юзага келтириши керак.
Улар боладан кўп нарса кутади
Келажакда фарзанди университетда ўқишини ният қилган ота-оналар уни ана шу мақсадга етаклайди, бу оилавий даромад ва бошқа омилларга боғлиқ бўлмайди. АҚШда 6600 нафар болалар ўртасида ўтказилган сўров натижалари айнан шуни кўрсатди.
Бу америкалик психолог Розенталь томонидан тавсифланган Пигмалион эффекти билан ҳам тасдиқланади. Унинг моҳияти шундан иборатки, қандайдир фактга қатъий ишонган одам ўзи англамаган тарзда ўз ишончининг тасдиғини олишга интилади. Болаларга келсак, улар онгсиз равишда ота-онаси ишончини оқлашга уринади.
Оналар ишлайди
Психологлар ишлайдиган оналарнинг қизлари мактабга мустақил ҳаёт тажрибасига эга бўлган ҳолда боришини аниқлади. Келажакда бундай болалар онаси ишламаган ва бор вақтини оиласига бағишлаган тенгдошларига қараганда ўртача 23 фоизга кўпроқ пул ишлаб топади. Ишлайдиган оналарнинг ўғиллари эса фарзандлари ва уйдаги ишлар ҳақида кўпроқ қайғуради.
Улар анча баланд ижтимоий-иқтисодий статусга эга бўлади
Ота-оналарнинг даромадлари қанчалик катта бўлса, фарзандларнинг баҳолари шунчалик баланд бўлади — умумий қонуният шундан иборат. Кирими кам ва имкониятлари тор оиладаги болаларда, афсуски, потенциал ҳам чекланган бўлади. Тадқиқотлар шундан дарак бердики, бой ва ночор оилалар фарзандлари муваффақиятлари ўртасидаги статистик фарқ тобора катталашиб бормоқда.
Улар олий маълумотли бўлади
Онаси ўсмирлик вақтида дунёга келган болалар мактабни битириб, университетга кириши эҳтимоли жуда кам. Шунингдек, мактабни ва институтни битирган оналарнинг фарзандлари ҳам келажакда олий маълумотли бўлади — психологлар ўтказган тадқиқот натижалари айнан шуни кўрсатди.
Улар болаларини кичик ёшидан бошлаб математикага ўргатади
Мактаб ёшигача бўлган болаларнинг хатти-ҳаракатлари таҳлил қилинганида, математик қобилиятларни эрта ёшдан бошлаб ривожлантириш келажакда бола учун катта устунликка айланиши маълум бўлди. Бунинг сабаби аниқ бўлмаса-да, факт фактлигича қолади. Кичик ёшидан рақамлар ва оддий математик тушунчалардан хабардор бўлган болалар ўқишни тезроқ ўрганади.
Улар ўз фарзандлари билан муносабатларини ривожлантиради
Ҳаётининг дастлабки уч йили давомида ҳурмат қилинган ва тушунилган бола ўқишда ҳам, бошқалар билан муомалада ҳам яхши натижаларга эришади. Фарзандига эътибор ва ғамхўрлик билан муносабатда бўладиган кишилар уларга хавфсизлик ҳиссини беради, бу эса ривожланиш ва атрофдаги оламни тадқиқ қилиш учун зарурдир.
Улар кўп стрессга тушмайди
Болалар 3—11 ёшлигида она улар билан қанча вақт ўтказиши уларнинг ривожланиши учун катта аҳамиятга эга эмас. Аммо фаол, қизғин ва безор қиладиган оналик яхши оқибатларга олиб келмайди.
Она иш ва оилани мувозанатга солишга уриниб, стресс ҳолатида юрганида, у ўз болаларига ёмон таъсир ўтказади. Психологияда “юқумли” ҳиссиётлар тушунчаси бор. Одамлар, тумовни юқтириб олгани каби, бир-бирининг ҳиссиётларини ҳам тутиб олади. Шу туфайли, ота ёки она руҳан чарчаган ёки ғамгин бўлса, бу нохуш кайфият болага ҳам ўтади.
Улар муваффақиятсизликдан қўрқишни эмас, интилишни қадрлайди
Психологлар болалар муваффақиятни икки хил усулда баҳолай олишини аниқлади. Улардан биринчиси белгиланган фикрлаш бўлиб, бунда киши ўз қобилияти, ақли ва истеъдодини бор нарса деб қабул қилади. Истиқболли фикрлашда эса бола омадсизликни бундан кейинги ривожланиши ва ўз устида ишлаши учун таянч деб қабул қилади.
Шунинг учун, агар болага имтиҳондан муваффақиятли ўтишига “математикани ҳар доим яхши билгани” сабаб бўлганини айтсангиз, уни белгиланган фикрлашга ўргатасиз. У яхши натижага қўлидан келганича ҳаракат қилгани туфайли эришганини айтсангиз эса, бола ўз қобилиятларини ўстириши мумкинлиги ва унинг ҳар бир интилиши янги натижаларни келтириб чиқаришини тушунади.