Биласизми?

Гўдакни массаж қиламиз

Профилактика учун қилинадиган массаж гўдакнинг жисмоний ва руҳий ривожланишини баркамоллаштиради. Профилактика массажи махсус малака талаб қилмайди. Асосийси нозик массаж қилиш ва гўдак реакциясига диққат билан эътибор қилиш.

Массаж кундалик парваришнинг энг асосий ўринларидан бирини эгаллайди, чунки массаж билан фақатгина терини тинчлантирмай, балки таянч ҳаракат органларини, асаб, юрак ва қон айланиш системасига ижобий таъсир этади.

Ҳозирги кунда профилактик массаж гўдак парваришида муҳим ўрин эгаллашини ҳеч бир етук мутахассис инкор қилмайди ва массаж эртароқ – гўдакнинг биринчи кунлариданоқ бошлаш керак. Массажни ҳар бир оила аъзоси бажариши мумкин, бунинг учун билим ва кўникмалар талаб этилмайди.

Массажни бир неча ҳиллари мавжуд:

  • Профилактик
  • Профилактик даволовчи
  • Даволовчи

Профилактик даволаш ва даволовчи массаж муолажаси фақат педиатрнинг тавсияси асосида, маҳсус мутаxассис томонидан бажарилади.

Замонавий клиник изланишлар натижасида массажнинг гўдак организми жисмоний баркамол бўлишида муҳим ўрин эгаллаши тасдиқланди. Массаж тери, ичак аъзолари, умуман олганда гўдакнинг организмига ижобий таъсир қилади. Массаж асаб системасига ижобий таъсир этади, таъсирчан ва асабий гўдакларга профилактик массаж ижобий таъсир этиб, уйқу ва хулқ атворини маромига келтиради. Бу массаж усулини минимал маълумотга эга оиланинг ҳар бир аъзоси бажариши мумкин.

Гўдаклар ҳаётининг биринчи йилида профилактик массаж тавсия этилади, айниқса, иштахасиз, кам ҳаракатли, чала туғилган гўдаклар; сунъий озиқлантиришдаги ва кучсиз мушакли гўдаклар; ҳамда касалликдан чиққан гўдаклар учун.

Ўткир ва сурункали патологияларда профилактик массаж тавсия этилмайди. Ҳар қандай ҳолатда ҳам профилактик массажга ўтиш жараёнидан олдин педиатр билан маслаҳатлашиш даркор.

Мутахассислар йиғлаб турган гўдакни массаж қилиш тавсия қилишмайди. Авваламбор, гўдакнинг массажга бўлган салбий нисбатини аниқлаб, уни йўқотиш керак. Қўлингиз совуқлиги ёки гўдакнинг қорни оч бўлса йиғлаш эҳтимоли кузатилади; унда қорин оғриқлари, метеоризм таъсирида ёки бошланаётган касаллик олди бўлиши мумкин. Агарда сиз массажни жуда интенсив равишда қилаётган бўлсангиз, бу ҳолат гўдакда оғриқлар пайдо бўлишига олиб келади.

Массаж овқатлантиргандан 30-40 дақиқадан сўнг, яъни бола тинч ва тўйган ҳолатида бошланади. Бу муолажа тахминан 5-20 дақиқалар давом этади. Гўдак териси тоза ва қуруқ бўлиши шарт! Шунинг учун массаждан олдин гўдакни чайинтириш керак ва қуруқлаб артиш лозим. Массаж учун илиқ, тинч ва елвизаксиз жой бўлиши керак. Хона харорати +24-25С бўлиши керак. Гўдак билан биргаликда столда, каравотда ёки ерда жойлашиб, майин мусиқа қўйинг.

Бошлаймиз:

  • Қўлларингиз тоза ва қуруқ бўлиши керак. Зебларни (узукларни) ечиб, қўлингизга кераклигича ёғ суртинг. Қўлни ишқалаб қизитинг. Гўдак илиқликни сезиши лозим.
  • Массажни гўдак бошидан бошланг. Бармоқ учлари билан юз ва томоқни майин уқаланг. Қулоқларни, қош чизиқларини, қош оралиғидан чаккага майин сийпаланг, бурун ва лабни “чизинг”.
  • Соат нили йўналиши бўйича гўдак қорнини енгил ҳаракатлар билан силанг. Жигарни (ўнг қовурға тагида) массаж қилиш тавсия этилмайди.
  • Эҳтиёткорлик билан гўдак кўкрагини уқаланг. Ҳаракатларни марказдан ёнга қараб кўкрак қафасини эзмасдан амалга оширинг.
  • Гўдак қўлларига ўтинг. Гўдак панжасини ушлаб қўлини кўтаринг, панжадан елкага қараб силанг.
  • Оёқларга ўтинг. Оёқ тагини ушлаган ҳолда оёғини кўтаринг ва тагидан тозга қараб ташқи томонидан силанг.
  • Оёқ таги массажи айниқса муҳим. Оёқни устки ва пастки қисмларини нозик силанг. Ҳар бир бармоқларни алоҳида уқаланг.
  • Гўдакни қорнига ўгириб, орқасини бўйиндан думбага ва аксинча силанг.
  • Массаждан сўнг гўдакни иссиқ кийинтириб, дам олдиринг.

Қўлларингиз гўдак танасида енгил ҳаракатланиши керак. Массажни амалга ошириш учун гўдак ёғидан фойдаланинг, у қўлларингиз енгил ва сирғалувчан ҳаракатини таъминлайди, гўдак терисини эса намлантиради. Массаж вақтини шундай белгилангки, сизга ҳеч ким ва ҳеч нарса ҳалал бермасин. Ҳеч қаерга шошилишингиз керак эмас, фарзандингиз эса бутунлай бўшашишга тайёр бўлиши керак.

Профилактик массаж гўдак билан қўшимча мулоқот учун ажойиб имкониятдир.

Манба: Beka.Uz