Вужудингизда митти юракчанинг овоз бериб ураётганини ҳис қилишингиз ҳамон ҳаёт тарзингиз ўзгара бошлайди. Энди сиз кичкинтойни ва ўз саломатлигингизни асрашга ҳаракат қиласиз. Бунда нафақат иш шароитингиз, уй юмушларини, балки фаслларни ҳам инобатга олишни унутманг. Масалан, ёзда бўлажак оналаримизни оёқ шишиши, чанқоқ каби муаммолар қийнайди. Келинг, уларга бирга ечим излаймиз.
Чойми ёки сув?
Жазирама ҳомиладорларни анча қийнаб қўяди. Кўп суюқлик ичса, оёқлар шишади, ичмай десангиз, ташналик ёмон. Хўш, энди нима қиламиз?
Ичимлик масаласида миқдор эмас, сифат муҳим эканлигини унутманг. Квас, компот, ширин газли ичимликлар, қадоқланган шарбатлар бўлажак она учун яхши танлов эмас. Негаки, бу ичимликлар чанқоқни босмайди, улар оёқларга «жойлашиб олади» холос. Ҳомиладорлар учун энг афзал ичимлик — газланмаган сув ва кўк чой. Қаҳвани эса болангизни эсон-омон бағрингизга босиб, уни кўкрак сути билан боқиб бўлгунга қадар асраб қўйишни тавсия қиламиз.
- Ичимликни тез-тез, аммо кам-камдан ичинг. Морс, қандсиз чой ҳам зарар қилмайди. Ичимликларни ўтириб ичинг. Акс ҳолда, сув қувурдан ўтгандек «оқиб кетади». Натижада ошқозон ва ичаклар девори сувга тўйинмай, яна чанқоқ бош кўтаради.
- Ичилаётган сув чанқоқни тўлақонли босиши учун у хона ҳароратида бўлиши лозим.
- Баъзи мева ва сабзавотлар ҳам чанқоқбосди саналади. Масалан, олма, лимон, бодринг, гилос кабилар.
- Мева ва сабзавотларни қирғичдан ўтказиб, истеъмол қилсангиз, улардаги фойдали моддалар қонга тўлиқ сингиб, кичкинтойни яхши озиқлантиради.
- Кўпроқ мева ва сабзавотлар истеъмол қилинг. Тузни камайтиринг.
- Баъзан оёқ шишишидан халос бўлишда денгиз тузи қўшилган совуқ ванначалар ёрдам беради. Аммо уй шароитида бажариладиган ҳар қандай муолажалар ҳақида даволовчи шифокорингиз билан маслаҳатлашиш зарур.
- Дарвоқе, бу чоралар оёқ оғришида ҳам ёрдам беради. Аммо оёқ оғриши томирлар варикоз кенгайиши ва кальций етишмаслиги аломати бўлиши мумкин. Шифокорга учраганингизда бу ҳақда айтишни унутманг.
Оёғим шишмасин, десангиз...
Ҳомиладорликда оёқ шишиши фақатгина ичаётган сувга боғлиқ эмас. Иссиқда қон томирларининнг кенгайиши ҳамда буйракда ўзгаришлар юз бериши ҳисобига ҳам оёқлар шишади. Бундай бўлмаслиги учун оёқларни нам мато билан артиб туриш ёки сув билан енгил пайпаслаб олиш тавсия этилади. Агарда стулда кўп ўтиришга тўғри келса, оёқ остига бирор нарса қўйиб олинг. Шунингдек, оёқлар ҳолатини тез-тез ўзгартириб туриш, уқалаш ҳам яхши ёрдам беради. Имкон топсангиз, оёқларни бироз баландроқ кўтариб, дам олинг.
Уйқучилик — яхшими ё ёмон?
Биламизки, ҳомиладорлик даврида аёл организмида кўп қувватни талаб этувчи ўзгаришлар рўй беради. Шу туфайли аёл ўзини хорғин сезади, уни уйқу элита бошлайди. Айниқса, жазирамада салқингина хонага кирсаю, бироз ухлаб олса. Буни организмнинг қувват тўплаш ва ўзини ўзи сақлаш дастури, десак ҳам бўлади. Шу сабабли ҳомиладорлар кераклигича ухлашлари лозим. Тўғри, баъзан қайнонангиздан хижолат бўлиб ёки иш сабабли кундузи ухлаб олишга имкон бўлмайди. Аммо уйқу «режа»сини топширмас экансиз, ҳомилага ҳам, ўзингизга ҳам зиён етказиб қўйишингиз мумкин. Сизга маслаҳатимиз:
тунги уйқу 8 соатдан кам бўлмасин;
имкон қадар соат 22:00 да ухлашга одатланинг;
кундузши 1-2 соатлик уйқу организмга қувват беради;
хонани тез-тез шамоллатиб туринг;
қоронғи хонада ухланг;
кўпроқ очиқ ҳавода сайр қилинг;
ҳовузда чўмилинг ёки илиқ душ қабул қилинг.
Маслаҳатимизга қулоқ тутинг ва ёзни «оғир бўлмай» ўтказиб олинг.
Олий тоифали гинеколог Ҳулкар РАВШАНОВА тавсиялари асосида Камола ШАРОФЗОДА тайёрлади
Манба: Darakchi.uz