Ҳомиладорлик

Ҳомиладорлик тақвими: 17-ҳафта

17-ҳафтадан ҳомиладорликнинг бешинчи ойи бошланади. Қандайдир салбий ҳиссиётлар кузатилмайдиган қулай давр. Бироқ барибир баъзи ўзгаришларни ҳис қилмай қолмайсиз: бу милкларнинг қонаши, кучли тер ажралиши ёки қиндан кўп миқдорда қон келиши бўлиши мумкин.

Кўпроқ дам олинг, ўз вақтида ухлашга ётинг ва ўзингизни ортиқча ташвишлар билан қийнаб қўйманг, шунда ҳомиладорликнинг бешинчи ойи сиз учун ажойиб тарзда бошланади.

17-ҳафтада нималар содир бўлади?

Ушбу муддатда бачадон ён томонга қараб эмас, балки тепага қараб ўса бошлайди. Ушбу жараёнда баъзи оғриқли ҳиссиётлар кузатилиши мумкин. Жиғилдон қайнаши, нафас қисиши ва тез-тез бовул қилиш ҳолатлари қайд этилиши мумкин.

17-ҳафтада молочница зўрайиши мумкин, шифокор унга қарши кураш чораларини тавсия қилади. Бироқ, нима бўлганда ҳам, ширинликдан воз кечишга тўғри келади.

Аёл юрак уриши тезлашганини сезиши мумкин. Бунга йўлдош томирлардан озиқ моддаларни ўтказаётгани сабаб бўлади. Юракнинг юқори даражадаги фаоллиги милкларнинг қонаб туришига олиб келиши мумкин, шу туфайли тиш шифокорига боришга тўғри келади, у сизга оғиз бўшлиғини чайиш учун хавфсиз воситани тавсия этади.

Тер ажралиши ҳам кучаяди, бундан қўрқиш керак эмас. Тез-тез душ қабул қилиб туринг, кескин ҳиди бўлмаган яхши дезодорантлардан фойдаланинг.

17-ҳафтада ҳомиланинг ривожланиши

Ушбу ҳафтада боланинг ўз иммун тизими ишга тушади, унинг организми ўз иммуноглобулин ва интерферонини ишлаб чиқаришни бошлайди. Энди она касал бўлиб қолган тақдирда, боланинг ўз ҳимояси бўлади.

Бу даврда боланинг бўйи 10—14 сантиметрга, оғирлиги 100 граммга етади. Ҳажмига кўра, уни нокка қиёслаш мумкин. Бола анча фаол, баъзан эса кескин товушлардан қўрқиши мумкин.

Ҳомила терисининг остида ёғ шаклланмоқда, у организмдаги иссиқлик алмашинувини тартибга солишга ёрдам беради. Боланинг юраги деярли шаклланиб бўлган, у ўз функциясини жуда яхши бажармоқда. Қиз болаларда бу вақтда бачадон шакллана бошлайди.

17-ҳафтада боланинг доимий тишлари учун асос яратилади. Буйрак усти безлари фаол тарзда гормонларни ишлаб чиқармоқда, гипофиз фаол ишламоқда. Бола овозларни эшитади ва онанинг барча ҳиссиётларини сеза олади.

Бироз чарчоқ ва илк мулоқот

Сизни нимадир безовта қилаётган бўлса-да, маъюсланманг. Одатий ҳолатда ёта олмаслигингиз туфайли уйқу яхши бўлмаётгани ёки жиғилдон қайнаши қийнаётганидан умидсизланманг. Эсингизда бўлсин, бола онанинг ҳиссиётлари ва кайфиятига реакция кўрсатади. Боланинг қимирлаши бунинг тасдиғидир. У билан гаплашинг, ахир у учун мулоқот жуда муҳим.

Кўпроқ дам олинг, яқинларингиздан уй ишларида ёрдам сўранг. Уй ишларига улгурмай қолаётганингизда ҳеч қандай ножўялик йўқ.

Овқатланиш рациони

Жиғилдон қайнаши, қабзият, юқори даражада газ ҳосил бўлиши — буларнинг барчаси ушбу муддатда кузатилиши мумкин. Бундай ҳолатларда ягона ечим — тўғри овқатланиш. Тез-тез ва кам-камдан енг.

Кундалик рационда албатта қора нон, бошоқли ўсимликлар, мева ва сабзавотлар, қатиқ маҳсулотлари бўлсин.

Ажралмалар

Агар қиндан ноодатий ажралмалар келаётганини сезсангиз, зудлик билан шифокорга мурожаат қилинг. Шифокор таҳлил учун ушбу ажралмалардан мазок олади ва уларнинг моҳиятини аниқлайди. Ажралмалар йирингли, сариқ ёки яшил бўлса, шунингдек, паға-паға ва ёқимсиз ҳидли бўлса, огоҳ бўлинг, булар жинсий йўллар инфекцияларидан дарак бериши мумкин.

Молочница ҳам зўрайиши мумкин, уни ҳам даволаш керак бўлади. Оч рангли ва сутсимон ажралмалар нормал ҳисобланади.

17-ҳафтадаги ҳиссиётлар

Ўзгаришлар барча учун сезиларли бўлади, ҳатто юзингизда ҳам бундай ўзгаришлар ўз ифодасини топади, чунончи, бурун бироз шишиши, лаблар катталашиши, ёноқлар қизариши мумкин.

Қорин тобора катталашмоқда. Баъзан боланинг қимирлаганини қоринга тегмасдан туриб ҳам сезиш мумкин. Фақат қулай кийимларни кийинг, акс ҳолда нафас қисиши сизни жиддий тарзда қийнаши мумкин.