Ҳомиладорлик

Ҳомиладорлик тақвими: 37-ҳафта

Ҳомиладорликнинг 37-ҳафтаси ҳам етиб келди. Агар бу сиз учун биринчи ҳомиладорлик бўлса, қирқинчи ҳафтагача етиб бориб, режа бўйича туғишингиз эҳтимоли катта. Агар бундан аввал ҳам фарзандли бўлган бўлсангиз ёки қорнингизда эгизаклар бўлса, туғруқ 37-ҳафтада ҳам содир бўлиши мумкин.

Бироқ у муддатидан аввалги туғруқ ҳисобланмайди. Ҳомиладорликнинг ушбу давридан бошлаб туғилган бола, тиббий параметрларга кўра, ўз вақтида туғилган ҳисобланади.

37-ҳафтада ҳомиланинг ўлчамлари

37—38-ҳафтада бола туғилишга тайёр ҳолатга келади. У бунга интилади ҳам — унинг организмида барча тизимлар ишга тушишга шай, ўпкалар етилишида ёрдам берувчи кортизон гормони ишлаб чиқарилмоқда, ичакда бироз меконий (биринчи ахлат) йиғилган, боланинг қорни ва боши айланаси деярли бир хил.

Боланинг бўйи ушбу даврда 48—50 см, оғирлиги 2,8—2,9 килограммни ташкил этади.

Организмда ривожланиш жараёни давом этмоқда, барча асаб толалари ҳимоя қобиғи билан ўралган, бу туғруқдан кейин ҳам ҳаётнинг бутун биринчи йили мобайнида давом этади. Қулоқ ва бурун кемирчаклари қаттиқлашади, бошда “турмак” пайдо бўлади. Сочлар  бу даврда 0,5—4 сантиметргача ўсган бўлади. Бадандаги юнг йўқолиши керак.

37-ҳафтадаги ҳиссиётлар

Ушбу ҳафтада туғруқ яқинлигини билдирувчи белгилар пайдо бўлиши мумкин: тарам-тарам чизиқлари бўлган сарғиш ажралмалар келиши, қорин пастга тушиши, ич суюқроқ келиши мумкин.

Бачадонингиз максимал катталикка эришган: оғирлиги бир килограммга яқин, сиғими 4—5 литрни ташкил этади. Унинг учи ҳозир қов симфизидан 37 см, киндикдан 16—17 см тепада жойлашган. Сийдик пуфагига босим янада кучаяди, оёқлар ва чот ораси санчиб оғриши, бел зирқираб оғриши мумкин, қорин кунига бир неча мартадан тош қотиши мумкин.

Йўлдош қаримоқда. Бола тез орада дунёга келади, йўлдош эса унинг кетидан “туғилади”. Доялар тўлиқ чиқиб кетганини ва туғруқ муваффақиятли якунланганини қайд этади — она организмида ортиқча ҳеч нарса қолмайди.

37-ҳафтадаги ажралмалар

Бу босқичда фарзанд кутаётган аёллар сарғиш ёки, ҳатто, жигарранг ажралмаларни қайд этиши мумкин, улар баъзида қон аралаш бўлиши мумкин. 37-ҳафта учун пушти-сарғиш рангдаги ажралмалар ва хира тусдаги шилимшиқлар хосдир — буларнинг барчаси бачадон бўйнини тўсиб турган шиллиқ тўсиқ чиқиб кетганидан дарак беради.

Бу ҳафтада ҳам қориннинг тош қотишлари ва даврий оғриқлар кузатилади, бундай ҳолларда шифокорга хабар беринг.

Ушбу муддатда шифокор қоғоноқ суви оқиб кетмаётганига ишонч ҳосил қилиш учун қинни текширади, бачадон бўйни қанчалик юмшоқ ва юпқалашганини аниқлайди. Унинг қандай даражада очилганини ҳам эътибордан четда қолдирмайди. У очилишни бошлаган бўлиши мумкин.

Туғруқ жараёнида бачадон бўйни шу қадар ёзиладики, унинг деворлари жуда юпқалашиб, боланинг туғруқ йўли орқали ўтишига имкон яратади. Тажрибали акушерлар очилганлик даражасини бармоқ бўйича ўлчайди. Тўрт бармоқ кенглигида очилган бўлса, бу тўрт сантиметр демакдир. Аммо туғруқ бошлангунига қадар бачадон бўйни бир бармоқдан каттароқ очилмайди.

Шунингдек, 37-ҳафтада шифокор ҳомиланинг қандай ҳолатда ётганини аниқлайди ва тос суягингиз энини баҳолайди.