Ҳомиладорлик

Ҳомиладорлик тақвими: 42-ҳафта

Бу рекорд муддат ҳисобланади. Ҳомиладорликнинг 42-ҳафтасигача аёлларнинг 10 фоизигина етиб боради. Агар сиз уларнинг сафидан жой олган бўлсангиз, қўрқманг.

Биринчидан, 42-ҳафта — ҳали муддатидан кўп кўтарилган ҳомиладорлик эмас, иккинчидан эса, сизнинг ҳомиладорлик муддатингиз шунчаки нотўғри ҳисобланган бўлиши мумкин.

Бола ўзини қандай ҳис қилмоқда?

Бола ўсмоқда, сўнгги ҳафталар ичида у яна бир сантиметрга ўсган ва қўшимча 500 грамм вазн тўплаган бўлиши мумкин. Ҳаммаси яхши, аммо йирик ҳомиланинг туғруқ йўлидан ўтиши қийинроқ ва секинроқ бўлади.

Скелет суяк бўлиб қотишда давом этади, бош мия анча қотади, бу тўлғоқ даврини узайтириши, туғиш жараёнини чўзиши, ҳатто, чақалоққа туғруқ чоғида шикаст етишига сабаб бўлиши мумкин.

Боланинг тирноқлари, сочи анча ўсиб қолган. Унинг кўзлари очиқ, у яна фаоллашади.

Она ўзини қандай ҳис қилмоқда?

Ҳомила чиндан ҳам қоринда узоқ қолиб кетмаслиги учун, ушбу муддатда мунтазам тиббий кузатув остида бўлиб туришингиз шарт.

Допплерографияли ультратовушли текширув, пульс текшируви, амниоскопия ҳомила, йўлдош, қоғоноқ сувининг аҳволини жуда батафсил тарзда ўрганиш имконини беради, меъёрдан чекиниш бўйича ҳар қандай белги сезилса, она касалхонага ётқизилади.

Агар сиз ҳомиладорлик ўз якунига етишини хотиржамлик билан кутаётган бўлсангиз, унда имкониятга қараб кўпроқ сайр қилишда давом этинг, сокин мусиқа остида дам олинг, ўз фарзандингизни бағрингизга босадиган лаҳзани қувонч билан тасаввур қилинг.

Табиатга кўмаклашиб юбориш

Ўз-ўзида дард пайдо қилишнинг турли ва оддий усуллари мавжуд. Агар сиз она табиатга ёрдамлашиб юбориш учун қатъиятга тўла бўлсангиз, буни амалга оширинг.

Болдир суяги билан товон суягини бириктирувчи бўғиндан 4 сантиметр юқорида жойлашган нуқтани турли бурчаклар остида босиб кўришингиз мумкин. Босиш сони ва вақти — 10—15 сониядан уч марта, бош ёки кўрсаткич бармоқларни ишлатган маъқул.

Клизма ва канакунжут мойи ҳам ёрдам бериши мумкин. Ичакнинг бўшаши ва қисқариши бачадоннинг юмшашига имкон яратади.

Бола соғломгина бўлади

42 ва 44-ҳафталар оралиғида туғилган болаларнинг 95 фоизи саломатлик билан боғлиқ ҳеч қандай муаммоларни ҳис қилмайди. Аммо қоринда муддатидан кўп қолиб кетиш , албатта, муайян хавфларга эга. Ҳомиладорликнинг 42-ҳафтасидан кейин йўлдош шунчаки қариш билан чегараланмайди, у аллақачон қариб қолган, бу боланинг тўлиқ озиқланишини ёмонлаштиради ва гипоксия (кислород етишмаслиги)ни келтириб чиқаради.

Кислород танқислиги туфайли, ҳомила рефлекторли равишда биринчи ахлатни қоғоноқ сувига чиқаради. Сув билан бирга меконийни ютгач, бола ўзининг мустақил нафас олиш имкониятини хавф остига қўйиши мумкин. Тиббий терминологияда ушбу ҳодиса меконий аспирацияси синдроми деб аталади ҳамда чақалоқнинг ўпкаларини вентиляция қилиш ва антибактериал терапия ўтказишни талаб қилади.

Аммо буларнинг барчаси чиндан ҳам муддатидан узоқ давом этган ҳомиладорлик оқибатларидир. Сизда эса 42-ҳафта эндигина бошланди. Ва сиз ўз саломатлигингизни диққат билан назорат қилмоқдасиз, шунинг ўзи ҳам соғлом бола туғилиши учун баъзи кафолатларни беради, ҳеч қандай асоратларсиз.