Ҳомиладорлик

Ҳомиладорлик тақвими: Биринчи ҳафта

Ушбу ҳомиладорлик тақвими сизга ҳомиладорликнинг барча босқичларига хос алоҳида хусусиятларни очиб беради. Мақолалар кетма-кетлигида бўлажак фарзандингиз ва сизнинг организмингизда 40 ҳафтанинг ҳар бири давомида нималар содир бўлишини ўқиб олишингиз мумкин.

Биринчи ҳафта

Акушерликда ҳомиладорлик муддати сўнгги ҳайзнинг биринчи кунидан бошлаб ҳисобланади. Бундай ҳисоб тури овуляциянинг аниқ кунини, демакки, бўйида бўлишнинг биринчи кунини аниқлаш қийин эканлиги туфайли қабул қилинган. Агар ҳомиладорлик муддатини “акушерлик” услуби билан ҳисоблайдиган бўлсак, унда биринчи ҳафтада ҳали ҳеч қандай ҳомила бўлмайди, демакки, ҳомиладорликни биринчи ҳафтада аниқлаш мумкин эмас.

Аслида овуляция аёл кишида циклнинг 12—14-кунида содир бўлади: етилган тухумҳужайра уруғланишга тайёрланиб, фолликулдан чиқади. Аммо овуляция аёл организмининг ўзига хос жиҳатлари ва цикл давомийлигига қараб, циклнинг 7—8-кунида ҳам, 20—21-кунида ҳам юз бериши мумкин. Шу тариқа, ҳомиладорликнинг биринчи ҳафтаси акушер-гинекологлар томонидан назарий жиҳатдан ҳисобланади.

Ҳомиладорликнинг биринчи ҳафтасида нималар содир бўлади

Шуниси ҳайратланарлики, уруғланиш ва ҳомиланинг кейинги ривожланиши учун тайёргарлик тухумҳужайра шаклланиши босқичидаёқ бошланади: аёлнинг гормонал ҳолати, асаб тизими ўзгариши ва бошқалар ҳар бир цикл давомида кузатилади.

Биринчи ҳафтадаги ҳомиладорлик белгилари

Эрталабки кўнгил айниши, овқат ҳидларини ёки севимли атир ифорини кўтара олмаслик каби аниқ-равшан белгилар ҳақида гапиришга ҳали эрта. Бироқ ҳомиладорликнинг биринчи ҳафтасида ажралмалар баъзан қайд этилади, аммо ваҳима қилиш керак эмас — бу хавфсиз ва мутлақо жоиз.

Ҳомиладорлик тести, албатта салбий натижа кўрсатади. Тестда сезилар-сезилмас иккинчи чизиқча камида 10—12 кундан сўнг пайдо бўлади.