Ҳомиладорлик

Ҳомиладорлик тақвими: Иккинчи ҳафта

Ҳомиладорликнинг иккинчи ҳафтаси — бўйида бўлишдан олдинги ҳафтадир. Циклнинг айнан 12—14-куни тугаши билан кўпчилик аёлларда овуляция содир бўлади. Шу тариқа, вазиятга акушер-гинекологлар томонидан баҳо берилса, икки ҳафталик муддат — ҳали умуман ҳомиладорлик эмас. Аслида ҳомила бачадонга ҳомиладорликнинг 3—4-ҳафтасида бирикади ва шундагина уни ультратовушли текширув орқали кўриш мумкин.

Ҳайз тугагач, аёл организми бўйича бўйида бўлиш учун фаол тайёргарлик кўришни бошлайди. Етилган тухумҳужайра уруғланиш жараёнига тайёр. Акушерлик бўйича ҳомиладорлик тақвимининг иккинчи ҳафтасида ёки унинг тугашига яқин овуляция даври бошланади, бу бўйида бўлиш учун энг қулай вақтдир.

Ҳомиладорликнинг иккинчи ҳафтасидаги белгилар

Бўйида бўлиш ҳали юз бермагани туфайли, ҳозирча аёл ҳеч қандай белгиларни қайд этмайди.

Ҳомиладорликнинг иккинчи ҳафтасида нималар содир бўлади

Иккинчи ҳафта аёл организмидаги кўплаб ўзгаришлар билан тавсифланади, улардан асосийси тухумҳужайранинг етилишидир. Тасаввур қилиб кўринг: тухумҳужайра — фарзандингиз томонидан мерос қилиб олинадиган генетик материалнинг ярми. Бошқача айтганда, бу унинг ташқи кўриниши, феъл-атвори, шунингдек ақлий қобилиятларига қўшадиган бевосита ҳиссангиздир.

Бутун иккинчи ҳафта давомида бўлажак онанинг тухумҳужайраси ҳали тухумдонда, лойқароқ суюқлик бўлган кичик пуфак ичида туради, ушбу пуфак фолликул деб аталади. Унда суюқлик тўпланишда давом этади ва у катталашиб боради. Вақт ўтиши билан кичик бўртмача кўринишида тухумдон юзасига чиқиб қолади. Фолликул пўсти максимал даражада юпқалашгач, пуфак девори ёрилади. Суюқлик бевосита қорин бўшлиғига оқиб кетади ва ўзи билан етилган тухумҳужайрани олиб кетади. Айнан шу ҳолат овуляциядир.

Энди тухумҳужайра бачадонга қараб ҳаракатлана бошлайди. Қорин бўшлиғида бачадон найчасининг бир учи жойлашган бўлиб, у туклар билан қоплаб олинган. Айнан улар тухумҳужайрага тўғри йўналишда ҳаракатланиш имконини беради. Ҳужайра энди бачадон найчасига тушади, у кўпинча шу ерда уруғланади. Агар ушбу ҳодиса юз берса, шу вақтдан бошлаб “ҳақиқий” ҳомиладорлик ҳақида гапириш мумкин.