Ҳомиладорлик

Ҳомиладорлик тақвими: 11-ҳафта

Биринчи уч ойлик ўз якунига етмоқда, “токсикоз” чекинмоқда, бўлажак она эса ўсиб бораётган бачадонни ҳис қилмоқда. Ташқи ўзгаришлар ҳозирча сезилмайди, ички томондан эса деярли ҳар бир аёл янги ҳолатга мослашиб бўлди. Ҳомиладорликнинг дастлабки хавотирли ҳафталари ортда қолди, бўлажак она энди ҳис-туйғу жиҳатидан бардошлироқ бўлганини сезади.

11-ҳафтадаги ҳис-туйғулар

Ушбу ҳафтада кўпчиликни оғир токсикоз тарк эта бошлайди. Аммо бундай бўлмаса, хавотир олманг: у 14-ҳафтагача ёки, ҳатто, ундан ҳам узоқроқ давом этиши мумкин. Баъзан токсикоз ўрнини жиғилдон қайнаши ёки қабзият ҳам эгаллаши мумкин, бунга гормонлар сабаб бўлади.

Бу давр ҳамон хавф ҳудудида ҳисобланади, шу туфайли, қорин тортишса ёки оғриса, бел зирқираб оғриса, гинеколог шифокорингизга мурожаат қилганингиз маъқул.

Ажралмалар келиши кучаяди, бироқ бундан қўрқиш керак эмас, улар ҳомиладорлик сўнгига қадар ҳам сизни тарк этмаслиги мумкин. Оқ рангли ажралмалар нормал ҳисобланади. Кўкракдан ҳам бироз суюқлик ажралиши мумкин, аммо унга тегманг ва сиқиб чиқаришга уринманг — бу оғиз сутидир.

Бола билан нималар содир бўлмоқда?

Ҳомиладорликнинг 11-ҳафтасида ҳомиланинг катталиги тахминан 6 сантиметрни, оғирлиги 8—10 граммни ташкил этади. Ҳажми бўйича болани йирик олхўри билан қиёслаш мумкин.

У жуда тезкорлик билан ривожланмоқда:

  • у энди бошини кўтара олади;
  • унда тутиб олиш реакцияси пайдо бўлди;
  • овқат ҳазм қилиш йўли ривожланмоқда;
  • жинсий органлари шаклланишни бошламоқда;
  • ташқи таъсир қилувчи нарсаларга жавоб кўрсата олади;
  • боланинг ҳаракатлари тобора аниқ бўлиб бормоқда.

11-ҳафтанинг ўзига хос жиҳатлари

Кайфиятнинг кескин ўзгариб туриши ҳамон кузатилиши мумкин. Гормонлар ўз ишини бажармоқда, шу туфайли ҳиссий ўзгаришлар ушбу муддатда ғайритабиий ҳисобланмайди.

Бироқ барчасини гормонларга тўнкайвермасдан, ўз ҳиссиётларингизни жиловлашга ҳаракат қилинг, сабр-бардошли ва мулоҳазали бўлинг. Ўзингизни толиқтирманг, катта юкланмалар — ҳомиладор аёл организми учун стрессни юзага келтиради. Хотиржам бўлишни ўрганинг, бу сизга ҳомиладорликда ҳам, туғруқ чоғида ҳам қўл келади.

Овқатланиш

Сифатли ва мувозанатланган таомнома — 11-ҳафтада ушбу қоидага риоя қиламиз. Ўз рационингизга албатта бўтқалар, творог, мева-сабзавотлар, мол гўшти, кўкатлар, ёнғоқлар ва ўсимлик ёғларини киритинг.

Меъёридан ортиқча ейиш ярамайди, акс ҳолда жиғилдон қайнаши ва қабзиятдан қутула олмайсиз. Ҳар 3—4 соатда кам-камдан еб туринг. Ёғли, аччиқ, қовурилган, дудланган таомлардан нарироқ юринг. Оддий сув, янги сиқилган шарбат ёки морслардан ичишингиз мумкин.

Скрининг ва бошқа текширувлар

Ушбу муддатда сизни скринингга юборишлари мумкин. Скрининг — ҳомиладорлик чоғида ҳомилада касалликлар ривожланиши бўйича хавфлар гуруҳини аниқлашга қаратилган тиббий текширувлар мажмуасидир.

Агар текширув жараёнида хавф-хатарли омиллар аниқланса, бўлажак она консультация учун генетика мутахассисига юборилади.

Биринчи скрининг 11—12-ҳафтада ўтказилади, бу ҳомиладорликнинг аниқ муддатини аниқлаш учун энг қулай вақтдир.

Ташқи кўриниш билан боғлиқ ўзгаришлар

Ушбу даврда тирноқларингиз синувчан бўлиб қолгани, сочларингиз кўп тўкилаётганини сезасиз. Буларга қарши курашиш деярли фойдасиз, туғруқдан сўнг барчаси жойига тушади.

Сочни бўяш тавсия этилмайди: организмдаги гормонал ўзгаришлар натижага таъсир қилиш мумкин, ва у ҳақда олдиндан айтиб бўлмайди.

Тери чўзилишига қарши крем ёки ёғлардан фойдаланиш вақти келди (масалан, зайтун ёғи), акс ҳолда, кейинроқ вақтни бой берганингиздан афсусланишингиз мумкин.