Ҳомиладорлик

Ҳомиладорлик тақвими: Ўнинчи ҳафта

Ҳомиладорликнинг ўнинчи ҳафтаси ҳомила ривожланишининг энг мураккаб ва нозик даврларидан бирини якунлаб беради. Айнан даслабки 8—10 ҳафта давомида онанинг стрессга, ёки ўткир респиратор касалликларига учраши, шунингдек, турли дори препаратларини қабул қилиш каби ҳар қандай салбий таъсир қилувчи омиллар  энг хавфли тус олиши мумкин. Буларнинг барчаси бола ички органларининг пойдевори пайдо бўлиши ва уларнинг шаклланишига ҳалокатли таъсир этиши мумкин.

Энди, ҳомиладорликнинг дастлабки тўққиз ҳафтаси ўтгач, ҳаётий муҳим органларга пойдевор қўйиб бўлинди, бундан ташқари, улар янада ривожланишни ва такомиллашишни бошлади. Шунингдек, бу муддатга келиб, йўлдош тўлиқ шаклланиб бўлди ва ўз фаолиятини бошлади. Энди у барча алмашинув жараёнлари учун жавоб беради ҳамда эмбрионга зиён етказиши мумкин бўлган зарарли моддалар тушиб қолишига йўл қўймайди. Демак, ривожланишнинг нозик даври ортда қолди. Бироқ огоҳликни йўқотманг, олдинда сизни яна ўттиз ҳафта кутмоқда, улар ҳомиладор аёлга ёқимли сюрпризлар билан бирга, ёқимсизларини ҳам келтириши мумкин.

Ўнинчи ҳафтадаги ҳис-туйғулар

Бу даврда сизни ҳамон барвақт токсикоз хуружлари безовта қилиши мумкин. Бу ёқимсиз ҳолат ҳатто бирмунча кучайиши ҳам мумкин. Кўнгил айниши ва қайт қилишга жиғилдон қайнаши ҳам қўшилиши мумкин. Қизилўнгачни ошқозондан ажратиб турадиган мускуллар қисқариб, шу тариқа, унинг ичидагилар қизилўнгачга кўтарилишига сабаб бўлади. Шу билан бирга, ошқозон кислотаси қизилўнгачнинг таъсирчан шиллиқ қаватига таъсир қилади, натижада аёл кўкси ловуллаб ачиётгандек ҳис қилади, баъзан кучли оғриқ ҳам сезилади. Бу ёқимсиз белгиларнинг барчаси ҳомиладор аёлга тулғоқ вақтигача ҳам азоб бериши мумкин.

Бундан ташқари, ҳожатхонага серқатнов бўлиб қолишингиз мумкин. Бу катталашиб бораётган бачадон сийдик пуфагига ўтказаётган босим билан боғлиқ. Баъзан эса йўталганда, кулганда ёки акса урганда бовулни ушлаб тура олмаслик ҳоллари ҳам кузатилади.

Ҳомиладорликнинг ўнинчи ҳафтасида нималар содир бўлади?

Ушбу муддатда бачадон аста-секинлик билан катталашади. Энди у қов суягидан сал тепароқда жойлашади.

Бундан ташқари, аёл терисида доғлар пайдо бўлганини сезиши мумкин. Шунингдек, танада сочлар ўсиши кучаяди, буларнинг барчаси гормонал жиҳатдан қайта қурилишнинг қўшимча таъсиридан бошқа нарса эмас. Туғишдан сўнг ушбу нуқсонлар икки—тўрт ой ичида ўз-ўзидан ўтиб кетади.

Ўнинчи ҳафтада бола билан нималар содир бўлади?

Бола бу даврда фаол ривожланишда давом этади. Унинг аввалроқ нозик ва юмшоқ тоғайлардан иборат бўлган скелети тузилмаси энди анча қаттиқ суяк тўқималарига айлана бошлайди. Бу эса шуни билдирадики, ҳомиладор аёлнинг организмида кальций ўта зарур ва ҳатто танқис элементга айланади.

Эмбрионнинг юзи ва пастки жағи шаклланиб бўлган, бироқ юз мускуллари энди-энди ривожланмоқда. Ушбу босқичда юқори лабнинг фаол ривожланиш жараёни боради. Ҳомиланинг бурни шиллиқ қават билан қопланган, у тўлиқ шаклланганича йўқ, аммо ҳид сезиш рецепторлари пайдо бўлган.

Оғиз бўшлиғининг мускул тўқималари пайдо бўла бошлайди. Боланинг тили таъм билиш ғуддачалари билан қопланади. Аста-секинлик билан чайнаш мушаклари ривожланмоқда. Бўйин ва бўғиз мускуллари тизими шаклланади.

Ҳомиланинг ошқозони қорин бўшлиғи пастида жойлашади ва ўз ўрнини эгаллайди. Асаб тугалланмалари шаклланишни бошлайди.

Ҳомила юраги фавқулодда тезлик билан уради, у дақиқасига 160—170 зарбани ташкил этади. Ўнинчи ҳафтада ҳомиланинг катталиги 28—33 миллиметрга, оғирлиги 3—4 граммга етади.

Тавсиялар

Бу даврда она эҳтиёткорликка риоя қилган ҳолда, асабий зўриқиш ва толиқишлардан нари юриши керак. Кўпроқ дам олиш ва куч тўплаш лозим.