- Ҳомиладорлик тақвими: Биринчи ҳафта
- Ҳомиладорлик тақвими: Иккинчи ҳафта
- Ҳомиладорлик тақвими: Учинчи ҳафта
- Ҳомиладорлик тақвими: Тўртинчи ҳафта
- Ҳомиладорлик тақвими: Бешинчи ҳафта
- Ҳомиладорлик тақвими: Олтинчи ҳафта
- Ҳомиладорлик тақвими: Еттинчи ҳафта
Акушерлик ҳисоб-китоблари бўйича ҳомиладорликнинг саккизинчи ҳафтаси олтинчи эмбрионал ҳафтага тўғри келади. Оддий ой билан ҳисоблаганда, бу иккинчи ой охиридир.
Ҳомиладорликнинг саккизинчи ҳафтасидаги ҳис-туйғулар
Аввалроқ пайдо бўлган ҳомиладорлик белгилари бу вақтга келиб янада сезиларлироқ тус олади. Гормонлар миқдори ошишда давом этади — бу кайфиятнинг доимий тарзда ўзгариб туриши, йиғлоқилик, уйқучиликда намоён бўлади. Бачадон ҳам катталаша бошлайди, буни аёл ҳозирча сезмаслиги мумкин, аммо ички органларга ўз таъсирини ўтказади. Чунончи, бовул қилиш тез-тез бўла бошлайди, қабзият юзага келиши мумкин.
Саккизинчи ҳафтада ажралмалар ҳам кучаяди, бироқ бунда қичишиш кузатилмаса, бу нормал ҳолатдир. Баъзиларда жигарранг ажралмалар ҳам бўлиши мумкин, агар белда оғриқ бўлмаса ва ўзингизни яхши ҳис қилсангиз, унда бу — нормал ҳолат. Шундай бўлса-да, бу ҳақда шифокорингизни хабардор қилинг.
Ҳомиланинг ривожланиши
Йўлдош ривожланади, бачадон-йўлдош қон айланиши яхшиланади. Шу ҳафтадан бошлаб ҳомила киндик орқали озиқлана бошлайди. Бу даврда ҳомила жуда митти бўлса-да (бор-йўғи 1,5—2 см), у одам каби кўриниш олади. Ультратовушли текширувда унинг қўл, оёқ ва бошчаси аниқ кўринади. Юз белгилари пайдо бўла бошлайди.
Ички органлар такомиллашмоқда. Юрак тўртта камерага эга бўлади, ўпкаларда бронхлар тармоқларга ажралади, буйраклар вужудга келади. Жинсий органлар шаклланмоқда: ўғил болаларда — тухум, қиз болаларда — тухумдон, уларда тухумҳужайралар ишлаб чиқарилади. Бироқ ҳозирча ўғилни қиздан фарқлаб бўлмайди. Асаб тизими жадал суръатларда ривожланмоқда. Бола фаол ҳаракатлана бошлайди: қўл-оёқларини ёпиб-очади, чайқалади. Бироқ она ҳали унинг қимирлаганини сезмайди, бунга яна бир неча ой вақт керак бўлади.
Бу ҳафтада барча органлар шаклланади, кейингиларида ҳеч қандай янги нарса пайдо бўлмайди. Шунчаки, барчаси мукаммаллашади, ҳомиланинг ўзи эса ўсиб, оғирлаша бошлайди.
Шифокор кўригидан ўтиш
Агар аёл ҳали рўйхатга кирмаган бўлса, ҳозир айни пайти. Шифокор текширувдан ўтказиб, бачадон ҳомиладорлигини тасдиқлаш учун таҳлилларга йўлланма ёзиб беради, қандай витаминлар ичишни тавсия қилади ва ультратовушли текширувни буюради.
Гинеколог кўригидан ташқари, аёл албатта терапевт, тиш шифокори, венеролог ҳузурида бўлиши керак.
Тавсиялар
Агар аёлни нимадир алоҳида безовта қилмаётган бўлса, у одатий ҳаёт тарзини олиб боришда давом этиши мумкин. Спорт билан шуғулланиш мумкин, аммо шиддатни бироз камайтириш зарур. Жинсий алоқа ҳам тақиқланмайди. Агар ҳомила тушиши хавфи бўлса, буларнинг барчасини вақтинча истисно қилиш керак бўлади.
Бу даврда кўпчилик аёлларда толиқиш кучаяди, тажанглик пайдо бўлади. Бундай ёқимсиз белгиларнинг олдини олиш учун тоза ҳавода сайр қилиш тавсия этилади. Овқатланишга алоҳида эътибор бериш зарур. Мева-сабзавотлар, оқсилли ва қатиқ маҳсулотлари кундалик таомномада албатта мавжуд бўлиши керак. Пишириқлар, ширинликлар, қаҳва, шунингдек, аллергия чақирувчи ҳар қандай маҳсулотлардан эса воз кечиш керак.