Бола олдига қўйилган мазали таомни ейиш ўрнига бурнини жийиради: бу кўпчилик оналарга таниш бўлган муаммо.
Бола овқат емаса, ота-оналар одатдагидек икки йўлни ишга солишади: ёки унга эртаклар айтиб ва мультфильмлар қўйиб бериб овунтиришга ҳаракат қилишади, ёки – кўндириш («Бир қошиқча даданг учун, бир қошиқча ойинг учун», «Овқатни емагунча шоколад ололмайсан») қабилида . Лекин бу ҳар доим ҳам иш беравермайди. Бола овқат ейишдан воз кечса, нима қилиш керак?
Ёмон иштаҳанинг сабаблари
Чоралар қўллашдан олдин таомга бўлган совуқ муносабатнинг сабабларини ўрганиш керак.
- Болаларда иштаҳанинг йўқолиши ёмон кайфият ёки оддий шамоллаш касаллигининг бошланиши билан боғлиқ бўлиши мумкин. Организм инфекция билан курашиш учун куч йиға бошлайди ва шунинг учун ўз захираларини овқат ҳазм қилишга сарфлаб қўймасликка ҳаракат қилади. Бундай ҳолатда болани овқат ейишга мажбур қилиш нафақат фойдасиз, балки зарарли ҳамдир. Яхшиси кўпроқ суюқлик ичгани маъқул.
- Баъзан бола ҳазм қилиш бузилиши туфайли ейишни хоҳламайди: ич қотиш, кўнгил айниш ёки қайт қилиш, қориндаги оғриқ ва бошқа белгилар иштаҳа яхши бўлишига йўл қўймайди.
- Баъзи болалар улар ҳақиқатан ҳам оч ёки тўқлигини ва қандай овқатни хуш кўришларини ҳисобга олмасдан ейишга мажбурлашгани учун овқатланишдан воз кечишади.
Хотиржамликни сақланг
Оналар боланинг овқатдан воз кечишини ҳаддан ташқари оғир олади ва овқат масаласида стрессли ҳолат яратиш билан ўзини ҳаддан ташқари фаол тутади. Бу бола учун келажакда руҳий ва меъда-ичак йўлларининг издан чиқиши ёки анорексия каби физиологик муаммолар пайдо бўлишига олиб келади.
Кўпчилик ота-оналар боланинг озиқлантирувчи моддаларни етарлича қабул қилмаётганидан ваҳимага тушишади. Боланинг қанча ейиши нафақат унинг ёшига, балки ўзига хос хусусиятларига ҳам боғлиқ бўлади. Шунинг учун хавотирланманг ва соғлом фикрлашга ҳаракат қилинг: соғлом бола оч қолганда албатта овқат ейди.
Инжиқ болани овқатлантиришнинг беш усули
- Болани овқат тайёрлаш жараёнига жалб қилинг. Балки бола ўзи тайёрлаган салат ёки бўтқадан тотиб кўришни хоҳлар.
- Энг аввало – болани ейишга мажбурлаш керак эмас. Кўндиришлар ҳам, қўрқитишлар ҳам, айниқса жазолаш фойда келтирмайди – аксинча. Асосийси овқатланиш ораларида болага егуликлар берманг ва тезда иштаҳа пайдо бўлади.
- Овқатни қизиқарли қилиб сузинг. Фантазиянгизни ишга солинг ва оддий овқатни байрамона таомга айлантиринг.
- Ўйин элементларини қўшинг. Ликоп устида картошкадан қилинган тоғлар, сметанадан оқаётган дарёлар, қирғоқларида эса тиканли гўштли тефтеллар ясанг.
- Боланинг фикри билан қизиқинг. Ундан бугун қандай овқат ейишни хоҳлаётганини сўранг ва танлаш учун бир неча вариантлар таклиф қилинг. Мустақиллигини намойиш қилиш болага ёқади.
- Агар бола қайсидир маҳсулотни ёқтирмаса, овқат сузишда уни бошқа озиқ-овқатлар орасига яширишга ҳаракат қилинг.
Манба: Daryo.uz