Биласизми?

Ишлайдиган онанинг 4 афзаллиги

Тобора кўпроқ аёллар болаларни тарбиялаш ва карьера қуришни биргаликда олиб бормоқда. Мақолада она ўз қимматли вақтининг катта қисмини ишда ўтказиши билан боғлиқ вазиятнинг афзалликларини санаб ўтамиз.

Ишлайдиган онанинг болалари мустақил бўлиб ўсади

Қийин лаҳзаларда онаси доим ҳам ёнида бўлмаган бола мустақил равишда ўйлашни ва қарорлар қабул қилишни ўрганади. Шу билан бирга, ўз қарорлари учун айнан у жавоб беришини, шу сабабли ўз хатоларида бошқаларни айблаб бўлмаслигини ҳам тушуниш муҳим.

Ишлайдиган онанинг фарзандлари ўз фикрлари ва мақсадларини аниқ қилиб ифодалай олади

Баъзан киши муайян ёндашувлар ва одатларни нафақат ишда, балки фарзандлар билан мулоқотда ҳам қўллай бошлайди. Масалан, нимани исташини ва қандай мақсадда келганини билмайдиган одамга дастлаб нияти ва якуний мақсадини аниқ қилиб ифодалашни таклиф қиласиз. Бундай амалиёт болаларда ҳам қўл келади. Натижада болалар ўз фикрларини ва ўз эҳтиёжларини аниқроқ ифодалашни ўрганади. Муаммони ифодалагандан кейин, унинг ечимини топиш ҳам осонлашади.

Мулоқот учун вақт кам бўлса, уни кўпроқ қадрлай бошлайсиз

Она доимий равишда уйда бўлса, у боласи билан ўтказган ҳар бир соатни қадрламай қўяди — бу нормал ва мутлақо табиий ҳолат. Болада ҳам худди шундай вазият юзага келади.

Вақт доимий равишда етишмаган пайтда эса лаҳзаларнинг қадрини сеза бошлайсиз. Ишлайдиган оналар фарзандлари билан ўзлари истаган даражада кўп вақтни ўтказа олмаса-да, буни сифатли тарзда ва бор имкониятларини ишга солган ҳолда амалга оширади.

Ишлайдиган она — бола учун яхши намуна

Болаларга ҳамиша намуна ва ўрнак олиш учун «модель» керак. Бундай намуна ва ғурур объекти ўз онаси бўлса, қандай яхши! Бола кўрадики, ҳаётда муваффақиятга эришиш учун кўп меҳнат қилиш керак ва айнан иш оилага яшаш ва қулай ҳаёт кечириш имконини беради. Бу болада шахсиятни шакллантириш ва уни тарбиялашнинг жуда муҳим бўлагидир. Бунинг устига фарзандингиз сизга фахрланиб қараётгани ва сизга ўхшашни истаётганини ҳис қилиш доим ҳам ёқимли.

Манба: Daryo.uz