Болалар таоми

Мактаб ўқувчисининг соғлигини мустаҳкомловчи 7 одат

1.      Эрталабки нонушта Кўпгина ўқувчилар эрталабки нонуштадан кўра бир оз бўлса ҳам ухлаб олишни афзал кўришади. Кейин эса улар мактабда ширин кулча, бутерброд, бирон-бир тезпишар таомни ейишади ва ошқозонларини ишдан чиқараётганларини билишмайди. Фарзандингизни эрталабки нонуштадан воз кечмасликка ўргатинг. Бунда унга турли қуритилган мевалар қўшилган бўтқалар тайёрлаб беринг. Донлардан тайёрланган бўтқалар ўсаётган организмга куч-қувват беради ва овқат ҳазм қилишини ҳам яхшилайди. 2.      Эрта туриш Кечикиш одати болаликданоқ шаклланади. Шунинг учун уни эртароқ уйғонишга ўргатиш керак. Агар бола эрталаб эрта туришга қийналса, уни кечки соат 9-10 да ухлашга ўргатинг. Унга эртароқ туриш жисмоний тарбия қилишга, нонушта қилиб олишга, ҳатто дарсларни такрорлашга имкон беришини тушунтиринг. 3.      Кундузги уйқу Мактаб ўқувчисининг асаб тизими дам олишга кўпроқ муҳтож бўлади. Шифокорлар барча ақлий меҳнат билан шуғулланувчиларга кундузи бир оз мизғиб олишни маслаҳат беришади. Ўқув дастурлари  кучли диққат эътиборни  талаб қилади. Шунинг учун дарслардан сўнг ўқувчи чарчаган ва синиқ кўринади. Бир соатлик уйқу фарзандингизга тетиклик ва қувват беради. У бемалол дарс қилишга, уй ишларига ёрдамлашишга ва дўстлари билан айланиб келишга ўзида куч топа олади. 4.      Жисмоний машғулотлар Жиммоний тарбия ва спорт боланинг ўсишида ва соғлом бўлишида жуда муҳим. Доимий спорт билан шуғулланиш унинг ўзига ишонган, тартибли ва  ўз мақсади йўлида қатъият билан ҳаракат қилишувчи шахс бўлиб етишишига ёрдам беради. Агар унинг  спорт билан шуғулланишга имконияти бўлмаса, уни ҳеч бўлмаганда эрталабки бадантарбияни мунтазам бажаришга ўргатинг. Жисмонийтмашқлар қон айланишини яхшилайди, мия ҳужайраларини озиқлантиради ва иммунитетни оширади. 5.      Кечки овқат Ўқувчилар орасида ҳам семириш касаллигига чалинганлари йилдан-йилга кўпайиб бормоқда. Буларнинг сабаби эса носоғлом овқатланиш ва камҳаракатлиликдир. Болани кечки соат 6-7 дан кейин овқатланмасликка ўргатинг.бу яхши ухлашга ва қоматни сақлашга ёрдам беради. 6.      Кўчадан келганда ва овқатланишдан сўнг қўлни ювиш Мактаб ўқувчилари кўпинча грипп, ўткир  респиратор касалликлари ва ичак инфекциялари билан касалланишади. Бу касалликларнинг барчаси ҳаво-томчи йўли билан, қўл бериб кўришганда, ўқув қуроллари орқали юқади. Шунинг учун иовқатдан олдин ва кейин, кўчадан кирганда қўлни совунлаб ювиш касалликларнинг олдини олади. 7.      Мева ва сабзавотларни кўпроқ истеъмол қилиш Сабзавот ва меъвалар табиий витаминлар, микроэлементлар ва клетчатка манбаи ҳисобланади. Улардаги кўп миқдорда тўпланган витамин С иммунитетни мустаҳкамлайди ва бола организмини эркин радикаллардан ҳимоя қилади.

Саида Ибодинова