Барчамиз фарзандларимизнинг соғлом бўлишини истаймиз. Шундай экан, ўсаётган организмга биринчи навбатда нима керак бўлади? Албатта тўғри овқатланиш! Мактаб ёшидаги болалар учун соғлом овқатланиш тарзи нималарни ўз ичига олади? Бунда қандай қоидаларга амал қилиш зарур? Мақолада ушбу саволларга жавоб топишингиз мумкин.
Мактаб ёшидаги бола учун сабзавотлар таркибидаги клечатка, мевалар таркибида мавжуд витаминлар ва макроэлементлар, гўшт маҳсулотларидаги оқсил, балиқда жуда мўл бўлган фосфор, сут маҳсулотларида мавжуд калций жуда зарур ҳисобланади. Боланинг рациони бир меъёрга келтирилган ва зарур миқдордаги оқсил, ёғлар, углеводлар, витаминлар ва аминокислоталарни ўз ичига олиши зарур.
Ёш болаларнинг овқат ҳазм қилиш тизими ўзига хос бўлганлиги учун улар ёғли, қовурилган, аччиқ ва нордон овқатларни ейишдан чекланиши керак. Болалар овқатланиш тизимининг асосини хом маҳсулотлар (сабзавотлар, мева ва кўкатлар) ҳамда қайнатилган ва димланган таомлар ташкил этиши лозим. Ширин ичимликлар, пишириқлар, хамир маҳсулотлари, шоколад кабилар минимал миқдорда истеъмол қилиниши зарур.
Агар фарзандингизнинг соғлиғини асрашни истасангиз, унинг фастфуд маҳсулотлари, газланган ширин сув, қотирилган нон ва чипси, шунингдек, таркибида кимёвий ва ранг берувчи қўшимчалар мавжуд маҳсулотларни тановвул қилишига рухсат берманг.
Боланинг соғлом овқатланиш тарзини қандай ташкил этиш лозим?
Қуйида мактаб ўқувчиларининг соғлом овқатланиш тарзига оид асосий қоидаларни келтирамиз:
- Турли-туманлик
Аниқ ўйлаб чиқилган, турли зарур маҳсулотларни ўз ичига олувчи мувозанатлаштирилган овқатланиш тарзи.
- Тартиб ва даврийлик
Кунига 4 мартадан кам бўлмаган ва ҳар куни белгиланган бир вақтда овқатланиш. Улар орасидаги танаффус 3,5 соатдан ошиб кетмаслиги лозим.
- Ҳар куни янги узилган мева ва сабзавотларни истеъмол қилиш
Мева ва сабзавотлар салатларда, қирғичдан чиқарилган ҳолда, шарбат кўринишида ва албатта бутунлигича истеъмол қилиниши мумкин.
- Туз ва шакар, газли ичимликларни минимум даражагача чеклаш
Ушбу маҳсулотлар организмдаги сув ва туз балансини бузиш, овқат ҳазм қилиш ҳамда иммун тизимини ишдан чиқариш, шунингдек, семириб кетиш каби ёқимсиз оқибатларга олиб келиши мумкин.
- Таомларни тайёрлаш усули - буғда тайёрлаш, димлаб ва қайнатиб пишириш
Болаларнинг рационига қуруқ меваларни ҳам киритиш айни муддао ҳисобланади.
Мақолани тайёрлашда “Развитие детей” сайти маълумотларидан фойдаланилди.