Яқин кунларда ота-оналар ўзларининг мактаб болалари учун мукаммал сумка излай бошлайди. Баҳоси, сифати, ташқи кўриниши – буларнинг ҳаммаси шубҳасиз танлашда муҳим белгилар бўлиб хизмат қилади. Лекин мутахассислар, энг асосийси сумкалар фарзандингиз соғлиғи учун хавфсиз бўлиши керак деб ҳисоблайди.
Бу мактаб қуролини қандай қилиб тўғри танлаш ва танлашда нималарга эътибор бериш керак?
Мактаб сумкаларининг турлари
Мактаб сумкаларининг уч асосий турлари бўлади: портфель, қути-сумка ва юмшоқ рюкзак.
Портфелда елкалар учун тасмалар кўзда тутилмаган, шунинг учун бола уни қўлда кўтариши керак. Бу кичик ёшдаги мактаб болалари учун бундай сумкалар мос келмаслигини билдиради.
Қути-сумка ва рюкзак билан вазият бутунлай бошқача. Бутун устки қисмига қўйилган пластик қўшимчалар туфайли қути-сумканинг корпуси жуда қаттиқ бўлади. Шу вақтнинг ўзида юмшоқ рюкзакнинг фақат орқа томонини қаттиқ қилиб ясашади. Қаттиқ корпус болалар гавдасига фойдали бўлгани учун ортопедлар кичик ёшдаги мактаб болаларига қути-сумка ёки қаттиқ рюкзак олишни тавсия қилишади.
Тасмаларига эътибор беринг
Бола учун сумканинг қулайлиги айнан тасмаларига боғлиқ. Энг қулай вариант — S-кўринишдаги, 6-7 см кенгликда бўлган, юмшоқ ва формада ушлаб турувчи елка тасмалари.
Орқаси ва тасмаларининг қопламаси тўрли ҳаво ўтказувчан матодан қилинган бўлиши керак. Бу мактаб боласининг орқасини иссиқ об-ҳавода терлаб кетишидан сақлайди.
Сумканинг оғирлиги қанча бўлиши керак?
Бўш сумканинг энг мақбул оғирлиги 1 кг гача, тўлдирилган сумканинг йўл қўйиладиган оғирлиги эса – бола танаси массасининг 10—12 фоизидан ошмаслиги керак.
Мактаб боласининг ёшига қараб тўлдирилган сумканинг оғирлик кўрсаткичлари тахминан шундай бўлади:
- 6—8 ёш — 2 кг гача,
- 9—13 ёш — 3 кг гача,
- 14 ёш — 5 кг гача,
- 15—16 ёш — 6 кг гача.
Манба: Daryo.uz