Биласизми?

Муддатидан олдин (чала) туғилган бола

Боланинг она қорнида ривожланиш даври 38-40 ҳафта давом этади. Ҳомила ташқи муҳит таъсиридан онанинг организмида ҳимояланади ва она организми орқали ҳаёт учун муҳим бўлган озуқа олади ва тўлиқ ривожланади. Нормада бола ҳомиладорликнинг охирига келиб туғилиши лозим. Бу муддатда унинг барча органлари ташқи муҳитда бемалол фаолият кўрсата олади. Агар бола муддатидан олдин туғилиб қолса, у ҳолда у шифохонада махсус назорат остига олинади.

Муддатидан олдин туғилган болаларнинг 4 даражаси мавжуд:

1-даража: 35-37 ҳафта оралиғида туғилган - вазни 2100-2500 гр;

2-даража: 32-34 ҳафта оралиғида туғилган - вазни 1501-2000 гр;

3-даража: 29-31 ҳафта оралиғидатуғилган - вазни 1001-1500 гр;

4-даража: 29 ҳафтадан олдинроқ туғилган - вазни 1000 гр дан кам.

Ўттиз беш ҳафтадан кейин туғилган болалар одатда тез вазн ошириб муддатида туғилган тенгдошларига етиб оладилар. Одатда бундай чақлоқларда патологик касалликлар мавжуд бўлмаса, уларни шифохонадан 1-2 ҳафта ичида чиқариб юборишади.

Вазни 1500 грдан ошган болаларнинг ўпкаси ташқи муҳитда фаолият кўрсатишга тайёр бўлмагани туфайли улар бошида махсус нафас олиш аппаратига боғланган бўладилар ва бундай болаларда иссиқлик терморегулятсияси ривожланмаганлиги туфайли улар ҳарорати ташқи муҳитдан кўра иссиқроқ бўлган махсус пластик ётоқ (кювет) ичида ётадилар. Чала туғилганлик даражаси 2 бўлган болаларнинг вазни 2500 гр ни ташкил қилганда шифохонадан чиқариб юборишади. Учинчи даражада чала туғилган болаларга бўлган аҳамият бироз юқорироқ бўлиши керак. Чунки бу болаларнинг ўпкадан ташқари бошқа органлари ҳам жуда заиф бўлади. Уларнинг юрак уриши ва қон босими доимий равишда кузатилиб туриши лозим. Ундан ташқари чала туғилган болалар қонида эритротситлар (қон яратувчи моддалар) сони камлиги ва уларнинг тез нобуд бўлиши туфайли бу болаларга қон қуйиш талаб этилиши мумкин.

Вазни 1000гр дан кам бўлган болаларни яшаб кетиши учун шифохонада уларни жиддий назорат остида сақлашади. Бу болаларнинг органлари жуда заиф бўлгани учун уларга чала туғилган болалар орасида энг катта аҳамият талаб этилади. (Ўзбекистонда бундай болаларнинг яшаб кетиш эҳтимоли катта эмас, ривожланган мамлакатларда вазни 500гр дан ошган деярли барча чақалоқлар яшаб кетади).

Ҳаётининг ҳар бир куни бундай тоифадаги болаларда катта бир ютуқ.

Уларни яшаб кетиши учун шифохонада барча анжом ва дори воситалари мавжуд бўлиши керак. Бу болалар ҳаётининг биринчи 6 ҳафтаси жуда оғир бўлади. Шу оралиқда боланинг айрим органлари ишдан чиқиши ёки ошқозон ичак тизими, қон айланиш тизими панд бериб қўйиши мумкин. Шунда шифокорларнинг вақтида амалга оширган муолажалари боланинг ҳаётини асраб қолишга ёрдам беради. Чала туғилган болаларнинг иммунитети умуман ривожланмаганлиги туфайли уларни инфексиядан жиддий асраш лозим. Чала туғилганлик даражаси 1 ва 2 бўлган болаларни кўкрак сути билан овқатлантириш жуда фойдали. Айрим ҳолларда 3-4 даражада туғилган болаларга ҳам оз-оздан кўкрак сути (махсус шприц орқали) берилади.

Дунё олимларининг тадқиқотлари кўрсатишича, чала туғилган болаларни яшаб кетишида қуйидагилар жуда катта аҳамият касб этади:

1. Онанинг овози. Кун мобайнида она барвақт туғилган боласини ёнида унга қўшиқ айтиб, алла айтиб, у билан суҳбатлашмоғи лозим.

2. Ўйинчоқлар. Чала туғилган болаларнинг кўзи деярли очилмайди. Шунга қарамасдан бола атрофида ранг-баранг қизиқарли ўйинчоқлар мавжудлиги унинг саломатлигига ижобий таъсир кўрсатиши аниқланган.

3. Болани "кенгуру" қилиб кўтариш. Яъни бола танаси онанинг бадани билан бирга бўлиши жуда муҳим. Болани шифокор назорати остида кювесдан олиб онанинг кўкраклари орасига жойлаштириб ётиш лозим. Шу ҳаракат орқали, биринчидан, боланинг тери она териси билан контактда бўлади, иккинчидан, онанинг нафас олишини ҳис қилаётган бола бирга нафас олиб, нафас олиш тизими ривожланади. "Кенгуру" қилиш барвақт туғилган болаларни парвариш қилишда энг муҳим муолажа десак адашмаймиз.

4. Болага ҳар куни у нақадар севимли ва керакли эканлиги ҳақида айтиш лозим. Онанинг меҳрини сезган бола онаси учун ҳам яшаб кетади.

5. Болани стерил қўллар билан силаш шаклидаги массаж қилиш жуда муҳим. Агар силашни айнан онаси амалга оширса, унинг фойдаси икки баробар кучли бўлади.

6. Оллоҳга тиловат қилиш.

Манба:Uzbaby.uz