Ўсмирларнинг ўтиш даври ҳақида, ҳар ҳолда илмий ва илмий оммабоп адабиётлар ўз тилимизда ва айниқса бошқа тилларда бўлса ҳам анчагина топилади. Бу жараён кенг ёритилган ва ёритилиб туради, деса бўлади. Аммо, ўтиш даври ботиний бир ҳолда ўсмирнинг ҳаётида яна бир неча йил давом этишини унутмаслик керак. Бу даврни илк йигитлик ёки қиз болаларда бўй етиш даври деб атаса бўлади. Одатда, амалда ҳам шундай бўлади, уларга катталар томонидан муомала ҳам сезиларли ўзгариб қолади ва буни уларнинг ўзлари ҳам тезгина англаб олишади.
Илк балоғат йиллари ўсмирларда 14-17 ёшларни ташкил қилади. Оиладаги бу ёшлар оила руҳий муҳитини энди жиддий танг ҳолатларга келтирмайди, аммо ҳали-ҳали ўзларини кичкиналикдан чиқаролмай, баъзан қилиқларидаги номутаносиблик, номунтазамлик, баъзан бўладиган унчалик ўринли бўлмаган мулоҳазалари билан ҳар хил кайфиятлар келтириб чақариши мумкин.
Аммо, тез орада йигитларнинг мулоҳазакорлиги ошади, ўзларини оиланинг тенг аъзосидай кўрсатишлари тез-тез учраб туради ва улар ўзларини шундай тутишга ўрганиб борса, қиз болалар бошқача, ўзларининг катта бўлиб қолганликларини энди кўпроқ кўз-кўз қилмасликка ҳаракат қилишлари билан ажралиб туради. қиз болаларнинг хулқидаги бу ҳолни она табиатнинг сирларидан ва жамиятнинг урф одатларидан, деб тушунса мумкин. Чунки, қиз бола бўй етган сари уни тезроқ бирон жойга бериб юбориш ҳоллари уларни ҳушёр қилса керак-да.
Тез орада оилавий суҳбатларда йигитлар босиқлик, мулоҳазакорлик билан гапга аралашадиган бўлиб қолсалар, қиз болалар, аксинча бундай суҳбатлардан ўзларини тортиб, аралашмаслик ҳоллари кўпроқ учрайди. Ўғил болалар эса оилавий жиддий суҳбатда ўз фикрини билдиришга ҳаракат қилади. Қиз болалар бундай жиддий суҳбатлар бошланганда ўзининг «жиддий» ишларини баҳона қилиб ошхонага бирон нарса ювиш ёки уй хоналарини саранжом қилишга туриб кетишга уриниб қолади.
Бу ўринда баъзи қизларнинг бундай жиддий ҳангомаларга атайлаб аралашишлари, ўз фикрларини айтишлари уларда кейинчалик тантиқликнинг авжли ривожланишига сабаб бўлиши мумкин. Бундай ҳол эса бизнинг Шарқ аёллари, Шарқнинг иболи бекалари хусусиятидан кейинги юз йиллар ичида айниқса, ўтган асрнинг эллигинчи йилларидан кейинги даврда авжга чиққан социализм таъсири остида анчагина кучайди, аммо унинг бизга тўғри келмаслигини тарихнинг ўзи ҳам кўрсатди. Шарқ аёли жамиятда ўзининг ғолиблигини ибоси билан исботлашини ҳаммамиз биламиз. Худди ана шу ҳол оилада ҳам устун бўлсагина оилавий муҳит ҳақиқий шарқона кечади.
Оила руҳий муҳитига бўйи етаётган қизларнинг мана шундай жиддий гаплардан ўзини тийиши ота-онани, айниқса отани ҳам хушёрлаштиради. У энди ҳар хил ҳангомаларни қизининг олдида бошлаши керак эмаслигини тушуна боради.
Оила бошлиғи Содиқ ака кечадан бери ҳамёстиғи Манзура ая билан бошланган суҳбатнинг охирига етмай, бугун бозор куни бўлганидан кечроқ бошланган нонуштада яна ўртоғи Турсуннинг келин тўйидан гап очди. Кейинги ойлардаги харажатларнинг кўпайгани, тўйларнинг ҳозирги қийинчиликларга қарамасдан дабдабали бўлиб бораёигани ўртага ташланди. Аммо, нима бўлганда ҳам тўйга борилиши ва арзигулик совға олиниши аниқ эди. Гапга тўсатдан оиланинг ўртанчи ўғли, техникум талабаси Жаҳонгир аралашди: мен стипендиямни олдим, ҳозирча ўзимга етиб турар, ойим айтган кўйлак шимни олишни, майли, кейинроққа қолдира қолайлик.
Содиқ ака ўғлининг бундай мулоҳазали гапидан хурсанд бўлиб дилида илиқ туйғу билан ялт этиб унга ва кейин хотини Манзура аяга қаради. Шу пайтда бўй етиб келаётган қизи Мунавварнинг ўнинчи синфни битираётгани, онаси орқали мактабни битириш байрамига янги либос сўраб юргани эсига тушди. Бу тўғрида Содиқ ака ва Манзура ая анчадан бери гаплашади, ҳар ҳолда қизи Мунаввар янги либоссиз қолмайди. Аммо ҳозир қизининг, менга бари бир янги кўйлак олиб берасиз, тикдиришга улгуришим керак, демасдан секингина ошхонага чиқиб кетиши, масалани фақат онаси орқали айтиб юрганлиги оила бошлиғига алоҳида бир қувонч берди. Содиқ аканинг қизи Мунавварга меҳри яна бир қадар ортди ва кўйлакнинг ўйлагандан ҳам яхшироғидан олишни кўнглига тугиб қўйди.
Қизининг босиқлиги, ҳар нарсага тантиқлик қилиб аралашавермаслиги, ўзига зарур нарсаларни баъзангина ўзи, кўпчилик ҳоллрда эса фақат онаси орқали ҳал қилишлари Содиқ акага ёқар эди. Чунки қизи Мунаввар биринчи фарзанди, яқин вақтларгача эркатой бўлиб ўсган, илгарилари ўзига керак нарсани дадаси билан бемалол гаплашар ва сўраб олар эди. Аммо бўй етган сари иболи, босиқ камгап бўлиб етилаётганидан ота бениҳоя мамнун эди.
Қиз бола дарахтдаги олма экан, узоқдан уни ҳамма кўраверади. Аҳён-аҳёнда совчи бўлмаса ҳам, онаси Манзура ая орқали айтилаётган баъзи гаплар Содиқ аканинг ҳам қулоғига етиб туради, ҳар ҳолда.
Шу ўйлар билан бўлиб Содиқ ака ўн бир яшар қизи Лолага қараб турган эди, у бирдан, дада менга қачон «жўжапат» кўйлак олиб берасиз, деб қолди. Энг кичкина фарзанди, эркатойи Лолани Содиқ ака алоҳида яхши кўради. Унинг ҳар хил илтимосларига йўқ дейолмайди.
Бир мутафаккир оилада тарбия ҳақида гапириб «оилада бола эмас, кичкина имкониятли, кичкина жисмли ва ҳаёт тажрибаси кам инсон сиз билан бирга яшайди, шуни ҳисобга олсангиз бас», деган экан.
Эътибор берган бўлсангиз, бизнинг суҳбатларимиз асосан оиладаги у ёки бу сабабларга кўра оилавий руҳий муҳит ва унинг яхшиланиш ёки ёмонлашиб бориши сабабларини ёритишга қаратилган. Шу билан бирга айтиш керакки, оиладаги ўсмирларнинг хулқи, уларнинг ёш хусусиятларини ҳисобга олиб муомала қилишдек катта бир санъат қайси оилада бор бўлса, ўша оилада руҳий муҳит мўътадил бўлиши тайин гап.
Ҳозиргина биз юқорида мисол қилиб келтирган Содиқ аканинг оиласида мутафаккирнинг сўзларидаги болалар эмас, жисмонан, маънан, ақлан ҳаётга тайёрланиб келаётган кичкинтой кишилар мавжуд ва уларга шу ҳолатлар инобатга олинган ҳолда муомала қилинади. Аммо уларнинг ҳали ҳаётий тажрибалари камлиги кўриниб турипти. Буни эса Содиқ ака билади ва шуларни ҳисобга олган ҳолда ўз фарзандлари билан муомала қилади, шунинг учун ҳам уларнинг оиласида руҳий муҳит доимо мўътадил, соғлом.
Биз мисол қилиб келтирган Содиқ акага ўхшаганлар эндиги кунда ўз болалари билан фақат катталарга бўладиган нисбат билан муомала қилишади деган умид билан ушбу фикрларни ёзмоқдамиз.
Ҳаёт ташвишлари кўплигидан, айниқса, ўз болаларимизни ҳар куни кўриб юрганлигимиздан улар бизга доимо кичкина кўринади. Биз катталар эса айнан мана шу, болаларимизнинг каттариб қолганлдигини сезмаётганлигимиздан кўпинча оилавий руҳий муҳитимиз панд ейди, ўзимиз кўп хафақонликлар орттирамиз, болаларимиз биздан йироқлашиб боради, бунинг сабабларини тушунолмай кўп ўйланамиз. Тушуниб етганимизда эса кўпинча вақт ўтган, ғишт қолипдан кўчган бўлиб қолади.
Ёшлар етилиб, ҳаётий тажрибалари ортган сари она табиат сабоғини қалбларига жо қилиб, қиз болалар она томон, ўғил болалар ҳам она ва ота томон яқинлашиб бораверади. Биз катталарга эса улар ҳар доим кичкина бўлиб кўрингани кўринган. Шунинг учун ҳам халқ орасида мана шундай бир ўгит масал юради.
Бир йигит вояга етиб уйланипти, болали бўлипти, аммо уни онаси доимо ҳали жуда кичкинадай авайлар экан. Бу ҳол йигитга ёқмас, ҳатто эриш туюлар ва охирги пайтларда ғашини ҳам келтирадиган бўлипти.
Бир куни йигит иссиқ жазирама офтобда лой қориб, туш бўлишига қарамасдан ҳали вери уйга киравермапти. Онасининг «болам, иссиқ ўтиб кетди, энди ишларингни тугатиб уйга кирақол, офтоб қайтганда тугатарсан», деган гапларига писанд қилмай ишларини давом эттираверипти. Бир неча бор айтгандан кейин она боласига ичи ачиб нима қилишини билмасдан, охири боласининг боласи, неварасини кўтариб ҳовлига чиқипти. Шунда бироздан кейин онанинг лой қориётган боласи онасига ёлвориб, «она неварангизни уйга киритсангизчи, унинг бошидан офтоб ўтиб кетди», деса, унга онаси «сен болангнинг бошидан офтоб ўтиб кетганини жуда тез кўрдинг, мен эса қанча вақтдан бери ичим ачиб боламни уйга киритолмаяпман», деб жавоб қилган экан.
Бир кун хуноб бўлдим фарзандлар сабаб,
Алар қилмишидан бағримдир кабоб,
Ўйлаб ҳам кўрмабман қачондир мен ҳам,
Кимнингдир кўксини қилганман селоб.
Бу мисолни биз она ва оталарнинг болалар кўзларига қанчалик кичкина кўринишлари учунгина мисол қилиб кўрсатдик. аммо муомалада биз болаларимизга катталардек мурожаат этмасак, бир биримизни тушунишимиз қийин бўлади ва бу ўз навбатида оилавий руҳий муҳитга жиддий таъсир қилади, шуни унутмаслигимиз керак.
Мен болам деганда болам дер болам
Нақадар бағри тош бўлмасанг болам,
Тинмайин чопасан офтоб остида.
Мана кулча берди энг суйган холанг,
қорнинг ҳам айланган пиёз пўстига.
Нақадар бағри тош бўлмасанг болам,
Куз-кузак ёмғири ўтиб кетдия.
Жиққа ҳўл чопонинг кўксимда бир ғам,
Ором бер жонингга, бу менга ҳадя.
Нақадар бағри тош бўлмасанг болам,
қишнинг чилласида музда тоясан.
қувончинг сиғмайди – тордир бу олам,
Совқотдинг десам ҳам кулиб қўясан.
Нақадар бағри тош бўлмасанг болам,
Гул териб қайларга кетиб борасан.
Тунлари ухламай йўлингни кутсам,
«Нега кутасиз» деб танбеҳ берасан.
Нақадар кўнгли бўш бўлмасанг болам,
Тўрт оёқ тобутга тармашмагин, қўй.
Ўз боланг ёнингда чопар бош яланг,
Чақиргин дўпписин тез кийдириб қўй.
Аслида бағри тош ҳаётнинг ўзи,
Ота-она меҳрин айтолмас қалам.
Ўткинчи дунё бу, ўтганлар сўзи,
Мен болам деганда болам дер болам.
Манба: Tafsilot.Uz