Биласизми?

Ўсмирлик даври муаммолари: «Ўғлим пул ўғирлайди, қизим йигитлар билан гаплашади, нима қилай?»

Аёл ҳаётидаги энг юксак бахтнинг номи ОНАЛИК деб аталса керак. Кимгадир бу бахт ўзи ҳам кутмаган пайтда насиб этади, кимдир уни ўнгию тушида орзу қилади. Бу бахтга эришишнинг ўзинигина ютуқ дейиш унчалик ўринли бўлмас, ҳамма гап дунёга келтирган дилбандига қандай тарбия беришда. Чунки аёлнинг она бўлгандан кейинги ҳаёти то сўнгги нафасигача ўзидан кўра фарзандига аталган бўлишини бир умр болам деб яшайдиган ўзбек аёллари яхши билишади. Умр шомида меҳнатлари ўзи кутган натижани бермаганидан афсус билан бош чайқамаслик учун ҳам тарбиянинг қанчалик нозик «юмуш»лигини ҳамиша эсда тутиш талаб этади. Ҳадиси шарифда ҳам «ота-оналар фарзандларига яхши тарбиядан ортиқ ҳадя қилолмайдилар», деб бежиз айтилмаган. Бизга қўнғироқ қилиб, фарзанд тарбияси борасида маслаҳат сўраган мухлисларимизнинг мурожаати ҳам буни яққол исботлайди. Маслаҳатларни руҳшунос Зулайҳо РАСУЛОВА беради.

Она ва ўғил бола тарбияси

— Ўғлим 14 ёшга кирди. Ҳар бир гапимга киради, фақат… ўғирлик қиладиган одат чиқарган. Яқинда қўшнимникидан 58.000 сўм ўғирлаб чиқибди. «Нега ўғирладинг?» деб сўрасам, «ўғли жаҳлимни чиқарди, шундай қилиб аламимни олдим», дейди. Уришсам, индамай туради, урай десам, катта бўлиб қолди. Дўстона гапирсам, қулоқ солади. Бу одатини ташлармикан деб, қизиқишидан келиб чиқиб, мусиқа тўгарагига бердим. Қандай йўл тутишга ҳам ҳайронман. «Агар яна ўғирлик қилсанг, умуман мусиқа билан шуғулланмайсан», деб қўрқитдим. Балки дадаси узоқдалиги учун (хорижга кетган) тарбиясига ожизлик қилаяпманми, деб ўйлаб қоламан…

Дилфуза, 35 ёшда, Андижон вилоятидан

— Аввало бу одат пайдо бўлишига нима сабаб бўлганини билиш муҳим. Баъзида болакай ота-онаси етарлича эътибор бермаганда ёки улар болага пул бермагани учун ўзини тенгдошларидан ортга қолгандай ҳис қилганда (масалан, бирида телефон бор-у, бунда йўқ ёки бошқалардай кийинмаса) шундай йўл тутади. Булар ўсмир бола учун жуда муҳим. Шунинг учун бу ўринда фақатгина болани айблаш тўғри эмас. Ўзингизнинг унга муносабатингиз қай даражадалиги ҳақида ҳам ўйлаб кўринг. Чунки бола «ота-онам менга пул бермаяптими, демак, яхши кўрмайди, эътибор қаратмаяптими, демак, мени тушунмайди», деган фикрга келиб қолиши мумкин. Шунинг учун фарзандингиздан нима учун бундай йўл тутаётганини ётиғи билан сўраб, дўстона гаплашиб олинг. Чунки у билан гаплашмасдан туриб, жазолайверсангиз, вазият баттар чигаллашиши, бола энди сизга умуман ҳеч нима айтмай қўйиши мумкин. Лекин ўзида бўлмагани учун пул ўғирламасин деб кўп пул бериш ҳам ярамайди. Доим ёнида пул бўладиган, уларни осонгина совурадиган ўсмирлар атрофида ҳар доим ҳам «яхши дўстлар» жам бўлавермайди. Буни фарзандингизга тушунтиринг, ҳақиқий дўстларинг учун чўнтагингда қанча пул борлиги муҳим эмас денг. Пул ўғирлашнинг охири вой бўлишини, ҳамма ўғри деб чақиришини, бунинг қонунан жавобгарлиги борлигини тушунтириб қўйинг. Хуллас, аввало вазият сабабини ўрганинг. Нега бундай қилгани, унга нима етишмаётганини сўранг. Фақат жуда эҳтиёткор бўлинг, чунки фарзандингиз келажакда ким бўлиб улғайиши сизга боғлиқ. Жазоламоқчи бўлсангиз, аввало ўғирликни ростдан ҳам у қилганига амин бўлинг. Унутманг, ёнингизда жиноятчи-ўғри эмас, бола турибди. Ҳукм чиқариш ва жазолашга шошсангиз, боланинг келажагини бузасиз, ўзига ишончини йўқотасиз.

Бола бу ўғирлик сизни қанчалик ранжитишини тушунишига имкон беринг, лекин воқеани «жиноят», «ўғрилик», «киссавурлик» деб атаманг. Туйғуларингизни айтиб, сирлашинг, муаммонинг ечимини биргалашиб изланг. Фақат унутманг, ечим — сизнинг буйруғингиз эмас, ҳамкорликдаги қарор бўлиши керак.

Қўшнингиздан олган пулни зудлик билан эгасига қайтариш кераклигини айтинг, аммо буни бир ўзига қолдирманг. Бу уни баттар ёмон аҳволга солади ва кейинги гал ўғирлаганини сиздан имкон қадар бекитишга ҳаракат қилаверади. Фақат у билан бирга боринг. Шунда бола ҳар бир инсон қўллаб-қувватланиш ҳуқуқига эгалигини тушунади.

Боланинг кимлар билан дўстлигига ҳам аҳамият беринг. Чунки баъзан бола атрофидаги дўстлари қилган ишга қизиқиб, ўзида такрорлаб кўради.

Ўз муаммоларингизни айтиб, ундан ёрдам тариқасида фикр сўранг. Чунки ўсмир ёшда бола ўзини катталардек ҳис қилади ва атрофдагилардан ҳам шундай муносабат кутади. Ўғлингиз дилидагиларни очганидан кейин унинг муаммолари ҳақида гаплашишга ҳаракат қилинг.

Қизиқишидан келиб чиқиб мусиқа тўгарагига берганингиз тўғри йўл. Яна нималарга қизиқишини билишга ҳаракат қилинг ва унинг бўш вақти кўп бўлмаслигини таъминланг.

Ўсмир қиз гапга кирмаса…

— 16 ёшли қизим бор. Ёши улғайгани сари гап уқтириш қийин бўлиб бораяпти. Кийимга жуда ўч, қўлидан, тўғрироғи, қулоғидан телефон тушмайди. Йигитлар билан гаплашаётганини сезаман. Уришсам, гап қайтарадиган одат чиқарган. «Сиз тушунмайсиз, ойи, булар ҳозир мода», дейди тағин. Отасидан бироз ҳайиққани учун ўзгариб қолганини айтсаммикан дейман-у, тўғриси, қўрқаман…

Назира, 40 ёшда, Навоий вилоятидан

— Қиз бола улғая боргани сари ҳамма нарсага, жумладан, инсонларнинг ўзини қандай тутиши, кийинишига ҳам эътибор қарата ва ўзини улар билан таққослай бошлайди. Шунингдек, ўсмирлик даврида ўзига атрофдагилар кўпроқ эътибор қаратишини исташади. Шунинг учун баъзи қизлар кийимга, бошқа дугоналарида бўлган буюмлар, масалан, телефон, тақинчоққа ўч бўлиб қолишади. Айримлари эса кичиклигидан кийимга ўта қизиқувчан бўлади. Бу онаси кичиклигида қизини чиройли кийинтиришга қизиққанидан янги либос кўп олиб берганига ҳам боғлиқ. Бу қизалоқнинг кийиниш борасидаги қарашларини кичиклигиданоқ шаклланишига туртки бўлган. Ўсмир ёшга бориб эса у мустақилликка кўпроқ интилади, кийим борасидаги кичиклигидаги хилма-хиллик камдай туюлаверади. Қолаверса, ўсмир қизлар ташқи таъсирларга ўта берилувчан бўлишади. Масалан, бирор тенгдоши янги кийим кийиб келса, унинг ҳам кийимларини янгилагиси келиб қолади. Ёки бирор дугонаси йигитлар билан гаплашса, унинг ҳам фикри шу томон йўналади. Қолаверса, ўсмир ёш жинсий етилиш жараёнига боғлиқлигини инобатга олганда, бу даврда қиз боланинг ўз ташқи кўринишига эътиборли бўлиб қолишини тушуниш мумкин. Қизингиз билан эҳтиёткорона гаплашинг. Уни тушунишга ҳаракат қилаётганингизни сезишига имкон беринг. Шунда у ҳам сизни тушунишга ҳаракат қилади. Қизингизнинг бўш вақти кўпга ўхшайди. Шунинг учун меҳнатга, уй ишларига кўпроқ жалб қилинг. Бирон бир тугаракларга ёздиринг. Қизиқишларидан фойдаланиб, бирор ҳунар ўргатинг. Ўзингизнинг ўсмирлик даврингиз ҳақида сўзлаб беринг, хатоларингизни ва уларнинг оқибатини айтинг.

«Сиз модани тушунмайсиз», деган гапини эса ўйлаб кўринг. Қизлар кичиклигида онасини ўзига намуна деб билади. Агар сиз ўзингизга, ташқи кўринишингизга эътиборли бўлсангиз, бу ибрат мактаби қизингиз ўсмир ёшига етганда ҳам давом этади. Яъни қизингизга ўзингиз намуна бўлишингиз керак.

«Болам тенгдошлари олдида мендан уялади…»

— 13 ёшли ўғлим мен билан бирга юришга уяладигандек туюлади. Бу менга жуда аламли таъсир қилаяпти. Ахир уни шунча қийналиб дунёга келтирдим, улғайтирдим, ўзимни бутунлай унга бағишладим… Энди эса дўстларининг олдида мен билан бирга кўринишни хоҳламайди. Нега бундай? Мен нима қилишим керак?

Дилбар, 36 ёш, Тошкент шаҳри

— Аввало шуни тушунишингиз керакки, ўсмирларнинг аксарияти ўзини катталардек тутишни, атрофдагилар ҳам унга катталардек муносабатда бўлишини исташади. Масалан, ўсмирни отаси ёки онаси билан бирга кўришса, гўёки у ўзини ҳалиям ёш боладай сезади. Ва атрофдагилар, айниқса дўстлари «ёш бола, ҳалиям онаси ёки отасига эргашиб юради», деб ўйлашларидан жуда уялади. Албатта, сизга бу ёқмаслиги табиий, аммо бунинг учун кўп ҳам асабийлашаверманг. Ёдда тутингки, фарзандингиздаги бу ҳолат вақтинчалик. Меҳрли муносабатларингиз бир неча йилдан кейин тикланади. Ўсмир ҳаётидаги энг мураккаб давр ҳам 13-14 ёшга тўғри келади. Айнан шу ёшда ўсмир назарида катталар унга босим ўтказаётгандай туюлади.

«Қизимдан хавотирдаман»

— Мен 15 ёшли қизимдан хавотирдаман. Унга қаттиқроқ гапиришга ҳам қўрқаман. Бир гал берухсат дугонасиникига кетиб, бизни хавотирга қўйганидан қаттиқ уришганимиз учун қўлини кесиб қўрқитганди. Салга асабийлашиб кетади. Ўшандан бери қаттиқроқ гапиришга ҳам қўрқамиз. У эса бундан фойдаланиб, кўнгли тусаган ишни қилади. Нима қилиш керак?

Гулхан, 42 ёшда, Самарқанд вилоятидан

  • Афсуски, ўсмирлар яхши гапдан кўра ёмонини тезроқ қабул қилади. Асабийлиги ҳам ўсмирлик даврига хос жиҳатлардан бири. У ҳозир ўзига нима бўлаётганини ўзи тушунмаяпти. Шунинг учун қизингиз билан муносабатда эҳтиёткор бўлишингиз керак. Фарзандингизнинг нималар билан бандлиги, телеэкран орқали қандай дастур ва фильмларни томоша қилаётгани, тенгдошлари билан муносабатини назардан четда қолдирманг. Ўз жонига қасд қилишдек инсон онгига салбий таъсир кўрсатадиган фильмларни томоша қилмаслигига аҳамиятли бўлинг. Қизингиз билан самимий суҳбатларни тез-тез ташкиллаштириб туринг. Уни қандай муаммолар қийнаётганини билишга ҳаракат қилинг. Ва ҳал қилиб бўлмайдиган вазиятнинг ўзи йўқлигини, ечим ҳамиша топилиши, фақат у ақлга таянилган бўлиши кераклигини, тирикликнинг ўзи бахт эканини тушунтиринг. Қизингизнинг асабийлигига сабр билан ёндашинг. Бу муаммолар сизга ҳам танишлиги, ўзингизнинг ҳам бошингиздан ўтгани, булар вақтинчалик ҳолат эканини тушунтиринг. Қизингизга у қандай бўлса, шундайлигича яхши кўришингизни намоён этинг. Шуни ҳам унутмангки, баъзи ўсмирлар ўзининг мустақил шахслигини исботлаш учун ҳам оила аъзолари айтган ишнинг тескарисини қилишади. Ота-оналар фарзанд ривожининг мазкур босқичи нормал ҳол эканини тушунишлари керак.

Ўсмирлар физиологияси

Қизларда 9-10, ўғил болаларда 11-12 ёшда ҳаётининг янги ва масъулиятли даври — ўсмирлик ёши бошланади.

Ўсмирлик ва ёшлик даврини баъзан бир ном билан аташ мумкин: жинсий етилиш даври. Бу йигитларда 18-19, қизларда 16-17 ёшда ниҳоясига етади.

10 ёшда ўғил ва қиз болаларнинг жисмоний ривожланиши деярли бир хил бўлади. 11 ёшда эса қизлар бўй (1,6 см.га) ва вазн (1,7 кг.га) жиҳатдан ўғил бола тенгдошларини ортда қолдиришади.

12 ёшда қизлар ҳар жиҳатдан ўғил болалардан ўзиб кетади. 13 ёшда эса бу фарқ яна-да катталашади. Бироқ 14 ёшда жисмоний ривожланишнинг барча кўрсаткичлари ўғил болаларда юқори бўлади. Бу тафовут шу билан боғлиқки, қизлар ўсмирлик даврига ўғил болалардан 2 йил олдин қадам қўяди, уларда бўй ва вазн сезиларли даражада «сакрайди». Қизларда бу жараён 10,5 дан 13 ёшгача, ўғил болаларда эса 12,5 дан 15 ёшгача бўлган вақт оралиғида кузатилади. Жинсий етуклик эса қизларда 12,5-13, ўғил болаларда эса 14-15 ёшда намоён бўлади.

Ўсмирларда юрак тез ўсади. 10 дан 16 ёшгача юрак вазни икки баравар ошади, ҳажми эса деярли 2,4 марта катталашади. Юрак мушаклари ҳам ўзгаради, қисқарганда катта миқдордаги қонни томирларга ҳайдашга қодир бўлади.

Юрак массасининг катталашиши эса баъзида бутун тана массасининг ошишидан орқада қолади. Шунинг учун ҳам гоҳида ўсмир йигит-қизлар ҳолсизлик, енгил чарчоқ (айниқса жисмоний зўриқишлардан кейин), исиб кетганда ёки тана ҳолатини бирдан ўзгартирганда ҳушдан кетишга мойиллик кузатилади.

Бўй ва юрак ўлчамлари бир-бирига мос келмаслигига боғлиқ юрак заифлиги аломатлари юзага келганда айрим ота-оналар бу ҳолни юрак касаллиги сифатида баҳолаб, ўғли ёки қизини ҳар қандай жисмоний ишлардан чегаралайди, авайлайди. Аслида эса бу катта хато. Ўсмир организмининг бу юқори талаб ва эҳтиёжи учун жисмоний машқлар, спорт ва меҳнат — ягона «дори».

Нилуфар тайёрлади

Манба: Darakchi.uz