Ўзбекистонда 3-4 ёшдаги болаларнинг 46 фоизи ўз оталари билан ўйнаш имконидан маҳрумдир, деб баёнот қилди ЮНИСЕФ. Sof.uz шу ҳақда ёзмоқда.
Ҳужжатда қайд этилишича, дунёнинг 74 та давлатида 3-4 ёшдаги болаларнинг тенг ярмидан кўпи, бу эса 40 миллион болакайлар демакдир, ота эътиборидан маҳрум.
Бу давлатларда оталар ўз болалари билан камдан-кам ўйнашади, баъзида эса, кичкинтойларни умуман эътиборсиз қолдиришади. "Бу вақтда эса, айнан шу ёшда ота ўз фарзандининг ақлий ривожланишида муҳим рол ўйнайди", дейилади ЮНИСЕФ баёнотида.
БМТ янгиликлар маркази хабарига кўра, ўтказилган тадқиқотлар натижасида, Беларусияда кичкинтойларнинг 32%и, Украинада — 29%и, Грузияда — 40%и, Қозоғистонда — 49%и ота эътиборидан маҳрумлиги аниқланган.
Баёнотда айтилишича, айнан 3-4 ёш инқироз даври бўлиб, болалар бу вақтда ҳам она, ҳам ота меҳрига ташна бўладилар. Уларни бу вақтда тўғри овқатлантириш, муҳаббат, стресс ва зўравонликдан ҳимоя қилинишга муҳтож бўлар экан.
Шунингдек, биринчи минг кунликда бола мияси улкан темпда ривожланиши — ҳар бир сонияда унда мингга яқин бирикмалар пайдо бўлиши айтилган. Бу бирикмалар боланинг келажакдаги ҳаётида фикрлаш аппарати имкониятларини таъминлаш учун жавоб бераркан.
"Юқоридаги рақамлар оталар ўз фарзандлари ҳаётининг илк босқичларида улар ривожланишида ҳамиша ҳам фаол роль ўйнамасликларини кўрсатмоқда", — деган ЮНИСЕФ вакили Лоуренс Ченди.
Ченди ота ва боланинг бирга ўйнаши учун мавжуд бўлган барча тўсиқларни енгиб ўтишга ва кичкинтойларга кўпроқ эътибор беришни, уларни яхши кўришни, улар билан ўйнашни, уларга эртак ўқишни, турли ҳикоялар айтиб беришни, улар билан бирга куйлаб, расм чизишга чақирган.