Биласизми?

Ўзбекистонда боғча тарбиячилари ОТМларда бепул қайта тайёргарликдан ўтмоқда

Ўзбекистоннинг барча вилоятларидаги педагогика олий ўқув юртларида бепул қайта тайёрлаш курслари ўз фаолиятини бошлади, деб хабар қилди мактабгача таълим вазирлиги ўзининг Фейсбукдаги саҳифасида.

Ўзбекистон президенти Шавкат Мирзиёев жорий йил 14 февраль куни ўтказган видеоселектор йиғилишида мактабгача таълим муассасалари тарбиячиларининг савияси, билими ва кўникмалари масаласига алоҳида эътибор қаратган эди. Тизимда фаолият юритаётган қарийб 60 минг тарбиячининг атиги 21 %и олий маълумотли, 79 %и эса ўрта махсус маълумотга эга экани қайд этилганди.

"Болалар тарбияси жараёнига ўз ишини пухта биладиган, малакали ва ҳар бир болага индивидуал ёндаша оладиган педагог-кадрларни жалб қилган ҳолда, уларни гўдаклигидан онги ва тафаккурини тўғри шакллантириб бормасак, келажакда юксак савия, билим ва маънавиятга эга бўлган баркамол авлодни тарбиялаш қийин бўлади", деган эди давлат раҳбари.

Бу борадаги ўрганишлар натижасида келгуси 3 йилда мактабгача таълим тизимида 47 минг 300 дан зиёд олий маълумотли педагог кадрлар, жумладан, 28 минг 300 нафар тарбиячи, дефектолог, психолог, мусиқа раҳбарига эҳтиёж пайдо бўлиши аниқланган. Шу боис, жорий йил март ойидан бошлаб, вилоятлардаги университет ва педагогика институтлари базасида боғчаларнинг педагог ва номутахассис кадрлари учун ярим йиллик ўқув дастурлари асосида қайта тайёрлаш курслари ташкил этилиши белгиланганди.

Бугун Низомий номидаги Тошкент давлат педагогика университетида мактабгача таълим муассасаларини юқори малакали дефектолог (логопед), амалий психология ва мактабгача таълим муассасаси тарбиячиси қайта тайёрлов курсларига қабул қилинган илк тингловичлар учун ўқув машғулотлари бошланди.

Таъкидлаш лозимки, Университетда ўқув машғулотлари замонавий педагогоик, мултиммедиа ва ахборот-коммуникация технологиялари ҳамда илғор хорижий тажрибалардан кенг фойдаланган ҳолда ташкил этилиб, барча аудиториялар зомоновий онлайн маърузалар ускуналари билан таъминланган.

Мазкур қайта тайёрлов курсига Тошкент шахар Мактабгача таълим бош бошқармаси томонидан 816 нафар олий маълумотли талабгорлар жалб этилди, деб таъкидланган хабарда.

Шунингдек, бугун республиканинг барча вилоятлардаги университет ва педагогика институтлари базасида боғчаларнинг педагог ва номутахассис кадрлари учун бепул қайта тайёрлаш курслари минглаб тингловчиларни қабул қилди.