Биласизми?

Ўзбекистонда интернатларни қўллаб-қувватловчи фонд ташкил этилади

Вазирлар Маҳкамасининг қарори билан Ўзбекистонда «Мурувват» ва «Саховат» уйларини қўллаб-қувватлаш фонди ташкил этилиши белгиланди. Бу ҳақда UzNews'га асосланиб, Daryo.uz хабар бермоқда.

Фонд маблағлари хайрия маблағлари, техник кўмак маблағлари (грантлар) ва бошқа тақиқланмаган маблағлар ҳисобидан шакллантирилади. Улар «Мурувват» ва «Саховат» интернат-уйларининг моддий-техник базасини мустаҳкамлаш ва ривожлантиришга йўналтирилади.

Шунингдек, «Мурувват» ва «Саховат» уйлари ўзлари юридик шахс очмай ташкил этадиган соғломлаштириш цехлари, устахоналар ва бошқа хўжаликлардан тушадиган маблағларни ишлаб чиқариш харажатлари тўлиқ қопланганидан сўнг шу мақсадда ишлатиши мумкин бўлади.

Ҳужжатда «Мурувват» ва «Саховат» уйларини қўллаб-қувватлаш бўйича Республика васийлик кенгаши тузилиши кўзда тутилган.

Қорақалпоғистонда, вилоятларда ва пойтахтда ҳудудий васийлик кенгашлари тузилади. Уларнинг асосий вазифаси ногиронлар ва кексаларни ижтимоий қўллаб-қувватлаш бўйича давлат дастурларини ишлаб чиқиш ва амалга оширишдир.

Республика васийлик кенгашининг таркиби бош вазир томонидан, ҳудудий кенгашлар таркиби эса Қорақалпоғистон Вазирлар Кенгаши раиси ҳамда тегишли ҳокимлар томонидан Республика васийлик кенгаши билан келишилган ҳолда тасдиқланади.