АҚШда юз берган Фуқаролар уруши кўп оилаларга етказган қийинчиликлар қаторида Доддлар оиласини ҳам Арканзасдан Вашингтонга кўчиб ўтишга мажбур қилади. Бу урушнинг охири кўринмас, Сонора Додд эса ҳарбий хизматда бўлган отасидан хавотирда яшарди. Кулфат қўша келади, деганидек, Соноранинг онаси олтинчи фарзандини дунёга келтириб, жон таслим қилди.
Беш нафар ўғилни вояга етказиш, ҳали вояга етмаган 16 ёшли Соноранинг зиммасида қолганди. Марказий Методист Епископлигида «Оналар куни» нишонланганидан хабар топган болалар бир хўрсинди-да, тақдирга тан бериб, черков жойлашган кўчадан маъюс ўтиб кетишди. Шундай қилиб, Сонора укалари ва барча онасиз улғаяётган, лекин отасининг меҳридан баҳраманд болалар ҳақи ҳурмати «Оталар куни»ни нишонлашни талаб қила бошлайди. Ва шундай бўлди ҳам!
1910 йил 19 июнь куни биринчи «Оталар куни» расман байрам сифатида эътироф этилди. Жаҳоннинг кўплаб давлатларида ҳар йили июнь ойининг учинчи якшанба куни «Оталар куни» сифатида нишонланади. Бугунги кунга келиб, оталарни қадрлаб ўтказилаётган байрам тарихий аҳамиятидан бироз чекиниб, фарзандлар ва ота муносабатини яқинлаштиришни кўзлайди. Одатда, шу куни оталар фарзандлари билан кун давомида бирга бўлади. Таом тайёрлайди, сайрга чиқади, суҳбатлашади ва дўст сифатида маслаҳатларини аямайди. Фарзандлар ҳам отасини ўзи учун қайта кашф этади.
Технологиялар билан бойиб кетган замонамизда бу нақадар муҳим? Бу ҳақда Принстон университети тадқиқотчилари қуйидагича хулосага келишган.
1. Ота билан кўп вақт ўтказган болалар дадаси билан кам мулоқотда бўлган тенгдошига нисбатан соғлом бўлади. Отасиз улғаяётган 5000 нафар бола билан ўтказилган тажрибадан аён бўлдики, вояга етмаган ўсиб келаётган ёш организмда ДНК таркибида аҳамиятли бўлган теломер етишмаслиги кўп учрайди. Бу боланинг кўпинча стрессда юргани билан изоҳланди.
2. Уларнинг ақлий салоҳияти юқори. Доктор Наттлнинг таъкидлашича, отаси билан кўп вақт ўтказган болаларнинг келгуси 30 йилда ҳар қандай вазиятга мослашувчанлиги юқори бўлгани аниқланган. Бундай болалар атроф-муҳит ҳақида батафсил гапириб берган оталаридан кўп нарса ўрганишади.
3. Ўз жинсига нисбатан масъулият ва вазифаларини англайди.
Шу ўринда бир мулоҳазани ўртага ташласак. Балки Ўзбекистонда ҳам оилавий муҳитнинг ижобий ривожланишини қўллаб-қувватлаш мақсадида «Оталар куни»ни ташкил этиш зарурияти пайдо бўлгандир? Негаки, 2017 йилнинг ўзида Ўзбекистон бўйлаб, 31,9 мингта ажрашишлар рўйхатга олинган. Никоҳдан ажралувчиларнинг 18 ёшга тўлмаган фарзандлари 26,8 минг нафарни ташкил этади. Ҳеч кимга сир эмаски, шуларнинг орасида ёлғиз оталар ҳам, ота меҳридан узоқда қолаётган болалар ҳам мавжуд. Жамиятда уларни қўллаб-қувватлаш ва ўсиб-улғайиши учун барча шароитни яратиб бериш мақсадида биргина «Оталар куни»ни таъсис этиш ҳам катта ижтимоий ўзгаришларга сабаб бўлиши мумкин.
PS: Видео лавҳа сўнггида таржимасиз қолдирилган сўзлар шундай маъно англатади: «Боланинг келажаги ҳар қандай қурбонликдан афзал. Ҳаётда кўп яхшиликлар ортидан қув!»