Биласизми?

Ўзбекистоннинг 77,8 фоиз фуқароси оиланинг асосий мазмуни фарзандда деб билади

Мамлакатимиз фуқаролари оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оилани режалаштириш, репродуктив саломатликни ҳамда репродуктив ҳуқуқ кафолатларини таъминлаш каби жамият тараққиётининг муҳим жабҳаларида олиб борилаётган давлат стратегиясини қўллаб-қувватлайди. Шунинг баробарида 2014 — 2018 йилларга мўлжалланган аҳоли репродуктив саломатлиги, аёллар, болалар ва ўсмирлар соғлиғини сақлаш тизимини мустаҳкамлаш ва ривожлантириш Давлат дастури ижроси самарадорлигини оширишда, Ўзбекистон Республикасини ривожлантиришнинг бешта устувор йўналиши бўйича Ҳаракатлар стратегиясидаги айни йўналишга ­дахлдор мақсад ҳамда вазифаларни рўёбга чиқаришда ўз ҳиссаларини қўшишга тайёрдирлар.

“Ижтимоий фикр” жамоатчилик фикрини ўрганиш маркази томонидан “Фуқароларнинг репродуктив қарашлари, репродуктив саломатлик ва репродуктив ҳуқуқ тўғрисида жамоатчилик фикри” мавзуида ўтказилган сўров натижалари буни яна бир бор тасдиқлади. Айтиш жоизки, юртдошларимизнинг репродуктив саломатлик борасидаги қарашларида ижобий тенденция кузатилмоқда. Аксарият — 77,8 фоиз ­фуқароларнинг қайд этишича, оиланинг мазмуни ва бойлиги, бу — фарзандлардир. Сўровда қатнашганларнинг мутлақ кўпчилиги фарзандлари борлигини билдирган ва ҳар еттинчи оила тўрт нафар, ҳар ўнинчи оила беш ва ундан кўп болага эга.

2016 йилда юртимизда 726,8 минг нафар бола дунёга келди.

Ҳар бирининг ўз ўрни бор

Аҳамиятлиси, тадқиқот аҳоли турли қатлам вакилларининг оилада болалар мақбул сони ҳақидаги фикрларини аниқлаш имконини берди. “Нечта фарзандингиз бўлишини истардингиз ёки истаган бўлар эдингиз?” деган саволга респондентлар кўпроқ учта, камроқ ҳолда тўрт ёки иккита болали бўлиш хоҳишини билдиришди. Бунда 30 ёшгача бўлганлар оилада бола сони икки нафардан ошмаслигини мақбул ҳисоблашди, 30 ёшдан катталар эса кўпроқ уч фарзандли бўлишни хоҳлашади.

Дарвоқе, шаҳар аҳолиси, асосан, икки-уч боладан иборат оилани, қишлоқ жойларда яшовчилар эса тўрт-беш ва ундан кўпроқ болали оилани шакллантиришга мойил. Умуман, ­фуқароларнинг  40 фоизи оилада учта фарзандни дунёга келтириш ва улғайтиришни энг мақбул, деб ҳисоблайди. Бундай тенденция охирги пайтда кучаймоқда.

Неча ёшда фарзанд кўрган маъқул?

Юртимизда эрта туғуруқларнинг олдини олиш, оилаларда ­соғлом турмуш тарзини тарғиб этиш, жамиятнинг тиббий маданиятини юксалтириш бўйича қилинаётган кенг қамровли ишлар фуқароларимиз онгу дунёқарашига сезиларли таъсир кўрсатаётганини таъкидлаш зарур. Бунинг исботини “Ижтимоий фикр” сўрови натижаларида ҳам яққол кўрамиз. Чунончи, ­тадқиқотда ҳар тўртинчи респондент биринчи ­туғуруқ учун аёлнинг 20 ёшдан 25 ёшгача бўлишини мақбул ­санайди. Айниқса, биринчи туғуруқ учун аёл 22 ёшда бўлиши мақсадга мувофиқ, дейдиган респондентлар сони анча ўсган. Шу билан бирга, сўров иштирокчиларининг 89,3 фоизи туғуруқлар оралиғи камида 2-3 йил ва ундан кўпроқ бўлиши керак, деб ҳисоблайди. Ёш кесимида олиб қараганда, 18 — 25 ёшдагилар ҳамда ўрта ёшдагилар бу оралиқ уч ва ундан кўпроқ йилни ўз ичига ­олиши кераклигига урғу беради.

Сўровда оилаларнинг кўп болали оилаларга айланиш сабаблари ҳам аниқланди. Кўпинча ўғилли бўлиш истаги тўртинчи ва ундан кейинги болалар туғилиши учун шароит яратмоқда.

Жамоатчилик фикрича, оилаларимизда навбатдаги фарзандни  дунёга келтириш ҳақидаги қарорни эр ва хотин биргаликда қабул қилишади. Аксарият респондент­лар навбатдаги болани дунёга келтириш ҳақидаги масалани ҳал қилишда бўлғуси онанинг (хотиннинг) саломатлигини муҳим омил, деб билади. Фарзандлар туғилишини оиланинг моддий таъминотига боғлиқ ҳисоблайдиганлар эса 2014 йилдагига қараганда беш фоиздан ортиққа камайган.

Жаҳон статистикаси кўрсатадики, сўнгги ўн йилликларда дунёда  аёлларнинг биринчи марта она бўлиш ёши узлуксиз ўсиб бормоқда. Хусусан, 2013 йилда Европа Иттифоқи мамлакатларида яшовчи  аёлларнинг 51,2 фоизи 20 — 29 ёшда биринчи фарзандини ­дунёга келтирган. Бунда биринчи туғуруқнинг ўртача ёши 28,7 йилни ташкил қилади. Айрим ривожланган  мамлакатларда 40 ёшдан кейин биринчи фарзандини туққан оналар сони нисбатан кўпдир.

Оилани режалаштириш кун тартибига чиқмоқда

Мазкур тадқиқот асносида аҳолининг репродуктив саломатликка доир тушунча ва кўникмаларини янада ошириш соҳасида ҳали кўп ишлар қилиниши кераклиги аён бўлди. Бинобарин, репродуктив саломатлик инсоннинг соғлом насл қолдириш фаолиятини англатади. Соғлом авлодларни дунёга келтириш эса инсониятнинг келажак тараққиётини белгилаб беради.

Сўровдан маълум бўлишича, репродуктив саломатлик қоидаларига амал қилишда кўпгина фуқаролар етарли кўникмага эга эмас. Респондентларнинг катта қисми ушбу ­тушунчага тўлиқ ва аниқ таъриф бера олмаган. 18-19 ёшдаги фуқароларнинг 76,9 фоизи, 20 — 29 ёшдагиларнинг 63 фоизи “репродуктив саломатлик” тушунчаси билан камроқ танишлар. Бу эса жиддий масаладир.

Қолаверса, мамлакатнинг кўпчилик аҳолиси учун, уларнинг демо­график ва касбий тавсифларидан ҳамда яшаш жойидан қатъи назар, “репродуктив хуқуқ” тушунчаси ҳам мавҳум бўлиб қолмоқда.

Репродуктив ҳуқуқ, биринчи ­навбатда, фарзандли бўлиш ҳуқуқини, болали бўлиш ёки бўлмаслик масаласини мустақил ҳал қилиш имкониятини англатади. Сўровда иштирокчиларнинг 51,6 фоизи “репродуктив ҳуқуқ” де­йилганда, “болаларнинг туғилишини режалаштириш ҳуқуқи”ни ­ту­шунишини билдирган бўлса, 37,6 фоизи  бу тушунчани ҳар бир шахснинг тиббий хизматдан фойдаланиш ҳуқуқи билан боғлайди.

Яна бир эътиборли жиҳати, оилани режалаштириш масаласида фуқароларимизнинг ёндашув ва қарашлари ўзгариб бормоқда. Улар оилада она ва бола саломатлиги ҳамма нарсадан муҳимлигини, туғуруқлар оралиғини сақлаш, болаларнинг келажагини таъминлаш учун моддий ресурсларни мақбул тарзда тақсимлаш зарурлигини тобора чуқур англаб ­етаётгани қувонарлидир. Жамоатчилик фикрига кўра, жамиятимизда оилани режалаштириш усулларига хайрихоҳлик кучаймоқда.

Сўровда қатнашган олий маълумотли респондентлар оиласида фарзандлар сони 2-3 нафар бўлса, ўрта ва ўрта махсус маълумотли  фуқаролар 3-4 нафар ва ундан кўп фарзанднинг отаси ёки онасидир. Оилада болалар сонини режалаштириш ва туғуруқлар оралиғига риоя қилиш учун эр кўпроқ даражада масъул бўлиши керак, деб ҳисоблайдиган фуқаролар сони ҳам ошгани диққатга молик.

Шунга қарамай, жамоатчилик фикрини ўрганиш натижалари таҳлилига таяниб айтиш мумкинки, оилани режалаштириш масаласи аҳоли, айниқса, ёшларнинг катта қисми учун ҳамон асосий муаммо бўлиб қолмоқда. Бу эса мазкур йўналишдаги чора-тадбирларни кенгайтириш, жойларда тиббий-профилактика ишларини жонлантириш заруратини кўрсатади.

Умуман олганда, жамоатчилик фикри сўрови натижалари  оналик ва болаликни муҳофаза қилиш, оилани режалаштириш, репродуктив саломатликни таъминлаш борасидаги давлат сиёсати халқимиз томонидан қўллаб-қувватланаётганлигини кўрсатди. Юртдошларимиз фикрича, бу жамиятда оилавий муносабатларни мустаҳкамлашга, оналар соғлиғини асрашга, пировардида, соғлом авлодни шакллантиришда ҳар бир оила ва жамиятнинг масъулиятини кучайтиришга хизмат қилаяпти.

«Ижтимоий фикр» жамоатчилик

фикрини ўрганиш маркази материаллари асосида

Ф. МАҲКАМОВА тайёрлади.

Манба: Kun.uz