Биласизми?

"Ўзбеккино" илк тўлиқметражли мультфильмни суратга олмоқда

Мультфильм премъераси "Ўзбекфильм"нинг 50 йиллик юбилейига бағишланади, деб хабар қилмоқда Sputniknews-uz.com naesmi.uz'га асосланган ҳолда .

Хабарда таъкидланишича, шу вақтга қадар ўзбек мультипликаторлари давомийлиги ўн дақиқадан ошмайдиган картиналарни яратиб келганлар.

"Бугунги кунда илк маротаба тўлиқметражли картина устида иш олиб боряпмиз. Олдимизда турган масалани осон деб бўлмайди, аммо биз барча муаммоларни енгишга ҳаракат қилдик", — деб таъкидлаган студия бадиий раҳбари, ўзбек мультипликацияси асосчиларидан бири Мавзур Маҳмудов.

 "Бу муаммолар сценарий ёзилиши жараёнида вужудга кела бошлади. Боланинг эътиборини ушлаб қолиш осон ишмас. Янги ижодкорларни жалб қилиш орқали бу масалага ечим топишга ҳаракат қилдик. Мультфильм сценарийси таниқли ёзувчи, адиб Исмоил Шомуродов томонидан ёзилган. Картинанинг ишчи номи "Нўхот полвон", аммо "Сеҳрли кўз ёшлар" деган вариантда тўхталиш ниятимиз ҳам йўқ эмас" — дея қўшимча қилган у.

Ижодкорларнинг сўзларига қараганда, мультфильм — ўлмас мавзулардан бири бўлмиш — эзгулик ва ёмонлик ўртасидаги кураш ҳақида. Сценарийга кўра, Ялмоғиз кампирга у ўзининг барҳаётлигини узайтириши учун соҳибжамолнинг кўз ёшлари керак бўлади. Шу боис у бойнинг қизини ўғирлайди. Соҳибжамол қизни зулмат салтанатидан қутқарган мард йигитга давлатманд ота катта бойлик ҳамда ўз қизини ваъда қилади. Ҳурлиқони қутқаришга Аҳад ва Пўлат исмли паҳлавонлар отланадилар, аммо фақат Нўхат-полвонгина бу ишнинг уддасидан чиқади.

Бир сўз билан айтганда, мультфильм ғаройиб саргузаштларга бой. Муаллифлар картина жажжи болажонларга манзур бўлишига умид билдиришмоқда.