“Москва шаҳрига келиб, мўмай даромад топаман деб виждонини сотаётган ватандошларимизни ҳар ерда ва ҳар соҳада учратдим. Қўшни давлатдагилардан хафа бўлмасак ҳам бўларкан. Тўғри, яхши одамлар озчилик бўлса-да, бор. Эрим билан Россияда ҳалол пул топиш илинжида кўп қийналдик. Фарзанд кўрдик. Бироқ уйга қайтиш орзу бўлиб қоладигандек туюларди. Ота-онамга “қийналяпмиз” дейишга тортиндим. Кўп фарзандли оилада катта бўлдим. Оғирлигим тушмасин деб, индамадим.
Москвада 4 йилдан ошиқ вақт яшадик. Қизим дунёга келди. У 2 ёшга тўлганида зўрға йўлга ва яна майда-чуйдага пул йиғдик. Октябрь ойлари охирларида совуқда кийналмайлик деб шошилинч уйга қайтишга қарор килдик, лекин самолёт ва поездларга чипталар нархи ошиб кетар экан. Ҳисобласак, пулимиз етмади. Шунча йил ўтиб, шу аҳволда уйга қайтишга эрим ор қилгани учун қайтмаганимиз менга алам қиларди. Тўғри, уни ҳам тушунаман. “Ўзим уй олай, қўни-қўшниларим ўзига тўқ, мен эса 36 ёшга кириб ҳеч нарсага эриша олмадим”, деб эзиларди. Оддий оиланинг фарзанди бўлгани ва отасиз ўсгани боис онаси ҳамда сингилларини боқиш учун 16 ёшидан бери ҳар юртда дарбадар нон топишга ўрганган. Мен эса нима бўлса ҳам, уйга қайтишни ўйлардим. Ўзга юртда пул сочилиб ётмаслигини, қора терга ботиб ишласанг ҳам ўз Ватанимиздагидек барака ҳеч қаерда йўқлигини тушунтира олмадим. Шу тариқа уйга автобусда қайтишга қарор қилдик. "Одноклассники" ижтимоий тармоғидан ҳайдовчиларнинг телефон рақамларини олдик. Билет нархи 4500 рубль дейишди. Хурсанд бўлдик. Йулкирага етади. Қолганини уйга олиб бориб, ҳеч бўлмаса, қўй сўямиз деган ниятда йўлга чиқдик. Совға-саломлар ҳам олдик. Автобус бекати бир кўримсиз чекка жойда экан. Кўнглим ноқонуний йўл билан олиб кетишларини сезди. Кўча совуқ, ҳамма ёқни қор қоплаган. Ҳарорат 18 даража совуқ эди. Ўтиришга на вокзал ва на шароит бор. Бу ёқда қизимнинг тоби қочганга ўхшади. Кўп инжиқлик қила бошлади.
Телефон қилган одамимиз умуман ҳайдовчи эмас, даллол бўлиб чиқди. Бизга ўхшаб алданиб йўлга чиққан одамларнинг сони 100дан ошиб кетди. Автобус ўриндиқлари эса 54 кишига мўлжалланган. У ҳам майли. Йўлкира ҳақи автобусга чиққанда ошиб кетди. 1000 рубль қўшса, ўриндиқда ўтириб кетиш. 7 соат совуқда автобус юришини кутдик. Уч кунда кириб борамиз, деб ваъда беришди. Аммо уч кун эмас, олти кунда етиб келишди. Йўлда ГАИ тўхтатса ҳайдовчи паспортларни йиғиб олиб, “ГАИ сўраяпти, ҳаммангизни милицияга топширмоқчи” деб, яна ҳар бир йўловчидан пул йиғиб олди. Мени эса чегарадан яна Москвага қайтаришди. Қизимни олиб ўтиш учун ҳужжат олмаган эканман. Тиқилинч автобусда чегарага уч кунда етиб бордик. Орқага қайтишга эса яна бир куним кетди. Эрим чегарадан ўтиб кетди, чунки унга муҳр уриб бўлишган эди. Бир танишимникига келиб тунадим. Элчихонадан ҳужжат қилдириб, яна йўлга чиқдим. Шошилинч самолётларнинг чипта нархи 1000 АҚШ долларига тенг бўлиб қолгани учун яна ана шу ёлғончи автобусчилар олдига бордим, чунки қизимни сал шамоллатиб қўйибман. Тезроқ уйга бориб даволатаман, деб шошгандим. Даллолларга аҳволимни тушунтирдим. Улар яна бир талай ваъдалар билан автобусга чиқаришди...яна ўша манзара. Пулини қайтариб сўраганларнинг пулини қайтармай, ҳар хил баҳоналар топишарди. Уларни ўзбеклар дейишга тилим бормайди. Бу сафар ҳам фирибгарларга учрадим. Ҳаммадан ГАИга, чегарадан ўтишни баҳона қилиб, яна мажбуран пул йиға бошлашди. Ҳақоратлар эса қалбга оғир ботди. Уч кунда Қозоғистон чегарасига етганда индамай тушиб кетишди. Ҳаммамиз йўлдан чарчаганимиз, совуқда қолганимизга эътибор бермадик. Қизим билан йулда қанча юрган бўлсак, бирор марта ҳам туз тотмадик. Қизимнинг кўзлари шиша бошлади. Унинг оғирлашиб кетаётганини кўриб, нима қилишимни билмай, Худодан йўлимизни очиқ қилишини сўрардим. Ҳайдовчи шу тариқа 11 соат чегара бошида турди. “Пул йиғмагунларингча юрмайман”, деб туриб олди. Кўпчиликнинг пули тугаган. Орамиздан бир мард чиқдики, ҳаммамиз учун пул тўлаб, Қозогистонга ўтиб олдик. У ерда яна муаммо чиқаришди. Шу тариқа Ўзбекистон чегарасига етиб келдик. Қизим эса ҳушсиз ётарди. Ёнимда бир тийиним ҳам қолмаганди. Кўзимдаги ёш тинмасди, ҳеч ким қайрилиб ҳам қарамайди. Мухаммад Али деган чегарачи қўлига тушганимда чидолмай уришиб кетдим.
Ҳаммани яна олти соат бир совуқ хонага тиқволиб, пул бермасак ўтиб кетолмаслигимизни айтди. Яхши одамлар орамизда бор экан. Бир йўловчи йигит мен учун ҳам пул тўлади, лекин пули йуқлар ҳисобига яна ушлаб ўтиришди. Боламни касаллигини айтсам, ёмон сўзлар билан сўкишди. Пули йўқлардан учтаси қолганида бизларни қўйиб юборишди. Чегарада эса олиб ўтадиган одам йўқолиб қолди. Болам билан ўзим бир амаллаб ўтиб олдик.
Энг ачинарлиси, шу ишларнинг барчасини ўзбеклар қилаётгани эди. Аллоҳга шукрки, уйга етиб келдим. Турмуш ўртоғим андижонлик бўлгани учун ўша ердаги шошилинч тиббий марказга қизимни кўрсатдик. Дарҳол касалхонага ётқизишди. Бироқ шундай катта, замонавий жиҳозлар билан таъминланган марказда қизимга ташхис қўя олишмади. Кўзларимдан алам ва дард қуйилиб келарди. Шифокор бўлиб, оқ халат кийган бу кимсалар дастидан “дод” дегим келарди. “Бошқа шифохонага олиб боринг” дейишди. Биз Андижонда болаларга мўлжалланган барча шифохоналарга бордик. Бирорта малакали шифокор топа олмадик. “Биз ташҳис қўя олмаймиз” дейишди. Қизимнинг аҳволи эса оғирлашарди. Зудлик билан Тошкентга келдик. Қизимнинг аҳволи ўта оғирлашди. Ундан айрилиб қолишдан қўрқардим. Турмуш ўртоғим эса ўзини ўққа-чўққа урар, ичидан йиғларди. Тошкентда дарҳол неврология бўлимига ётқизишди. У ердаги тўрт кунлик муолажа ҳам натижа бермагач, қонини текшириш учун Гематология илмий текшириш институтига жўнатишди. Тўртта ташҳис қўйишди: юз параличи, кўзлар шиши - экзофтальм, сепсис ва оқ қон. Бу ерда дарҳол жонлантириш бўлимига ёткизишди. Даволаш курсини зудлик билан бошлаш ва қон тромбалар қуйиш кераклигини айтишди. Аммо қўлингизда пулингиз бўлмаса ёки юқоридан кимдир қўнғироқ қилмаса, оқ халат кийганлар ҳаёт билан курашаётган қизалоққа бир буюмдек муносабатда бўлар экан. Худди шу паллада дунёга сиғмадим. Фарёд чекишимга бир баҳя қолганда Яратган Эгам одам қиёфасидаги фаришталарини менга рўпара қилди. Дарҳол дори дармонлар келтирилди, юқоридан ҳам қўнғироқ қилишди.
Қизим кўзларини очди. У ўзига келди. Худога шукрки, Аллоҳ умр берди. Энг катта хавф ортда қолди. Бахтимга ота-онам сотиладиган нарсаларини сотиб, қизимни даволашга кўмаклашишди. Бироқ бу касалликнинг давоси ҳали узоқ чўзилиши ва қайталамаслиги учун даволаш курсларини давом эттириш керак экан. Айни пайтда эса бунга ҳеч қандай шароитим йўқ. Шунинг учун Сиз азизлардан ёрдам сўрашга жазм қилдим.
Шу фурсатдан фойдаланиб, фаришта қиёфасидаги яхши инсонларга бир умр раҳмат айтаман, дуо қиламан. Аллоҳ ҳаммамиздан рози бўлсин!”
Аёлнинг дардларини оққа кўчирувчи - Хуршид Далиев
Қуръони Каримда бу солиҳ амал ҳар бири юз донали етти бошоқли донга ўхшатилади. “Аллоҳ йўлида молларини эҳсон қилувчилар (савобининг) мисоли бир донга ўхшайдики, у ҳар бир бошоғида юзтадан дони бўлган еттита бошоқни ундириб чиқаради. Аллоҳ хоҳлаган кишиларга (савобини) янада кўпайтириб беради. Аллоҳкарами кенг ва билимли зотдир”.
Қизчага моддий ёрдам кўрсатишни истовчилар учун
Ҳисоб рақами: 2311 8000 4000 0084 7001
Карта рақами: 8600 0203 7698 1135
Миллий банк
Батафсил маълумот учун телефон: +998903709284 (Соҳиба, қизчанинг онаси)
Манба: Kun.uz