Мактаб — нафақат болалар, балки ўсмирлар учун ҳам катта синов. "Медуза" нашри Европа гимназияси директори Ирина Боганцева, болалар психологи Ирина Катин-Ярцева ва Таълим ривожи федерал институти директори Александр Асмоловнинг болаларнинг қандай қилиб мактабдаги фанларга меҳр қўйиши, барчасига вақт ва куч топиши, шу билан бирга, бола уйга вазифаларни уддалай олмаётган бўлса, нима қилиш кераклигига доир тавсиялари билан бўлишди.
Ёдингизда бўлсин, мактаб — ҳаётдаги асосий босқич эмас!
Кўпчилик мактаб - инсон ҳаётидаги энг муҳим босқич, болалар эса албатта яхши ўқиши керак, деб ҳисоблашга ўрганиб қолган. Шу боис баъзи ота-оналар бола ҳолдан тойгунча дарсларини бажариши кераклигини талаб қилиб, барчаси имкон қадар мукаммал бўлиши учун босим ўтказишади. Аслида бажарилган дасрлар - асосийси эмас: сизнинг бола билан муносабатларингиз, унинг психологик қулайлиги ва ўқишга қизиқиши ундан-да муҳим. Боз устига, ота-оналарнинг аксарияти бусиз ҳам толиққан - кўпинча ишдан чарчаб келиб, бола билан дарс қилишга ўтиришнинг ўзи бўлмайди.
Шундай экан, аввал охирига етказилмаган уйга вазифа - бу фожиа ҳам, ҳалокат ҳам эмаслигини англаш муҳим (ота-она ҳам, бола ҳам). Акс ҳолда, сиз ўзингизни ёмон ота ё она, фарзандингиз эса - уни фақат баҳолари ва натижалари учун яхши кўрадигандек ҳис қиласиз ва бу инсоннинг кейинги ҳаётига ҳам халақит беради.
Болага "уй вазифаси" олдидаги қўрқувни енгиб ўтишга ёрдам беринг
Дастлаб уй вазифаларини бажариб ўтирган бола ўзини йўқотиб қўйиши ва унга қандай киришишни билмаслиги мумкин. Бундай ҳолатларда ота-оналарнинг вазифаси - жараённи ташкиллаштиришга ёрдамлашиш, нимадан бошлаб нима билан тугаллаш кераклигини, жавобларни дафтарларга қандай ёзиш кераклигини кўрсатиб бериш. Нима учун ишларни бундай тартибда бажариш кераклигига изоҳ беринг, барча хатти-ҳаракатлар кетма-кетлигини овоз чиқариб тушунтиринг. Бола ўзлаштириб олгач, унга бу қоидаларни ўзига ўзи эслатиб туриши лозимлигини маслаҳат беринг. Бироз вақтдан кейин у адашиш ва қўрқишни бас қилади ва унга анча осон бўлади.
Ўзингизга ўзингиз нима учун дарс қилиш кераклигини тушунтиринг
Кўп ота-оналар дарсларни бажаришни одатга айлантиришга интилишади, бироқ аксарият болалар нима учун бирор нарсани шунчаки шундай қилиш кераклиги учун бажариш лозимлигини тушунишмайди. Математикани ҳар куни кўзда ёш билан ечадиган болага "шуни қилишинг шарт" дейиш очиқ ва қизиқувчан инсонни барча янгиликларга шубҳа билан қарайдиган ёпиқ ва тунд кишига айлантирувчи тўғридан-тўғри йўлдир.
Бир томондан, бола, албатта, ҳаётда ҳар куни бажариш керак бўладиган ишлар борлиги, улар фойдали ва зарур эканини тушуниши керак. Бошқа томондан, ўқиш ҳеч қачон кўр-кўрона ёдлашдан иборат бўлмаслиги керак. Сиз диктатор, фарзандингиз эса шерик бўлмаслиги керак. Ўйлаб кўринг, уни нима билан қизиқтириш мумкин. Бу ўйинлар ёки дунёни ўрганиш билан боғлиқ "ижодий лойиҳалар" бўлиши мумкин - масалан, сиз тарихга доир комикслар чизишингиз ёки тажриба ўтказишингиз мумкин. Энг яхшиси, боланинг дарсларга ёд олиш керак бўлган далиллар тўплами эмас, тадқиқот сифатида қараши.
Болага нима учун ўқиш кераклиги ва уй вазифаларини бажариш зарурлигини тушунтириш учун аввал ўзингиз уларнинг қандай тузилиши, қандай қилиб уларнинг ёрдамида дунёни тадқиқ қилиш ва янги билимларга эга бўлиш мумкинлиги ҳақида тушунчага эга бўлишингиз лозим. Буларни аввал ўзингизга, кейин эса болага тушунтира билиш керак.
Болани мустақил қарор қабул қилишга ўргатинг
Болага имкон қадар кўпроқ мустақиллик беришга ҳаракат қилинг. Акс ҳолда, биринчи синфда у қарор қабул қилишни билмаслиги, чунки ҳаддан ташқари кичиклик қилиши мумкин, иккинчи синфда ҳам шундай, саккизинчи синфга бориб эса у бу борада ҳеч қандай тажрибага эга эмаслиги ва буни мутлақо билмайдиган бўлиб чиқади. Шу билан бирга, ота-она ўқитувчининг ўрнини босиши керак эмас - акс ҳолда, болалар уйда сиз яхшилаб тушунтиришингизга умид қилиб, синфда ҳеч нарсани тингламай қўйишади. Бу кўпинча ота-она эътибори етишмайдиган болаларда кузатилади: улар учун уй вазифасини бирга тайёрлаш - ота ё она билан бирга вақт ўтказиш учун бир сабаб. Охир-оқибат бола мактабдаги вақтини беҳуда сарфлайди, ота-она эса фарзанди билан мулоқот қилиш ўрнига у билан дарс қилади. Бу вақтни ўқиш билан боғлиқ бўлмаган машғулотларга (сайр, стол ўйинлари, кинога бориш ва б.) сарфлаган муҳимроқ.
Баъзан уйга вазифалар жуда кўп бўлади, яъни ўқитувчи дарсда кўп нарсани тушунтиришга улгурмайди ва кўп уйга вазифа беради ва ўқувчилар материалнинг катта қисмини уйда ўзлаштиришларига тўғри келади. Қоидага кўра, болалар бунинг ечимини тез топишади: улар шунчаки улгурмаган нарсасини қилмайди. Болага ишонинг ва қарор қабул қилишни унга қолдиринг - болалар танловни амалга ошириш ва устувор вазифаларни белгилашни ўрганишлари керак: нимани ёдлаш муҳимроқ, нимани эса кейинга қолдириш ёки дарс жараёнида аниқлаш мумкин. Агар бола тунгача дарс устида ўтирганини ёки ҳатто кечки овқат пайтида ҳам дарслик билан ўтирганини кўрсангиз, аралашиш ва вақт борасида қатъий чегаралар қўйишингизга тўғри келади. Дарслар боланинг бутун ҳаётини қамраб олиши керак эмас: у ўйинлар ўйнашга, яхшилаб ухлаб олишга ва шунчаки дам олиши керак.
Ғазабланмасликка ҳаракат қилинг!
Кўпинча шундай бўладики, ота-оналар болага уйга вазифани тушунтиришга ҳаракат қилади, бироқ бефойда. Бола тушунмайди, ота-онанинг жаҳли чиқади, зиддият юзага келади, бола хатолардан қўрқа бошлайди. Бундай пайтларда ота-онага фарзанди гапга қулоқ солмаётгандек ёки бўлаётган ишларга жиддий муносабатда бўлмаётгандек туюлади. Аслида эса боланинг ота-онани ўқитувчи сифатида қабул қила олмаслиги табиий ҳолат. Ота-оналар билан муносабатлар, қоидага кўра, ҳиссиётларга бой бўлади ва бу ҳиссиётлар таълимга ўтиб кетса, бола қийин ҳолатда қолади. Унутманг, бола билан муносабатларингиз дасрлардан муҳимроқ. Болани ҳам, ўзингизни ҳам қийнамай, бошқача ёндашувларни изланг - масалан, унга мавзуга доир видеосабоқни кўришни таклиф қилинг. Агар ўзингиз тушунтиришнинг уддасидан чиқа олмасангиз, яқинларингиздан ёрдам сўранг ёки бу ишни ўқитувчига қолдиринг.
Боланинг ҳаётига қизиқиш билдиринг, фақат баҳоларига эмас
Дейлик, ҳаммаси яхши ва бола дарсларини уддаламоқда. Бироқ бу у (ёки улар)ни унутиш учун сабаб эмас! Унинг нафақат баҳоларига, балки кундалик ҳаётига ҳам қизиқиш билдиринг, унга қизиқ бўлган предметлар ва мавзуларни муҳокама қилинг, акс ҳолда у ўзини эътибордан четда қолгандек ҳис қилади. Болани назорат қилиш эмас, унга ғамхўрлик қилиш - мактабдаги янгиликларга қизиқиш билдириш, уни тинглаш ва қўллаб-қувватлаш муҳим. Қисқа қилиб айтганда, унинг сиз билан ҳаёти умумий эканини, ундан "муҳимроқ" ишлар йўқлигини кўрсатиш. Катталарнинг ҳаётида иш қандай ўрин тутса, мактаб ҳам болалар ҳаётида шундай ўрин тутади. Шундай экан, уй вазифаларига бефарқ қараш, боланинг муваффақиятларини сезмаслик ва уларни қадрламаслик яхши эмас.
Болани ёмон ўқигани учун жазоламанг
Бажарилмаган уйга вазифа учун жазо қўллаш - тўғри йўл эмас. Дарслар нима учун муҳим эканини хотиржам ўтириб, мисоллар билан тушунтиришга ҳаракат қилинг. Болада стресс бўлишига йўл қўйманг. Боланинг қизиқишлари ва қобилиятидан келиб чиқиб, устувор вазифаларни белгилашга ҳаракат қилинг. Хушёр бўлинг, болани тингланг ва унга нима кераклигини тушунишга ҳаракат қилинг.
Муаммони чуқурлаштирманг
Бола ўқишга қийналаётганини кўрсангиз, гап нимада эканини тушунишга ҳаракат қилинг: у дарсда ўқитувчини яхши тингламагани ёки бир дарс қолдиргани учун вазифани уддалай олмаётган бўлиши мумкин. Боланинг кучли ва заиф томонларини тушуниб, кейин унга таълим олишга кўмак бериш лозим. Бунда педагог-психологлар ёрдам бериши мумкин. Боланинг умумий ҳолатини ҳам ҳисобга олиш керак, албатта. Эҳтимол, у нимадандир ташвишдадир. Бу ўқиш жараёнига - эслаб қолиш, қизиқиш, диққатни жамлашга кучли таъсир қилиши мумкин.
Агар бола сурункали равишда ёмон ўқиса, кайфиятсиз бўлса, тенгдошлари билан чиқишмай қолса, мактабга боргиси келмаса - бунга жиддий сабаблар бўлиши табиий. Эҳтимол, мактабда уни ажратиб қўйишар ва у ўзини ёлғиз ҳис иқлар. Бундай ҳолатда сабабни топиш муҳим. Албатта, психолог ёрдами керак бўлади, фақат уни уялтирманг ва таҳдид қилманг. Кўпчиликда бундай ҳолат бўлишини айтинг ва ҳаётда нимадир ўхшамаса, бу оддий ҳол эканини тушунтиринг. У билан яқин эканингизни намоён қилинг.
Манба: Kun.uz