Кутубхона

Қўрқув

Ҳаётимизда кўп учрайдиган атамалардан бири «Фобия» яъни «Қўрқув» ҳақида нималар биласиз! Бу дардга ўзи билмаган ҳолда мубтало бўлганлар орамизда анчани ташкил этади. Маълумотларга кўра қўрқувнинг кам учрайдиган турларидан бири   клаустрофобиянинг ўзидан дунё аҳолисининг 6-7% азият чекишмоқда. Бундан ташқари қўрқувнинг кансерофобия – саратонга чалинишдан, аерофобия – самолётда учишдан, атомософобия – ядровий портлашдан, астрапофобия – чақмоқдан, анемофобия – елвизакдан, лепидоптерофобия – капалаклардан , антофобия – гуллардан, ҳатто ўз фикрларидан қўрқадиганлар – аллодоксафобия каби турлари ҳам бор.

Фобияларни даволашда бемор билан суҳбат – психоанализ ўтказилиб, шу жараёнда қўрқувга олиб келган омил аниқланади ва уни бартараф этишга қаратилган чоралар кўрилади. Қўрқув патологик бўлмаса, яъни соғлик билан бирор жиддий муаммони келтириб чиқармаса, невротик қўрқув деб аталади ва уни даволаш бирмунча осон. Руҳий хасталарда учрайдиган патологик қўрқув ҳам тузалади, бунда беморга тинчлантирувчи, мослаштирувчи препаратлар берилади. Дорилардан наф бўлмаса, суҳбат ва гипноз ёрдамида фобияни йўқотишга ҳаракат қилинади.

Бирор фобияга чалинган одамнинг ўз ҳолатини идрок эта билиши, тушуниши жуда муҳим. Ана шундагина бу ҳолат тезроқ бартараф этилади. Акс ҳолда муолажа анчага чўзилиши мумкин.Болаларни тарбия қиламан деб, қаттиқ танқид қилиш ва қатъий назорат остига олиш ҳам фобияга сабабчи бўлади.

Фобиялар ёшга ҳам боғлиқ бўлади. Кузатувларда аниқланишича, ёши катталарда кўпинча ўлим, жароҳат, касаллик ва ёлғизликдан қўрқишади. Ёшларда эса илон, баландлик, момақалдироқдан қўрқиш кўпроқ тарқалган.

Жаҳон соғлиқни сақлаш ташкилоти маълумотига кўра, сайёрамиз аҳолисининг ҳар тўртинчи ёки бешинчиси бирор руҳий бузилишга учраган.

Манба: Avitsenna.Uz