Россиянинг Байкалорти ўлкасида жойлашган Борзя шаҳрида 10 яшар бола ёнғин чиққан уйдан бир яшар синглисини қутқаришга муваффақ бўлди. Бу ҳақда Kun.uz ёзмоқда.
"Ёнғин 19 октябрь куни юз берган. Болакай синглиси билан бирга ёнаётган уйнинг дреазасидан кўчага ўзларини отган. Ёнғин ўчирилган, болалар жабрланмаган. Воқеа жойига етиб келган ўт ўчириш хизмати ходимлари болалар учун тиббий ёрдам чақиришган", дейилган хабарда.
Болакайнинг сўзларига кўра, унинг ота-онаси печни ёқишган ва ишга кетишган. Улар билан бирга холаси қолган, аммо у ҳам болаларни ёлғиз қолдирганча, кўчага шошилган. Аёл уйни беркитиб кетганди.
"Болакай печь ёнидаги тўшакнинг ёнаётганини пайқаб қолган, уни кўчага олиб чиқиш учун ҳаракат қилган, аммо эшик берк бўлган. Шунда у бўғила бошлаган ва отасининг курткасини кийиб, синглисини қўлга олган. Улар биргаликда деразадан ташқарига чиқишган”, деб хабар берган матбуот хизмати.
Ёнғинни 20 дақиқада ўчиришган, у уйнинг 20 кв. метр ҳудудига зарар етказган. Воқеага нисбатан билдирилган дастлабки тахмин – олов билан эҳтиётсиз муомала деб топилган.