Саломатлик

Туғма маймоқлик сабаблари ва даволаш усуллари

Туғма маймоқлик энг кўп учрайдиган туғма ортопедик касалликлардан бири бўлиб, ўрта ҳисобда ҳар 1000 нафар туғилган боладан 4 нафарида учрайди. Маймоқлик оғир деформация компонентлари билан характерланади: эквинус – оёқ панжаси олди соҳаси пастга бурилиши, аддукция – шу соҳанинг ички томонга бурилиши, супинация – панжа ташқи қиррасининг ўз ўқи атрофида пастга бурилиши.
Туғма маймоқликнинг пайдо бўлиш сабаблари ҳақида тўхталадиган бўлсак, аниқ бирор хулосага келинмаган, лекин баъзи вақтларда қариндошларида кузатилганлиги, она ҳомиладорлик даврида касалланганлиги, жароҳат олганлиги каби сабаблар кўрсатилади.

Болага ташхис қўйилиши билан даволашни бошлаш керак. Юқоридаги белгилар билан касаллик аниқланиши қийин эмас. Бир ҳафталик болага босқичма-босқич гипс боғламлари қўйиб борилади, биринчи уч ойда боғлам ҳар ҳафтада алмаштирилади, аста-секин маймоқликнинг ҳамма компонентлари йўқотилади. Этапли гипс боғлами билан даволаш тўлиқ коррекцияга эришгунча давом эттирилади – бу давр 3 ойдан 1,5 ёшгача давом этиши мумкин. 1,5 ёшда тўлиқ коррекцияга эришилмаган ёки даволанмаган бўлса, хирургик усулларидан бири бажарилади.

Болаларда маймоқликни даволашда бир неча хирургик усуллар қўлланиши мумкин: Затсепин усулида тенопластика ва капсулотомия, ахиллопластика, Илизаров усулида коррекция, оғир ҳолатларда ва катта ёшдаги болаларда суяк резекцияси ва ошиқ суяги остидан артродез.

Туғма маймоқликни даволашнинг барча босқичларида ота-оналардан ортопед кўрсатмаларини тўлиқ бажариш талаб этилади. Этапли гипс боғламлари қўйилиш даврида боғламни тоза сақлаган ҳолда кейинги босқичга мурожаат этиш зарур. Хирургик усул қўлланилганда гипс боғлами, операциядан кейинги яра соҳаси тоза сақланиши керак. Даволаш муолажалари ўтказилиб, тўлиқ коррекцияга эришилгач, бола комплекс физиотерапевтик муолажалар олиши лозим: массаж, даволаш физкултураси, парафин ёки озокерит, оёқ панжаси соҳасига калсий хлор эритмаси билан электрофорез. Уй шароитида ота-оналарни ўзлари ҳам массаж ва даволаш физкултураси машқларини ўтказишлари мумкин.

Реабилитация даврида коррекция ҳолатини давом эттириш мақсадида ортезлаш мосламаларидан фойдаланилади. Тик туриш ва юриш вақтида пронаторлик, қўнжлик ортопедик поябзал кийилади, ётган пайтда коррекция ҳолатидаги пластик шинадан фойдаланилади, улар индивидуал тайёрланади.

Туғма маймоқликни даволашда даволовчи врач ва ота-оналар ҳамжиҳатлиги натижа самарадорлигининг асосий омилларидан бири ҳисобланади.

Манба: Avitsenna.Uz