1967 йилда Халқаро болалар китоби кенгаши томонидан қабул қилинган қарорга кўра, жаҳоннинг кўпгина мамлакатларида даниялик буюк эртакчи Ханс Кристиан Андерсеннинг таваллуд куни — 2 апрель Халқаро болалар китоби куни сифатида нишонланади, деб хабар беради Тошкент шаҳар ҳокимлиги ахборот хизмати.
Республика болалар кутубхонасида ҳар йили Халқаро болалар китоби куни муҳим байрам сифатида нишонланади. Байрам муносабати билан тайёрланган дастур доирасида болалар китоби ҳафталиги ўтказилади, кутубхона болалар билан гавжум бўлади. Кичик ёшдаги болалар учун Андерсен асарлари бўйича викториналар, катта ёшдаги болалар учун эса таниқли шоир ва ёзувчилар билан учрашувлар, турли кўрик-танловлар ва маданий-маърифий тадбирлар, кутубхона бўйича саёҳат, таниқли хонандалар ижросида мусиқий чиқишлар, саҳна кўринишлари ва китоб кўргазмалари ташкил этилади.
Шу кунларда Ўзбекистондаги барча таълим ва маданият муассасаларида, кутубхоналарда болалар китоби байрами муносабати билан «Фарзандимга китоб совға қиламан» лойиҳаси доирасида акциялар ўтказилмоқда.
Тадбирда ёш китобхонлар ўзбек ва жаҳон адабиёти хазинасидан саралаб олинган асарлар, хусусан, шеърлар, қиссалар, эртаклар, афсона ва ривоятлар ҳамда замонавий адабий жараён билан ҳам яқиндан танишади.
Манба: Daryo.uz