Саломатлик

Йод танқислиги касаллиги – буқоқ

Ёд танқислиги оғир ҳолатларда миллат саломатлигига таҳдид солади, миллат ақлий салоҳиятининг пасайишига олиб келади. Ёд танқислиги касалликлари гуруҳига буқоқ касллиги киради. Ушбу касаллик танамизда ёд моддасининг етишмаслиги — танқислигидан келиб чиқади. Ёд моддаси бўйнимиз олдида жойлашган қалқонсимон безнинг меёрда фаолият кўрсатиши учун зарурий кимёвий унсир ҳисобланади, қалқонсимон безда яратиладиган гормон таркибига киради.

Ёд ўзи нима?

Ҳар бир инсоннинг ҳаёти давомида ёд моддаси оз миқдорда зарур бўлади. Бу модданинг организмда узоқ муддат сақланмаслигини ҳисобга олиб, ёд моддаси мавжуд бўлган озиқ-овқат маҳсулотларни мунтазам равишда истеъмол қилиб туриш зарур.

Қалқонсимон безнинг вазифаси нимадан иборат?

Қалқонсимон без мия ва тананинг муайян ривожланиши ва фаолияти учун зарур бўлган гормонларни ишлаб чиқаради. У инсон томоғининг олд қисмида жойлашган бўлади. Танамизда ёд моддасининг танқислиги вужудга келиши натижасида қалқонсимон без катталашади. Бу ҳолат буқоқ деб номланади.

Ёд танқислиги касаллигининг белгилари

Кўпчилик ёд моддасини қанчалик миқдорда истеъмол қилаётганлигини билмайди. Аммо етарлича истеъмол қилмаслик натижасида қалқонсимон без катталашади. Бу энг биринчи ва кўп учрайдиган белги ҳисобланади. Касалликнинг бошқа белгиларига: айниқса болаларда ақлий, жисмоний ва жинсий, руҳий ривожланиш пасаяди.

Қандай қилиб ЁД танқислигини олдини олиш мумкин?

Республикамиз ҳудудларидаги ер, сув, озиқ-овқат маҳсулотларининг таркибида ёд етарли миқдорда бўлмаганлиги сабабли, ёд танқислигини келтириб чиқарувчи кўпгина касалликларни олдини олиш учун ёд моддасини озиқ-овқат маҳсулотлари билан биргаликда истеъмол қилиш керак. Бунинг энг мақул ва қулай йўли бу озиқ-овқат маҳсулотларига ёдланган тузни ишлатишдир. Ёдланган тузнинг нархи бошқа тузларникига қараганда озгина қимматроқ, лекин у саломатлик учун фойдали ва кўпгина муаммоларнинг олдини олади ва буқоқ касаллигини даволаш учун кетиши мумкин бўлган дори-дармон харажатларидан сақлайди. Ўсмир ёшдагиларга — яъни 12 13 ёшдан бошлаб ёд унсирига бўлган эҳтиёж кескин ошади, ёдланган туз истеъмоли кифоя бўлмаслигини ҳисобга олиб, қўшимча ёд моддалар қабул қилиш заруриятини мактаб ёки оилавий шифокор билан маслаҳатлашиш лозим.

Ош тузида ёд миқдорини йўқолмаслиги учун қуйидагиларга эътибор беринг:

  • Ёдланган тузни сотиб олган вақтдан бошлаб 6 ой ичида ишлатинг.
  • Тузни ёпиқ идишда қоронғу ва қуриқ жойда сақланг, чунки ёд моддаси тезда учиш хусусиятига эга.

Ёд танқислигини даволаш

Ёдланган тузни истеъмол қиладиган овқатингизга қўшинг. Ёдланган туз буқоқнинг оддий турлари пайдо бўлишини олдини олади ва кичик буқоқларни кичиклаштиради. Узоқ вақт даврида мавжуд бўлган буқоқ касаллиги, яъни катталашгн қаттиқ буқоқ, ёдланган туз билан йўқолиб кетмайди. Сизга буқоқни даволаш учун дорилар тавсия қилинади. Улар қалқонсимон без фаолиятини тиклашга ёрдам беради ва ёд моддасини ўрнини босади.

Шифокорга қачон мурожаат қилиш керак?

Агар сизнинг бўйнингизда олд қисмида шиш пайдо бўлса (яъни қалқонсимон без катталашса), дарҳол шифокорга эндокринолокка мурожаат қилинг ва унинг тавсияларига амал қилган ҳолда даволанинг. Фақат шифокор керакли миқдордаги дориларни тавсия қилиши мумкин!

Манба: Avitsenna.Uz