Биласизми?

10-11 синф битирувчиларига аттестат билан бирга касб малакаси бўйича диплом берилади

Мактаб битирувчиларига ўрта маълумот тўғрисидаги аттестат билан бирга касб малакаси бўйича давлат намунасидаги диплом ҳам берилади. KUN.UZ мухбири 5 февраль куни Миллий матбуот марказида Халқ таълими вазирлигининг матбуот анжуманида берилган маълумотга асосланиб, шу ҳақида хабар берди.

Унда маълум қилинишича, 11 йиллик таълимнинг жорий этилиши муносабати билан жамиятни ривожлантиришнинг устувор вазифаларидан келиб чиққан ҳолда, олимлар, амалиётчи ўқитувчилар ҳамда кенг жамоатчиликнинг фикри асосида 10-11 синфлар учун 12 та умумтаълим фан бўйича ўқув режалари қайта ишлаб чиқилиб, қатор ўзгартиришлар киритилган. Фан дастурлари асосида 10-синф ўқувчиларига умумтаълим фанлардан 18 номдаги дарсликлар 7 хил тилда жами 9 миллиондан ортиқ нусхада чоп этилди ва жойларга етказилган.

Бугунги кунда 10-синф ўқувчилари республикамиз бўйича 470 та мактаб ва 1018 та касб-ҳунар коллежларида ташкил қилинган "Ўқув ишлаб чиқариш мажмуалари"да 50 дан ортиқ касбни ўрганишмоқда. Шунингдек 11-синфда касб таълими орқали "Тадбиркорлик асослари" фани ҳам ўқитилади.

Касблар рўйхати ҳудудларнинг шарт-шароитлари ва  ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш дастуридан келиб чиқиб, мутахассислар ҳамда иш берувчи ташкилотлар мутахассислари билан биргаликда тузилган.

Касблар мураккаблик даражасига қараб 1 ёки 2 йил давомида ўргатилади ва улар меҳнат бозоридаги эҳтиёжга асосан ўзгариб боради.

10-11 синф ўқувчиларига икки йил давомида ҳафтасига 1 кун 6 соатдан касбий таълим берилади. Битирувчиларга ўрта маълумот тўғрисидаги аттестат билан бирга касб малакаси бўйича давлат намунасидаги диплом берилади.

Бундан ташқари, ўқувчиларнинг касбларга бўлган қизиқишини ошириш, касблар тўғрисидаги маълумотларни узлуксиз етказиш мақсадида умумтаълим мактабларининг 1-синфидан бошлаб касбга йўналтириш ишлари олиб борилади. 8-9 синфларда эса касбга йўналтириш алоҳида фан сифатида ўтилади.