Бразилиялик жуфтлик яқинда яна бир фарзанд кўрганини нишонлади. Янги меҳмон жуфтликнинг 13-фарзанди бўлди. Эътиборлиси, бу фарзандларнинг барчаси ўғил болалардир. Жуфтликнинг таъкидлашича, улар қиз кўрмагунча фарзанд кўришда давом этаверадилар.
40 ёшли фермер Иренеу Круз ва унинг рафиқаси Жсиклейда Сильва 20 йилдан бери биргалар. Жуфтлик биринчи фарзандини кўришга тайёрланаётганда, агарда ўғил фарзанд кўрса, унга исмни Иренеу, қиз туғилса, Жсиклейда беришига келишиб олишганди. Бироқ Жсиклейда ҳали бирорта фарзандига исм беришга муваффақ бўлолмади.
"Мен ҳар доим Ривалдо, Роберто Карлос, Роналдиньо ва Робиньо каби футболчилар билан фахрланганман. Энг яхши футболчиларнинг исми "Р" ҳарфига бошланади. Мен Жанубий Америка футболига ҳурмат билдириб, ўғилларимни севимли футболчиларим шарафига қўйишга қарор қилганман", деб айтмоқда оила бошлиғи.
Яқинда оилада яна бир фарзанд – Роналду дунёга келди. Улар 13 рақами омадли келиб, қиз туғилишига умид қилишганди. Бироқ доя уларга ўғил туғилганини айтганда, улар қиз фарзанд кўришга уринишларини давом эттиришга қасам ичдилар.
Иренеу футбол фанати ҳисобланишидан ташқари, ўз ўғилларидан тузилган футбол жамоаси ва қўшни қишлоқлар болалари жамоалари ўртасидаги учрашувларда ҳакамлик ҳам қилади. Бундай учрашувлар эса ҳар якшанба куни ўтказилади. Круз бир кун келиб унинг ўғиллари Бразилия терма жамоасида ўйнашларини орзу қилади.
Фарзандларнинг тўнғичи 18 ёшда, кенжаси эса ҳали бир ёшга ҳам тўлмаган. Иренеу барча ўғилларини футболчилар номи билан атаган: Робсон, Рейнан, Рауан, Рубенс, Ривалдо, Руан, Рамон, Ринкон, Рикельме, Рамирес, Райлсон, Рафаэль ва Роналду.
Мутахассисларнинг фикрича, қаторасига 13 нафар ўғил фарзанд кўриш имкони 8 мингта ҳолатдан биттани ташкил қилади. Бу эса Крузлар оиласини бу борада дунёда ноёб оилалардан бирига айлантиради.
Болаларнинг онаси ўз фарзандларининг бирортасига исм бермаган бўлса-да, бахтиёр эканлигини айтади: "Мен тушликка бир килограмм гуруч, бир килограмм ловия ва катта пакет макарон пишираман. Албатта, оғир дамлар ҳам бўлади, бироқ оиламизда ҳеч ким оч қолмайди. Агар бизда бир бўлак нон бўлса ҳам, у барчага тенг бўлинади". Аёл ҳали қиз фарзанд кўришдан умиди борлигини айтмоқда.
Манба: Kun.uz