Биласизми?

2 минг 200 та болалар боғчаси қурилади ва капитал таъмирдан чиқарилади

Бугунги кунда Ўзбекис­тонда 5048 та мактабгача таълим муассасаси мавжуд бўлиб, шундан 4916 таси давлат, 132 таси нодавлат мактабгача таълим муассасаси ҳисобланади. Мазкур таълим муассасаларида 668,5 минг нафар бола тарбияланмоқда. Бу 2-7 ёшдаги жами болаларнинг 26,5 фоизини ташкил қилади. Хусусийлаштирилган боғчаларга 5715 нафар бола қатнамоқда. Ушбу таълим масканларида 55 мингдан ортиқ педагоглар фаолият олиб боришмоқда, деб Kun.uz ёзмоқда.

Ўзбекистонда охирги йилларда ҳар йили 1 миллионга яқин янги иш ўринлари яратилмоқда. Янги ишга жойлашганларнинг аксариятини эса аёллар ташкил этмоқда. Бу эса ўз-ўзидан уларнинг фарзандларини боғчаларга жойлаштириш заруратини туғдирмоқда.

Шунинг учун ҳам Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партиясидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод Шавкат Мирзиёевнинг сайловолди дастурида ижтимоий сиёсатнинг муҳим йўналиши бўлган мактабгача таълим-тарбия тизимининг моддий-техника базасини мустаҳкамлаш, ижтимоий соҳани ривожлантириш борасидаги “Ислоҳот – ислоҳот учун эмас, аввало инсон учун” тамойилини изчиллик билан ҳаётга татбиқ этиш устувор вазифа деб белгиланган.

Хусусан, давлатга қарашли 1 миллион 109 минг ўринли 2 минг 200 та болалар боғчасини қуриш, капитал таъмирлаш ва жиҳозлаш масалаларини ҳал этиш режалаштирилмоқда.

Фарзандларимизнинг ҳар томонлама ва уйғун ривожланиши учун етарли имкониятларни яратишга қаратилган ушбу режаларнинг амалга ошиши ушбу таълим муассасаларида тарбияланаётган болаларнинг сони ошиши, боғчаларни ўйинчоқлар, янги болалар учун мўлжалланган хилма-хил китоблар, услубий адабиётлар, машғулотлар учун қўлланмалар, техник ўқитиш воситалари билан таъминлаш имкониятини яратади. Фаровонлик ва болаларнинг жисмонан соғлом, маънан етук ривожланиши ҳар қандай мамлакат келажагини белгилаб беради. Партиямиз томонидан Ўзбекистон Республикаси Президентлигига номзод сифатида кўрсатилган Шавкат Миромонович Мирзиёев сайловолди дастурида одамларни ҳаётдан рози қилиш, халқимиз учун муносиб турмуш шароитини яратиш асосий мақсад қилиб қўйилган. Элим деб, юртим деб, ёниб яшаётган, ижтимоий-сиёсий ҳаётнинг ҳар бир жабҳасида фаол иштирок этиб келаётган ҳар бир юртимиз фуқаросини президентлик сайловларида Тадбиркорлар ва ишбилармонлар ҳаракати – Ўзбекистон Либерал-демократик партияси номзодига овоз беришга чақирамиз.