Касалланиб катталашган (бурун-ҳалқум) муртак бези — аденоидлар дейилади. Аденоидлар бемор болада бурун орқали нафас олишнинг қийинлашиши, эшитиш қобилиятининг пасайиши ва шунга ўхшаш бир қанча муаммоларни келтириб чиқаради. Муртак бези бурун-ҳалқум гумбазида жойлашган бўлиб, ҳалқум лимфоид ҳалқаси таркибига киради. ЛОР асбоблари билан кўрилганда, муртак безини аниқ кўриш мумкин. Кенг тарқалган касаллик ҳисобланмиш аденоидлар кўпинча 3 ёшдан 7 ёшгача бўлган болалар орасида учрайди. Касалликнинг ривожланишига бурун бўшлиғи шиллиқ қаватини ва муртакларни яллиғлантирадиган касалликлар, чунончи қизамиқ, скарлатина, грипп, юқори нафас йўлларининг ўткир ва сурункали касалликлари ва бошқалар сабаб бўлади. Муртак безлари иммун тизимининг бир қисми ҳисобланади, лимфоид ҳалқаси бурун орқали кираётган ҳаво таркибидаги микроорганизмларни тутиб қолиб, нафас йўлларига ўтишига йўл қўймайди. Муртакларда махсус ҳужайралар (лимфоцитлар) ишлаб чиқарилади ва улар микроорганизмларни зарарсизлантиради. Аденоидлар ҳар қандай яллиғланишдан таъсирланади, касаллик вақтида катталашади. Яллиғланиш жараёни босилгандан кейин асли ҳолига қайтади. Агар касалланишлар орасидаги вақт жуда қисқа бир ҳафта ёки бундан кам бўлса, аденоидлар асли ҳолигача кичиклашишга улгурмай, доимо яллиғланган ҳолатда бўлади. Ҳатто яна ҳам катталашиб, бурун-ҳалқумни ёпиб қўйиши мумкин. Бунинг оқибатда бурундан нафас олиш қийинлашади, эшитиш қобилияти пасаяди. Ўз вақтида даволаш чоралари кўрилмаса, аденоидлар туфайли юз шакли, тишлам (прикус), қон таркиби ўзгариши, умуртқа поғонаси қийшайиши, нутқ бузилиши, буйраклар иши издан чиқиши, ҳатто сийдик тутолмаслик ҳолатлари келиб чиқиши мумкин. Шунингдек, аденоидлар иммун тизимининг ўзига хос «ўқув маркази» ҳам. Бу аъзода ҳар бир касаллик қўзғатувчи учун иммунокомпетент «ҳужайра жавоби» шаклланади. Катталар учун унча хавфли бўлмаган инфекциялар болаларнинг иммун тизимига таъсир қилади, уларнинг иммун тизими зўриқиб ишлайди. Шу сабабли, болаларнинг муртаклари катталарникига қараганда йирикроқ бўлади. Бола улғая боргани сари бундай иммун ҳужайраларга эҳтиёж йўқола боради ва муртаклар кичраяди. Ўсмирлик даврига бориб аденоидлар жуда кичиклашиб кетади, баъзиларда эса бутунлай йўқолади. Аденоидлар ривожланаётганда димоғнинг учдан бир қисмини ярмини ҳатто бутунлай ёпиб қўяди. Бурундан нафас олишнинг қийинлашиши касалликнинг илк аломати ҳисобланади. Бола баъзан ёки умуман бурни билан нафас ололмайди, шу боис оғзини очиб ухлайди, ухлаётганида хуррак отади. Болада аденоидлар бор-йўқлигини оддий усулда текшириб кўриш мумкин. Бунинг учун боланинг битта бурун тешигига пахтани яқинлаштиринг, сўнг иккинчи бурни тешигини бармоғингиз билан ёпиб туриб, бурнидан нафас олишини буюринг. Пахта бўлагидаги тукчаларнинг ҳаракатига қараб бурундан ҳаво нечоғли ўтаётганини билиб олишингиз мумкин. Аденоидлар туфайли эшитиш қобилияти пасаяди, бола гапларни яхши эшитмайди, баъзан қайта сўрайди. Беморнинг бурнидан тиниқ ва оқиш шиллиқ ёки сарғимтир яшил рангли ажралма келиши, шунингдек томоғининг қичишиши ҳам аденоидлар ривожланаётганидан далолат беради. Бола ринит (тумов), гайморит, ангина, фарингит, трахеит, ўткир респиратор касалликларига тез-тез чалинадиган бўлиб қолади. Ўткир ўрта отит билан қайта-қайта оғриб туриши ёки сурункали отитнинг зўрайиб туриши, димоғи билан гапириши мумкин. Булар ҳам болани аденоидлар безовта қилаётганини билдиради. Эшитув найига кириш соҳаси димоғда – аденоид тўқимасига яқин жойлашган. Шу сабабли, боланинг димоғ муртак бези катталашса, эшитиш найининг тешигини беркитиб қўйиб, ўрта ҳавонинг қулоққа ўтишини қийинлаштиради. Натижада ноғора парда ҳаракатчанлигини йўқотади, бу эшитиш қобилиятида акс этади, яъни бола гапларни яхши эшитмайди. Бурун ва ёндош бўшлиқлари шиллиқ қаватлари бурун бўшлиғини бактерия, вирус каби касаллик қўзғатувчилардан тозалайдиган шиллиқ ишлаб чиқаради. Агар болада аденоидлар каби ҳаво оқимига ҳалал берувчи тўсиқлар бўлса, шиллиқнинг чиқиб кетиши қийинлашади ва инфекция ривожланиб, яллиғланиш касалликлари пайдо бўлиши учун қулай шароит юзага келади. Шу сабабли аденоидлари бор болалар тез-тез ва узоқ касал бўладилар.
Аденоидлар юқорида айтиб ўтилганидек бурундан нафас олишни қийинлаштириб, бола организмини яллиғланиш касалликларига мойил қилиб қўяди, шунингдек аденоидларнинг ўзи ҳам бактерия ва вируслар ҳужуми учун қулай муҳит ҳисобланади. Бинобарин, димоғ муртак бези тўқимаси сурункали яллиғланиш ҳолатида бўлади. Бу организмнинг кўплаб аъзо ва тизимларига салбий таъсир кўрсатади. Сурункали инфекция ўчоғи эса бола организмида инфекцион, яллиғланиш, аллергик касалликларни ривожлантириб юбориши мумкин. Маълумки, кислород бош миянинг фаолияти учун жуда зарур, болалар учун айниқса катта аҳамиятга эга. Болаларнинг бурун бўшлиғи шиллиқ қавати ривожланган қон томирлар тизимига эга бўлиб, бу ерда кислород фаол ўзлаштирилади. Бурундан нафас олишнинг қийинлашишидан азият чекадиган болаларда доимо кислород етишмайди, биринчи навбатда, бундан бош мияга зиён етади. Шу сабабли бу болаларнинг мактаб дарсларни яхши ўзлаштира олмайди, диққатини тўплай олмайди. Аденоиди бор болаларда юз скелети суякларининг ўсиши бузилади. Бу ўз навбатида нутқнинг шаклланишига салбий таъсир кўрсатиши мумкин. Бола айрим ҳарфларни тўғри талаффуз қилмайди, димоғи билан гапиради. Баъзида ота-оналар боланинг талаффузига «ўрганиб» қолишиб камчиликларни сезмадилар.
Аденоид тўқимаси ўсиб катталашганда, сурункали яллиғланиш ҳолатига ўтади. Шу сабабли, оқиб турган шиллиқ ёки йиринг нафас тизимининг қуйи бўлимларига тушади ва шиллиқ қаватидан ўтиб, фарингит, ларингит, трахеит ва бронхитни келтириб чиқариши мумкин. Шунингдек, аденоидлар келтириб чиқарадиган жараёнлар баъзан қон таркибининг ўзгариши, асаб тизими таъсирланиши, сийдик тутолмаслик рўй бериши, буйраклар ишининг бузилишига олиб келади ва ҳоказо. Аденоидларни ЛОР шифокори даволайди. Касаллик консерватив дори-дармонлар жарроҳлик йўли билан даволанади. Бурунни ювилади, махсус дорилар томизилади, боладаги шамоллаш касалликларини бартараф этилади. Физиотерапевтик муолажалар қўлланилиши ҳам мумкин. Аденотомияда аденоидлар маҳаллий оғриқсизлантириб орқали олиб ташланади, жарроҳлик муолажаси бир неча дақиқа давом этади.
Аденотомиядан сўнг бемор қуйидагиларга амал қилиши керак»
- жисмоний меҳнат, машқлар билан шифокор белгилаган муддатгача шуғулланмай туриш;
- бола қаттиқ ва иссиқ таомларни емаслиги керак, витаминларга бой янги маҳсулотлардан тайёрланган суюқ овқатлар берилади;
- камида 3 кунгача болани иссиқ сувда чўмилтирмаслик, шунингдек, қуёшда, иссиқ ва дим хоналарда узоқ бўлмаслиги зарур;
- операциядан сўнг кечқурун ёки эрталаб боланинг тана ҳарорати бироз кўтарилиши мумкин. Иссиқни тушириш учун таркибида аспирин бор бўлган препаратларни қўллаб бўлмайди. Чунки бундай препаратлар қон оқишини юзага келтиради.
Баъзи ҳолларда болалар ҳатто аденотомия ўтказилгандан кейин ҳам ўрганиб қолганидек оғзидан нафас олаверади. Шунинг учун бурнидан нафас олишни ўргатиш мақсадида махсус нафас олиш машқлари ишлаб чиқилган. Шунга кўра:
- шошмасдан, секин оғиздан нафас олиб, нафас чиқариш;
- бурундан нафас олиб юриш; бир қадам ташлаб нафас олинади, иккинчи қадамда нафас чиқарилади;
- жойида туриб югуриш;
- бурундан чуқур нафас олиб ўтириб-туриш;
- буруннинг гоҳ чап, гоҳ ўнг тешиклари билан нафас олиш;
- гавдани ўнг ва чап томонларга эгиб, нафас чиқараётганда «М» ва «Н» товушларини талаффуз қилиш керак.
Манба: Avitsenna.Uz