"Онамнинг ҳовлисида оилам билан яшаймиз. Турмуш ўртоғим Россияда ишлаб топган пулига “Матиз” автомобилини сотиб олган. Шу билан кира қилади. Топган пулига “қора” қозонимиз қайнайди. Мен ишламайман. “Маҳалла” фуқаролар йиғинидан фарзандим учун 2 ёшгача бериладиган бола пули беришларини сўрасам, енгил автомобили борларга бола пули берилмайди, дейишяпти. Ҳақиқатдан шундайми? Ахир уй-жойимиз йўқ, уч нафар фарзандимиз бор-ку.
Раъно Жўрабоева, Фарғона вилояти, Қўқон шаҳри.
Айбек ГАНИБОЕВ, Ўзбекистон “Маҳалла” хайрия жамоат фонди ҳуқуқшуноси:
— Ўзбекистон Республикаси Вазирлар Маҳкамасининг 2013 йил 15 февралдаги 44-сон қарори билан тасдиқланган "Кам таъминланган оилаларга ижтимоий нафақалар ва моддий ёрдам тайинлаш ва тўлаш тартиби тўғрисида”ги Низомнинг 8-бандида "14 ёшгача болалари бўлган оилаларга нафақа, бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа ва кам таъминланган оилаларга моддий ёрдам ҳар бир оила аъзосига ўртача ойлик жами даромад миқдори жами даромад аниқланаётган давр учун белгиланган энг кам ойлик иш хақининг 1,5 баравардан ортиқ бўлмаган оилаларга тайинланиши", 22-бандида "Ўртача ойлик жами даромад миқдорини ҳисоблаб чиқишда ҳисобга олинадиган оиланинг жами даромадига, оила аъзолари томонидан олинган қуйидаги даромадлар киритилади:
- меҳнатга ҳақ тўлаш шаклидаги даромадлар;
- мулкий даромадлар;
- якка тартибдаги тадбиркорнинг даромади;
- чет элда ишлайдиган ёки тадбиркорлик фаолиятини амалга ошираётган оила аъзоларидан пул тушумлари суммаси;
- пенсиялар, стипендиялар ва нафақалар (ушбу Низомда назарда тутилган тартибда оила олаётган нафақа ёки моддий ёрдамдан ташқари);
- шахсий ёрдамчи (деҳқон) хўжалигини юритишдан олинган даромад;
Ўзбекистон Республикаси қонун ҳужжатларида белгиланган бошқа даромадлар" белгиланган.
Ушбу Низомнинг 8-бандида белгиланган жами даромад аниқланаётган давр учун белгиланган энг кам ойлик иш ҳақининг 1,5 баравардан ортиқ бўлмаган оилаларга бола икки ёшга тўлгунга қадар бола парвариши бўйича нафақа фуқаролар йиғини томонидан ваколат берилган Комиссиянинг қарорига асосан тайинланади ва фуқароларнинг ўзини ўзи бошқариш органлари томонидан тўланади.
Манба: Darakchi.uz