Инсон мияси атроф-муҳитга мослашишдек фойдали қобилиятга эга. Бу қобилият айниқса болаларда яхши ривожланган. Шунинг учун ота-оналар фарзанди туғилгандан бошлабоқ, бу хусусиятни ривожлантиришни фаол қўллаб-қувватлаши зарур.
Бунинг учун доим қандайдир янгиликни ўрганиш, кун тартибига риоя қилиш муҳим саналади. Бола учун у ёки бу машғулотни танлашда янги—мураккаб—қизиқарли тамойили бўйича ҳаракат қилиш лозим. Фақат бир хил йўналишдаги машғулот билан шуғулланишнинг муваффақиятсиз якунланиши ушбу тамойил билан изоҳланади.
Ҳаёт тарзи
Жисмоний фаоллик
Мия фаолияти имкониятларини ошириш учун жисмоний фаоллик ҳақида унутмаслик лозим. Шифокорларнинг қайд этишича, жисмоний машқлар мияга кислород етиб боришига сабаб бўлади, бу эса унинг самарали фаолиятига туртки бўлади. Шу тариқа мия маълумотларни тезроқ ёдда сақлашга қодир бўлади.
Уйқу
Қолаверса болага соғлом уйқу тарзини таъминлаш зарур. У фаол жисмоний ва ақлий фаолиятдан сўнг кучни қайта тиклашга кўмак беради. Агар бола уйқуга тўймаса ва ўзини чарчоқ ҳис қилса, бу унинг эътибори ва хотирасининг сусайишига сабаб бўлади.
Овқатланиш
Боланинг овқатланиш рационига хотирани ривожлантириш учун ёрдам берувчи маҳсулотлар: ёнғоқлар, ёғли денгиз балиғи, қорағат, помидор, лавлаги, товуқ, исмалоқ ва сабзавотларни киритиш лозим.
Боланинг кун тартибида доим турли ўйинлар, жисмоний машқлар ва бадиий адабиёт бўлиши лозим. Буларнинг барчаси хотиранинг турли кўриниши - ҳаракат, сўз, тасаввур ва ҳис-туйғуни ривожлантиради.
Машқлар
Хотира ва эътиборни ривожлантирувчи турли машқларни бажариш бола учун жуда фойдали ҳисобланади. Болаларнинг хотира ва эътибори турли ёшда турлича ишлашини инобатга олиб, машқларни ёш бўйича категорияларга ажратиб келтирамиз.
1 ёшгача
"Бу нима?"
Янги жойга борганингизда (кўча, меҳмон) боланинг эътиборини қизиқарли объектларга қаратинг. Бу ёшда бола бу қанақа буюм ёки ҳайвон эканлигини, ундан қандай товуш чиқишини, қандай ҳаракатланишини тушуниши лозим. Агар мумкин бўлса, болага янги буюмни ушлаб кўришга рухсат беринг.
Масалан, "Бу сигир, у ўт ейишни яхши кўради ва мўўў деб маърайди".
Қидириш
Эътиборни ривожлантириш учун оддий ва ўйин шаклидаги машқ - боланинг олдига ўйинчоқни қўйиб, уни рўмолча билан ёпиб қўясиз ёки орқангизга бекитасиз, кейин боладан уни топишни сўрайсиз.
Эслаб қолиш ва кўрсатиш
Боланинг олдига ўрдакчани қўйиб, "бу ўрдакча" дейсиз, кейин эса қўғирчоқни ҳам таништирасиз. Кейин боладан "Ўрдакча қани? Уни кўрсат-чи?" деб сўрайсиз. Дастлаб бола адашса, хавотирланиш керак эмас. Эртаси куни яна шу ўйинчоқлар билан машқни такрорлаш мумкин. Бола диққатининг ривожланиб боришига қараб, ўйинчоқлар сонини ошириб бориш мумкин.
"Бармоқчаларимиз қани?"
"Бармоқчалар" ўйини ҳам махсус машқлардан бири ҳисобланади. Турли сўзлар ёки шеърчалар билан ўйналадиган бундай машқлар ҳам бола хотирасини ривожлантириш учун хизмат қилади.
Мақоланинг кейинги қисмида 1 ёшдан 3 ёшгача, 3 ёшдан 6 ёшгача, бошланғич синф ўқувчилари учун мўлжалланган машқлар билан танишишингиз мумкин бўлади.
Мақолани тайёрлашда "Parents.ru" сайти маълумотларидан фойдаланилди.