Мактаб ёши

Биринчи синфга қабул машмашалари

“Ўғлим мактаб ёшига етди деб қанча қувонган бўлсам, уни биринчи синфга жойлаштираман деб шунча овора бўлдим, асабийлашдим. Уйимизга яқин ва кўпчилик мақтайдиган мактабга мурожаат қилсам, “Болангизни қабул қилолмаймиз, бошқа микроҳудудда турар экансиз”, деган жавобни эшитдим. Қарангки, шу ердан унча узоқ бўлмаган масофада яшасак-да, мактаб тасарруфидаги “округ”га кирмас эканмиз. Бу гап қаердан чиқди, балки ўқитувчи бирор “нарса” умид қиляптимикан, деган хаёлга ҳам бордим. Қўшнилардан суриштирсам, рус синфига қабул қилаётган бу ўқитувчи ҳақиқатан тажрибали экани, 100 доллар қистирсам, менинг ўғлимни ҳам синфига қабул қилишини айтишди. Бироқ нега мен пул беришим керак? Ўқитувчининг қаршилиги қонуний асосларга эгами?”

А. А, Тошкент шаҳри

Биринчи синфга қабул борасида таҳририятимизга йўлланган ушбу мурожаат ва ижтимоий тармоқлардаги муҳокамаларда билдирилган саволларга жавобан, Тошкент шаҳри Олмазор туманидаги таълим рус тилида олиб борилувчи 242-умумтаълим мактаби директори Камола Азимхаджаева шундай фикр билдирди:

— Вазирлар Маҳкамасининг 2017 йил 15-мартдаги “Умумий ўрта таълим тўғрисидаги низомни тасдиқлаш ҳақида”ги 140-сон қарорида “Мактаб ёшидаги болаларни умумий ўрта таълимга қамраб олиш туман (шаҳар) ҳокимликларининг қарори билан умумтаълим муассасаларига бириктирилган ҳудудлар (микроҳудуд) доирасида” амалга оширилиши белгиланган. Шунга асосланиб, биз микроҳудуд бўйича 6,5 ёшга тўлиқ тўлган ёхуд 7 ёшга кирган ўғил-қизларни биринчи синфга қабул қилишга ҳақлимиз. Шу сабаб мактабимиз тасарруфидаги микроҳудудга кирмайдиган ерда истиқомат қилувчи ота-оналарнинг илтимос ва талабларини рад этишга мажбурмиз.

Тўғри, ҳудудларда мактаб ёшига етган болалар кўп. Юртимизда 9,2 мингта мактаб бор, маълумотларга кўра, уларнинг 60 фоизи таъмирталаб аҳволда. Шундай экан, ота-оналарнинг фарзандини яхши мактабда ўқиш истагини тушуниш мумкин, албатта. Айрим ота-оналар фарзандини рус синфига беришни хоҳлайди, аммо ҳамма мактабларда бундай синфлар йўқлиги боис узоқроқдаги мактабга бўлса ҳам боласи боришига рози бўлишади. Лекин уларнинг яшаш манзили ушбу мактаб қарашли бўлган микроҳудудга кирмаслигини ҳисобга олишмайди. Ҳудудларда таълим ўзбек тилида олиб борилаётган мактабларда ҳам рус синфлари очиляпти ва умид қиламанки, босқичма-босқич ҳаммаси ўз изига тушиб кетади. Аммо мавжуд ҳолатни ва қонунларимизни ҳамма ота-оналар ҳам тўғри тушунишавермайди. Айримлар бу нарсанинг замирида таъмагирлик ётибди, деган хаёлга ҳам боради. Кимда-ким ўқитувчининг хатти-ҳаракатида таъмагирликка шаъма борлиги ёхуд қонунга зид бошқа амалларга йўл қўяётганини сезса, дарҳол мактаб маъмурияти ва директорга мурожаат қилиши мумкин. Агар раҳбариятнинг муносабатидан ҳам қониқмасангиз, Халқ таълими вазирлигига, унинг ишонч телефонларига қўнғироқ қилинг.

Истиснолар борми?

— Тегишли микроҳудудга қарашли манзилда турмайдиган оилаларнинг фарзандларини биринчи синфга қабул қилишда айрим истиснолар ҳам бор, албатта. Масалан, мактабимизда рўй берган реал ҳолатни мисол келтирсам. Бир оиланинг 3 фарзанди мактабимиз ўқувчиси. Аммо ҳозирги қонунчиликка кўра, улар микроҳудудимизга қарашли бўлмаган манзилда яшайди, деб топилгандан кейин 4-фарзандини биринчи синфга қабул қилишда муаммо юзага келди. Уларнинг оилавий шароити ва бир оиланинг фарзандлари бир мактабга бориши маъқул эканини инобатга олиб, махсус комиссия туздик. Бўлажак ўқувчимиз комиссия имтиҳонидан муваффақиятли ўтгач, уни ўқувчиларимиз сафига қабул қилдик.

Мактаб формаси аниқ бўлдими?

— Мактаб формаси масаласида турлича фикрлар билдирилмоқда. Айрим ахборот манбалари бутун республикада бир хил форма жорий этилишини айтаётган бўлса, баъзи манбалар ҳар бир мактабнинг ўз формаси татбиқ этилади, деган маълумотларни тарқатмоқда. Ҳозирча бизнинг мактабимизга юқори идоралардан мактаб формаси бўйича аниқ кўрсатмалар берилмагани боис биз ўтган ўқув йилларида амалда бўлган “оқ-қора” мактаб формасини талаб қилмоқдамиз.

1-синфга қабул электрон тарзда!

Президентимиз шу йилнинг 17 июль куни умумий ўрта таълим тизимини ислоҳ қилиш ва ривожлантириш масалаларига бағишланган йиғилишда ўқувчиларни биринчи синфга қабул қилиш, мактабдан-мактабга кўчириш ва бошқа хизматларни электрон шаклга ўтказиш кераклигини таъкидлади. Бу кўрсатмалар амалиётга жорий этиладиган бўлса, ҳам ота-оналар, ҳам ўқитувчиларга енгиллик туғилиши, қоғозбозлик камайишига урғу берди.

Дилшода МАНЗУРОВА

Манба: Darakchi.uz