Биласизми?

Бола боши билан йиқилса нима қилиш керак?

Боланинг бош суяклари жуда қаттиқ бўлиб, мияни лат ейишидан ҳимоя қилиб туради. Айнан шу суяклар туфайли йиқилганда мия шикастланмай, асосан бошнинг устки қоплами зарба ейди. Бунинг аломатлари қуйидагича намоён бўлади:

  1. Терининг ёрилиши;
  2. Шишлар пайдо бўлиши;
  3. Теридан қон оқиши;
  4. Тери кўкариши.

Бу аломатлар жиддий бўлмай, одатда оддий муолажалар ёрдамида тез кунда ўтиб кетади.

Бола боши билан йиқилганда ота-она қилиши керак бўлган асосий вазифалар:

  • Асабийлашманг! Боланинг ҳолатини ўрганиш учун ҳозир энг муҳими онанинг тинч бўлиши.
  • Муз қўйинг. Уйда кичик ёшдаги фарзандлар бўлса, музлаткичда доим муз бўлиши керак. Бола йиқилган заҳоти лат еган жойига ингичка сочиққа ўралган музни камида 15 дақиқа давомида аста босиб туриш лозим. Орада 5 дақиқа дам олдириб яна 15 дақиқа давомида босиб ушланади. Бола истамай йиғлаётган бўлса, уни бирон ширинлик ёки у севган фаолият билан чалғитиб туриш лозим.

Узунлиги 10-15 смга эга бўлган упаковкадаги бирон соусни музлаткичда сақлаб, бола йиқилганда ундан фойдаланса бўлади. Оддий муздан сув оқиб ноқулайлик туғдириши мумкин. Бундай пакетлар биринчидан, ушлашга қулай, иккинчидан, қўлда анчагача эримай туради.

  • Бола муз туфайли жуда қаттиқ асабийлашиб йиғлаётган бўлса, у ҳолда муз қўйиш қўймасликни ўзингиз ҳал қилинг. Муз ёрдамида лат еган жойда шиш пайдо бўлмайди ёки бўлса ҳам, тез орада ўтиб кетади. Ундан ташқари кўкариш ва қизариш юзага келмайди.
  • Агар лат еган жой қонаётган бўлса, уни тиббий бинт ёрдамида тўхтатиш керак. Одатда онанинг қўл босими билан қон оқиши тўхтайди. Шуни унутманг, юздаги қон оқиш ҳажми, бошқа жойлар лат егандаги оқиш ҳажмидан кўпроқ бўлади, лекин шунга қарамай болада кўп қон йўқотиш хавфи бўлмайди.
  • Агар лат еган жой қаттиқ кесилган бўлса, у ҳолда қонни тўхтатганиздан сўнг ярани яхшилаб текшириш керак. Яранинг кенглиги ёки чуқурлиги 1/2 см дан катта бўлса, баъзида уни тикишга тўғри келади. Чунки кейинчалик яра ўрнида катта чандиқ қолиши мумкин.
  • Бола йиқилгандан сўнг уни ухлатмасликка ҳаракат қилиб камида 1 соат давомида ҳолатини кузатиш керак. Ундан сўнг ухлаб қолса ҳам 20 дақиқа ўтгач уйғотиб ҳолатини қайта кузатиш лозим. Кўпинча йиқилган бола йиғлаб ухлаб қолади, бунда она унинг ҳолатини уйқуси давомида ҳам бироз кузатиб туриши мақсадга мувофиқ бўлади.
  • Бола боши билан йиқилганида жиддий жароҳат йўққа ўхшаса ҳам камида 24 соат уни назорат қилиш лозим. У яхши ўйнаб, кулиб, овқатланиб, чопиб, эмаклаб ўзини яхши ҳис этаётган бўлса, у ҳолда шифохонага шошилмаса бўлади. Баъзида мия жароҳатлангани аломатлари ўша заҳоти намоён бўлса, баъзида бир неча соат ўтиб ҳам намоён бўлиши мумкинлиги ҳақида унутмаслик керак.

МУҲИМ!

Агар боланинг бошида шиш пайдо бўлган бўлса, одатда у бошнинг устки қисмида бўлиб мияга зарба келтирмайди. Лекин баъзида шишнинг катталиги гематома (қон йиғилиб қолиши) ни ҳосил қилади. Бундай гематома мияни эзиб қўйиш эҳтимоли бор. Шунинг учун жуда катта шиш бўлса, ренген ёки томография қилдириш талаб этилиши мумкин. Ундан ташқари қаттиқ йиқилиш натижасида кўринарли жароҳат йўқлиги билан мия чайқалиши ҳам рўй бериши мумкин. Бу ҳолатлар тиббий ёрдамни талаб этади.

Қуйидаги аломатлар зудлик билан тез ёрдам чақиришни ёки шифохонага боришни талаб этади:

  • Агар бола йиқилгандан сўнг йиғламай индамай қолган бўлса;
  • Бола йиқилганда бўйнига зарба тушган бўлса;
  • Бола танасини тута олмаётган бўлса;
  • Боланинг гапириши, ҳаракат қилиши ёки кўзлари ҳаракатида ғалати ўзгаришлар намоён бўлса;
  • Болани хуруж тутса;
  • Боланинг ранги оқариб кетаётган бўлса;
  • Бола нафас олишда қийналаётган бўлса;
  • Бола қусаётган бўлса;
  • Болага аниқ талаб қўйсангиз қила олмаётган бўлса (масалан, "кўзларимга қара", "оёқларингни кўрсат", "чапак чал", "кўзинг қани?" ва ҳоказо);
  • Бола оёқ-қўлларини тоғри ишлата олмаётган бўлса;
  • Боланинг йиғлаши ҳеч тўхтамаётган бўлса;
  • Бола қаттиқ бош оғриғига шикоят қилаётган бўлса;
  • Боланинг кўзида ўзгаришлар бўлса (ғилайлик, кўзнинг шакли ёки ҳажми ўзгариши, нарсалар иккита бўлиб кўриниши, кўзи югуриши ва ҳоказо);
  • Онада боланинг йиқилиши ҳақиқатдан жиддий эканлигига шубҳа бўлса.

Болада йиқилган заҳоти унда жиддий аломатлар кузатилмаётган бўлса ҳам, кейинги 24 соат давомида уни қуйидаги ҳолатларга кузатиш керак:

  • Бола ухлаб уйғона олмаётган бўлса;
  • Боланинг тери ранги аста секин оқариб ёки ундан жиддийроғи кўкараётган бўлса;
  • Боланинг нафас олиши тезлашиб кетаётган ёки ўта секинлашишни бошлаётган бўлса;
  • Боланинг бирон жойида тутқаноқ намоён бўлса

тезда шифохонага бориб болани текширтириш талаб этилади.

Мақола ёққан бўлса, дўстларингиз билан бўлишинг!

Манба: Uzbaby.uz