Болаларнинг нега тез-тез касал бўлишини тушуниш учун уларнинг қандай қилиб турли инфекцияларни юқтириб олишини тушуниш зарур. Улар ҳамма нарсани қўли билан ушлашга ва оғзига солишга уринганлиги учун юқумли инфекцияларни юқтириб олиш хавфи ҳам юқори ҳисобланади. Қолаверса, кичик ёшдаги болалар бундай инфекцияларга қарши курашиш учун етарлича кучли иммунитетни шакллантиришга улгурмайди.
Инфекциялар юқишининг олдини олиш учун фарзандларингизни тез-тез қўлларини ювиб туришга ўргатишингиз лозим. Айниқса, кўчадан қайтгандан сўнг ва овқатдан олдин бу қоидага амал қилиш керак. Сиз эса улар алоқада бўладиган ўйинчоқ ва бошқа буюмларни тез-тез ювиб туришингиз зарур.
Касаллик вирусини юқтириб олиш бўйича бошқа тавсиялар бир нечта қоидаларни ўз ичига олади. Боланинг хаста инсонлар билан мулоқотда бўлишининг олдини олинг. Болалар вируслар, бактериялар ва паразитлар орқали юзага келадиган инфекцияларни ушбу вирусни аввалроқ юқтириб олган инсон билан яқин мулоқотда бўлиш орқали юқтириб олади.
Агар бола тез-тез касал бўлса, бу унинг иммунитети пасайганлигидан далолат беради. Қуйида иммун тизимининг кучсизланишига олиб келадиган сабабларни кўриб чиқамиз:
- Иммунитетни шакллантиришда она сути муҳим ўрин эгаллайди. Турли сунъий аралашмаларга эрта ўтиш бола ҳаётининг биринчи йилидаёқ шамоллашдан келиб чиқадиган касалликларга кўп чалинишига сабаб бўлади;
- турли нобоп сабаблар туфайли бола иммунитетини сусайтирувчи умумий ҳолат шаклланиши мумкин (ичак дисбактериози, гиповитаминоз, рахит);
- баъзи оғир хасталикларни бошдан ўтказиш ёки жарроҳлик аралашуви ҳам иммунитетнинг кучсизланишини келтириб чиқаради. Бундай хасталикларга вирусли касалликлар, жумладан, гриппни мисол қилиб келтириш мумкин;
- баъзи дори воситаларини узоқ вақт давомида қабул қилиш ҳам юқоридаги ҳолатни келтириб чиқаради. Бу каби дориларга иммуносупрессантлар, стероид гармонлар ва антибиотикларни айтиб ўтиш мумкин;
- болада турли сурункали хасталикларнинг мавжудлиги ҳам ҳимоя механизмининг кучсизланишига олиб келади (сурункали гайморит, тонзиллит, аденоидлар ва ҳоказо);
- Ва ниҳоят, иммунитетнинг нормал фаолият кўрсатиши учун боланинг режими ва тўғри меъёрлаштирилган овқатланиш тартиби ҳам катта аҳамиятга эга. Агар бола рационида турли витаминлар етишмаса, масалан, унинг таоми углеводга бой, бироқ оқсил ва ёғлар етарли бўлмаса ҳам у тез-тез касал бўлиши мумкин. Шунингдек, боланинг тоза ҳавода кам вақт ўтказиши, кам ҳаракатланиши, катталар чекаётган тамаки тутунидан нафас олиши ҳам унинг иммун тизимига салбий таъсир қилади.
Мақолани тайёрлашда интернет манбаларидан фойдаланилди.