Бугунги кунда кўплаб ота-оналар болалари ўқишни хоҳламаётганидан нолимоқда. Йўқ, улар дарсларга мунтазам равишда қатнаяпти, лекин ўқишга бўлган қизиқиш кучсиз, бу эса уларнинг баҳоларида ўз аксини топмоқда. Бунга сабаб нима ва вазиятни тузатиш учун нима қилиш керак?
1.Ўқитувчи обрўсининг тушиши
Барчамиз мактаб йилларимизни яхши эслаймиз: севимли ўқитувчимизнинг фанини жон-дилимиз билан ўқирдик, аммо ўқитувчини ёқтирмасак, дарсга истар-истамас тайёрланардик. Ўқувчиларнинг севимли ўқитувчисига айланиш учун педагог фақат фанни яхши билиши кифоя эмас, бунда бошқа қатор хусусиятлар ҳам роль ўйнайди.
Бугунги кунда ўқувчилар талабчанроқ бўлиб қолгандек гўё. Балки, бу улкан ҳажмдаги ахборот билан боғлиқдир. Энди унга эга бўлиш учун ўқитувчидан бошқа кўплаб манбалар ҳам бор, улардан асосийси — Интернет.
2. Маълумотларнинг ортиқча юкланиши
Бу ўқув жараёнида ҳам, дарсдан ташқарида ҳам содир бўлади. Ўқув дастури йилдан-йилга мураккаблашиб бормоқда. Катта синфларда барча фанлар бўйича дарсларни бажариш учун ярим кун вақт сарфлаш керак бўлади. Шу туфайли кўпчилик ўқувчиларда норозилик пайдо бўлади: “Ҳеч нарсани ўқишни хоҳламайман, ўйнашни истайман”.
Бунда гап кўчада ўртоқлари билан ўйнаш эмас, компьютер ўйинлари ҳақида боради. Бундай дам чарчоқни келтириб чиқаради, чунки ақлий меҳнат жисмонийси билан алмашмаяпти. Шу туфайли дарс ва топшириқлардан дам олиш истаги юзага келади.
3. Умумий олий таълим
Бир неча ўн йиллар аввал олий таълимга эга бўлиш ўзгача нуфуз ҳисобланган бўлса, ҳозир вазият ўзгарди. Тўғри, болалар келажакда қизиқарли касб соҳиби бўлишни истайди, аммо бунда асосий масала молияга бориб тақалади.
Қайсидир ўртоқлари каби чет элга саёҳат қилиш ёки планшет сотиб олиш — ҳозирги ўқувчиларнинг орзулари. Шунингдек, улар ота-оналари ва уларнинг танишлари мисолида олий маълумотга эга бўлмаган тадбиркорнинг юқоридагилар учун имконияти бемалол етаётганига гувоҳ бўлмоқда.
4. Жазонинг йўқлиги
Бу, умуман олганда, ижобий нарса. Ахир жисмоний жазо боланинг қалбида узоқ йиллар из қолдириши мумкин. Аммо авваллари болалар жазоланишдан қўрқиб ўқиган, кейинчалик ота-онасини икки баҳо билан хафа қилишдан ва калтак ейишдан хавфсираган. Ҳозир эса замонавий ўсмирлар ҳеч нарсадан, жумладан сал бўшроқ ўқитувчини ерга уришдан ҳам қўрқмайди.
Фарзандларингизни ўқишга қизиқтиришнинг қандай усули бор?
- Улар ёш вақтидаёқ пайдо бўладиган ҳавас ва иштиёққа аҳамият беринг. Туғма гуманитарий (ижтимоий фанларга қизиқувчи)дан физика бўйича аъло баҳоларни талаб қилманг, бироқ синфда ҳаммадан яхши иншо ёзса, қувонинг. Яхшиси, ҳеч қайси йўналишда иши юришмагандан кўра, битта муайян соҳадаги қобилиятларини ривожлантирсин.
- Кичик фарзандингиз билан бирга китоблар ўқинг, каттасига эса нима ўқишни маслаҳат беринг. Йўқ, интернет пайдо бўлиши билан китоблар четга чиқиб қолган эмас.
- Ўзингиз намуна бўлиб, болани илҳомлантиринг. Агар ота-оналар турли қизиқишларга эга бўлса, болалар ҳам ҳар томонлама ривожланган ва билимдон бўлиб етишади.