Саломатлик

Бола йўталганда қандай ёрдам бериш керак?

Йўтал — организмнинг табиий рефлекси. Нафас йўлларига нимадир кириб қолса, халал бераётган заррачани кучли ҳаво оқими ёрдамида итариб чиқариш зарурияти пайдо бўлади. Шунинг учун йўталдан қўрқиш керак эмас: бу кўпчилик ҳолларда юзага келган муаммони организмнинг ўзи ҳал қилишининг белгисидир.

Йўтал қачон ташвишланиш учун сабаб бўлмайди?

Боланинг нафас йўлларига чанг, ўсимликлар чанги ёки овқат увоқлари тушиб қолганда.

Боланинг тишлари чиқаётган ва сўлаги томоғига кириб қолганда.

Гўдакнинг томоғига она сути тиқилиб йўталиб қолганда.

Йўтал қандай ҳолларда ташвишлантирувчи аломат ҳисобланади?

Агар у кутилмаганда ва ҳеч қандай сабабсиз пайдо бўлса (кўпинча бу боланинг нафас йўлларига бирон-бир майда нарса кириб қолганидан дарак беради).

Йўтал ўткир, хуружга ўхшаш кўринишга эга бўлса.

Қўпол, хириллаш ва кўнгил айниш билан кечадиган «бўғиқ» йўтал – круп деб аталувчи юқумли касалликнинг аломати бўлиши мумкин.

«Қуруқ», тўхтамайдиган, ҳолдан тойдирадиган йўтал нафас йўлларида яллиғланувчи жараён борлигидан дарак беради (фарингит, ларингит, трахеит, бронхит, ЎРК, ЎРВИ).

Бола йўталганда нима қилиш керак?

Болани ўраб қўйманг. Йўталнинг пайдо бўлиш сабабидан қатъи назар, болани бир нечта кўрпаларга ўраш тавсия қилинмайди, айниқса бу эмизикли болаларга тегишли — улар ҳароратнинг кескин ўзгаришларига жуда сезувчан бўлади.

Хонада қулай шароит яратинг. Болалар хонасидаги ҳаво ҳарорати 22—24 даражани ташкил қилиши керак, намлик эса — 50—60%. Хонани тез-тез шамоллатинг.

Болага кўпроқ сув беринг. Ҳар қандай юқумли касалликларда боланинг кўп суюқлик ичиши зарур. Шунингдек, балғам тезроқ кетиши учун бола гавда ҳолатини мунтазам равишда ўзгартириб туриши керак.

Йўталга қарши воситалардан фойдаланманг. Болага йўтални қолдирадиган воситалар берманг. Бундай ҳолатда бронхларга тушган майда зарралар ёки балғам чиқиб кета олмайди, бунинг натижасида гўдакнинг аҳволи фақат оғирлашади.

Болалар шифокорига мурожаат қилинг.

Манба: Daryo.uz