Фарзандингизнинг болалар боғчасига осонроқ мослашишига қандай кўмак бера оласиз? Мақолада психолог ва тарбиячиларнинг бу борадаги асосий маслаҳат ва тавсиялари келтирилган.
Болалар боғчасига мослашув жараёнида уларга қандай ёрдам бериш мумкин?
- Фарзандингизни болалар боғчасига берар экансиз, бу у учун муҳим ва зарур эканлигига ишонинг.
Болалар ота-онасининг кайфиятини яхшигина ўқий олади. Агар сиз болалар боғчасининг заруратига ўзингиз ишонмасангиз ва асабийлашсангиз, фарзандингиз ҳам асабийлаша бошлайди. Сизнинг у билан боғча ҳақидаги суҳбатларингиз ҳам бу ҳолда ишончли чиқмайди.
- Ўз тарбиячиларингизга ишонинг
Фарзандингиз унинг тарбиячиси билан қандай муносабатда бўлаётганингизни ва уни қандай одам сифатида қабул қилаётганингизни кузатиб туришини унутманг.
Боғчада ҳаммаси яхши бўлишига ишонинг. Тўғри, баъзан турли ҳодисалар ҳам юз бериб туради. Бироқ шуни ёдда тутингки, болалар боғчасидаги тарбиячилар ҳам биз каби тирик инсонлар, оналардир. Улар болани оч қолдириш, йиғлатиш ёки совуқда қолдиришни сира истамайди.
- Кўпчилик психологлар бола билан боғчага унинг севимли ўйинчоғини бериб юборишни маслаҳат беради
Шунингдек, боғчадаги бирор буюмни ҳам севимли ўйинчоққа айлантириш мумкин. Масалан, ҳар тонг аквариумдаги балиқчалар билан саломлашиш. Яна боғча учун атайлаб чиройли кўйлак, костюм ва оёқ кийимлар харид қилиш мумкин.
- Мослашув жараёнини иложи борича секин йўлга қўйинг
Боғчага боришни қисқа вақтли гуруҳларга қатнашдан бошлаш идеал вазият ҳисобланади. Дастлаб фарзандингизни боғчада бир неча соатга қолдиринг. Бола боғчага иштиёқ билан бораётганлигини пайқаганингиздан сўнг, уни кундузги уйқуга қолдиринг.
- Эрталаб болани боғчага олиб борганда, сездирмасдан ғойиб бўлишга ҳаракат қилманг
Кетиш олдидан албатта уни қучоқлаб, хайрлашинг. Уни қачон олиб кетиш учун келишингизни аниқ айтинг (сайрдан сўнг, тушлик ёки уйқудан тургандан кейин). Агар бола хафа бўлса, уни боғчада ҳамма кутиб қолганлигини, усиз ўртоқлари ва тарбиячиси зерикаётганлигини тушунтиринг.
- "Пора бериш"нинг ҳеч бир шаклидан фойдаланманг
Ўзини яхши тутганлиги эвазига мультфильм томоша қилишга рухсат бериш, совға ёки шоколад олиб бериш каби усуллар вақт ўтиши билан сизга қарши ишлай бошлайди. Бола тез вақт ичида сизни бошқаришни ўрганиб олади ва истаган нарсасини ўзини яхши тутиш ёки инжиқлик қилиш орқали қўлга кирита бошлайди.
- Фарзандингиз билан кун қандай ўтганлиги ҳақида албатта суҳбатлашинг
Уйга қайтаётиб ва уйда кун қандай ўтганлигини муҳокама қилинг.
- Болангизнинг боғчага бораётганлигидан фахрланишингизни билдиринг
Биргаликда буви, буваси ёки дўстларингизга қўнғироқ қилиб, қувончли ҳодиса ҳақида сўзлаб беринг.
Агар фарзандингизнинг болалар боғчасига мослашиб кетиши жуда қийин кечса, унинг тарбиячиси ёки болалар психологи билан бу борада маслаҳатлашинг.