Биласизми?

Болалар кунида Тошкентдаги истироҳат боғлари соат 19:00даёқ ёпилди

Kun.Uz'нинг хабарига кўра 1 июнь — Халқаро болаларни ҳимоя қилиш куни Тошкентда тушунарсиз вазият юзага келди. Шаҳардаги истироҳат боғлари кечки соат 7даёқ ёпиб қўйилди.

Болалар куни календарда дам олиш куни этиб белгиланмагани боис, кўплаб болалар ота-оналарининг ишдан қайтишини кутишди. Лекин, ота-оналар ишдан қайтиб, болаларни истироҳат боғларига олиб боришганида дарвозалар ёпиқ эди.

Ташриф буюрувчиларни кутиб олган қоровуллар боғларнинг барвақт ёпилганини хавфсизлик нуқтаи назаридан кўрилган чора сифатида изоҳлашган. Улар келганларга Тошкентдаги Next, MegaPlanet, "Самарқанд Дарвоза" каби кўнгилочар савдо марказларига боришни маслаҳат қилишган. Савдо-кўнгилочар мажмуалари байрамга яхши тайёргарлик кўрган, турли танловлар ташкил қилинган, акциялар ўтказилган. Лекин бу жойлардаги хизматлар учун тўланадиган ҳақлар ота-оналарга одатдаги истироҳат боғлари ва аттракционлардагидан кўра қимматлик қилган. Шунингдек, гувоҳларнинг сўзларига кўра, савдо мажмуаларидаги болалар майдончаларида шу вақтда тиқилинчлар, эскалаторларда навбатлар ҳосил бўлган.

Қайд этилишича, истироҳат боғларининг ёпилиши ҳақида пойтахт аҳолиси на ҳокимият томонидан, на Маданият ва спорт вазирлиги томонидан хабардор этилган.

Истироҳат боғлари ва аквапаркларга ташриф буюрган ота-оналар бекорга вақт сарфлашган ҳамда ортиқча харажат қилишган. Улар йиғлаётган болаларга севимли жойларига кира олмасликлари сабабларини ҳам тушунтиришга тўғри келган.

Шу билан биргаликда, 1 июнь куни кундузи Тошкентдаги парклар байрам режимида фаолият кўрсатган: болалар учун баъзи аттракционлар бепул хизмат кўрсатган, шунингдек болалар музқаймоқлар, ширинликлар ва ичимликлар билан меҳмон қилинган. Соат 19:00дан эса фақат чиқиш эшиклари ишлаган.