Қанчалик ғалати бўлиб туюлмасин, болалар тор оёқ кийим кийганида оғриқни ҳис қилмайди. Бу шу билан боғлиқки, уларнинг оёқ кафтида етарли миқдорда ёғ тўқималари бўлиб, улар оғриқни сусайтиради. Аммо ўсаётган оёқ учун пойабзални тўғри танлаш муҳим аҳамиятга эга.
Нотўғри шаклланган оёқ кафти — нафақат косметик нуқсон. Келажакда бу боланинг саломатлиги билан боғлиқ жиддий муаммоларни келтириб чиқариши мумкин, ахир қоматнинг нотўғри шаклланиши, сколиоз кўпинча тўғри қадам босмаслик ва ясси оёқликдан келиб чиқади.
Ноқулай қолип, мос бўлмаган пошна, материал ва бошқа кўплаб хатолар тез-тез учраб туради. Келинг, болалар учун оёқ кийими танлашда риоя қилиш керак бўлган асосий қоидаларни кўриб чиқамиз.
Ўлчам
Кичик ёшда бўғим пайлари жуда кучсиз бўлади, шу туфайли, агар пойабзал оёқни маҳкам тутиб турмаса, йиқилганда пайларнинг чўзилиши ва бўғимларнинг чиқиши жуда осон бўлади. Ёдда тутинг: оёқ кийимни танлашда боланинг ўсишини назарда тутиб кўпи билан 1,5 сантиметр захира билан олиш мумкин (қишки пойабзал учун, пайпоқни ҳисобга олганда сал кўпроқ).
Ўлчаб кўриш
Ўзингиз билан боланинг “изи” —унинг оёғи айлантириб чизилган картон қоғозни олиб борсангиз, қулай бўлади. Фарзандингиз сиз билан бўлмаса, ушбу из пойабзални анча аниқ қилиб танлаш имконини беради. Аммо болангиз ёнингизда бўлган тақдирда ҳам, бу кўплаб мос тушмайдиган вариантларни кийиб кўрмасдан туриб рад этишда қўл келади, натижада вақт ва яхши кайфият тежалади.
Боланинг оёғига ўлчаб кўришда эса қуйидагиларга эътибор қаратинг:
- ушбу пойабзални кийиш қулай-ноқулайлиги;
- ҳар иккала пой ҳам мос тушиши;
- боланинг қадам босиши ўзгармаганлиги.
Тагчарм
Тагчарм эгилувчан, тарам-тарам (ботиқ ёки бўртма чизиқлар билан қопланган) бўлиши ва сирғанчиқ бўлмаслиги керак. Тагчармни қўлда эгиб кўринг, у букилиши керак, акс ҳолда эса пойабзалнинг тумшуғи кескин тарзда тепага кўтарилган бўлиши керак, шунда тагчарм оёқ кафти ҳаракатини такрорлай олмаса-да, оёқ учидан товонга кўчиш имконияти бўлади.
Пошна
Товон томонидаги тагчарм 1—1,5 сантиметрга баландроқ бўлиши керак. Шуни алоҳида таъкидлаш керакки, қизалоқларнинг пошнали туфли кийишга ҳавасларини қондиришга уринманг, болага унинг келажакда қандай хавф келтириб чиқариши мумкинлигини тушунтиринг.
Материал
Пойабзал материали ҳаво ўтказадиган, табиий бўлиши керак. Бу муҳим, чунки вегетатив асаб тизими ва терморегуляция марказлари ҳали жойига тушмаган, шу туфайли оёқчалар кўп терлайди. Нам оёқ кийим билан юриш эса ноқулай бўлиш билан бирга, соғлиқ учун хавфли ҳамдир. Материалнинг эгилувчанлиги ва чўзилувчанлиги ҳам шу даражада муҳим, бу қўшимча қулайлик беради, ҳаво айланишини яхшилайди ва намлик буғланишини таъминлайди.
Супинатор
Тагчармнинг ички четида бўртмача — супинатор бўлиши керак, у оёқ кафти гумбази шаклланишига ёрдам беради ва ясси оёқлик шаклланиши олдини олади. Аммо маймоқоёқликда, супинатор бўлмаслиги керак.
Пойабзалнинг орқа қисми
Орқа қисми ҳам аҳамиятга эга, у товонни ушлаб туриш ва унинг ён томонга силжиб кетмаслиги учун етарлича қаттиқ бўлиши керак. Оёқ кийимнинг орқа қисмини бармоқларингиз билан қисиб кўринг, у осон букилмаслиги керак.