Фарзандингизга эрталаб қандай егулик беришни билмаяпсизми? Мақолада болалар учун энг фойдали бўлган бешта нонушта ҳамда уларни тайёрлаш усуллари ҳақида билиб олишингиз мумкин.
Нонуштадан аввал
Табиат шундай яралганки, ҳеч қайси тирик жонзот уйғонганидан сўнг дарҳол емайди. Уйқудан сўнг жонивор дастлаб егулик қидириб топиши, сўнг ўлжани тановул қилиши керак. Бу инсонга ҳам тааллуқли, аммо цивилизация шарофати билан энди тамадди қилиб олиш учун совитгич олдига бориш кифоя.
Тонгни керишиш, гигиеник процедуралар (ювиниш, душга тушиш), зарядка билан бошлаган маъқул, шундан сўнггина организм сизга очлик ҳақидаги сигнални беради. Бундай маданиятга болаликдан ўрганиш муҳим, шунда нотўғри овқатланишнинг эҳтимолий салбий оқибатларидан нари бўласиз.
Шуни ёдда тутингки, болалар тўла сифатли овқатга эҳтиёж сезади. Таомда оқсиллар, ёғлар, етарли миқдорда углеводлар, балласт моддалар, витамин ва минераллар бўлиши керак. Буларнинг барчаси бола ҳам жисмоний, ҳам ақлий жиҳатдан фаол ўсиши ва ривожланиши учун зарур.
Болалар учун сут ва сут маҳсулотлари жуда фойдалидир. Сутда сифатли оқсил, шунингдек, қатор витамин ва минераллар, хусусан, суяк, мускул ва асаб тизими саломатлиги учун зарур бўлган кальций бор. Шу тариқа, мақолада сутдан тайёрланадиган нонушталар ҳақида гап боради, уларни сиз ўз фарзандларингизга пишириб беришингиз мумкин.
- Бўтқа — энг яхши нонушта
Гастроэнтерологлар баъзан барча одамлар нонуштага бўтқа еганида, улар ўз ишидан ажраб қолган бўлишини айтиб, ҳазиллашади. Бўтқалар (айниқса, бутун донлардан тайёрлангани) соғлиқ учун жуда фойдалидир. Қандай бўтқани ейишингизга қараб, ўз организмингизни турли-туман витамин ва микроэлементлар комплекси билан бойитасиз.
Бўтқа творог ва мевалар билан жуда яхши уйғунлашади. Айниқса, болангиз инжиқлик қилса, таомга турли меваларни қўшишингиз мумкин. Шунда нонушта тўйимлироқ ва мазалироқ бўлади.
Мисол сифатида творог ва мевалар қўшилган сўк бўтқасини келтириш мумкин. Бунинг учун сизга 1 стакан сўк (пшёнка), 200 г творог керак бўлади, сут эса таъбга қараб қўшилади (кераклича даражада суюқ қилиш учун). Шакар ва сарёғ ҳам таъбга қараб қўшилади. Таомни ҳар қандай мева билан бойитиш мумкин, масалан, банан ёки қулупнай қўшиш мумкин.
- Сабзавотли омлет
Нонуштага тухум жуда мос тушади. Тухумни сут билан ийлаб, омлет пиширишингиз мумкин. Ичига солинадиган масаллиқ сифатида сабзавотлардан фойдаланиш мумкин. Сизга қуйидаги рецепт бўйича сабзавотли омлет тайёрлашни таклиф қиламиз: 2 та кичик картошка, яримтадан пиёз ва булғор қалампири, 4 та тухум, 50 мл сут ёки сметана, ўсимлик ёғи, таъбга кўра мурч ва туз.
Сабзавотларни майда тўғраб, товада димлаб пиширинг. Картошкани олдиндан қайнатиб олиш мумкин. Тухумни миксер ёрдамида ийланг, сут ёки сметана қўшиб, аралаштиришда давом этинг. Шундан сўнг товадаги сабзавотлар устига тухумни қуйинг ва паст оловда пишгунича қолдиринг. Омлетга кўкатлар ҳам қўшиш мумкин.
- Творогли тоблама
Творогли тоблама тайёрлаш учун сизга 350 г творог, ярим стакан шакар, 2—3 та тухум, ярим стакан олча ва 2 ош қошиқ манний ёрмаси керак бўлади.
Дастлаб тухумни шакар билан аралаштириб олиб, сўнг творог қўшамиз ва аралаштиришда давом этамиз. Шундан кейин манний ёрмаси қўшилади ва тайёр аралашма формачаларга солинади. Формаларнинг тубига аввалдан шакарга ботирилган олчалар солинган бўлиши керак. Таомни духовкада ёки пароваркада ҳам тайёрлаш мумкин. Пароваркада пиширилгани фойдалироқ бўлади: унда фойдали компонентлар кўпроқ сақланиб қолади.
- Творогли ёки пишлоқли қийма солинган қуймоқ (блин)
Бундай қуймоқни тайёрлаш учун 1 стакан сут, 1 стакан ун, 2—3 та тухум, 1—2 ош қошиқ ўсимлик ёғи, таъбга кўра туз ва шакар керак бўлади. Ҳар битта қуймоқни ўз хоҳишингизга қараб колбаса ва сабзавотлар билан аралаштирилган пишлоқ ёки майиз солинган творог билан тўлдиришингиз мумкин. Тайёр рулетларни листга териб, духовкада 180 даража иссиқликда пишириб олиш керак.
- Сирник
6 ойликдан сўнг творог болажонлар учун таомноманинг энг зарурий қисмига айланади. Творогда фосфор, кальций ва турли-туман витаминлар бор. Юқорида келтирилган творогли тобламадан ташқари, ундан сирник ҳам тайёрлаш мумкин. Уни пишириш қийин эмас, уни ҳар қандай “қайла” — сметана, мураббо, қуюлтирилган сут, мевалар билан бирга тортиш мумкин.
Сирник пишириш учун 1 та тухумга 1,5—2 ош қошиқ шакар қўшиб аралаштирамиз. Сўнг 1,5—2 ош қошиқ ун, ундан кейин 250 г творогни қўшиб юборамиз. Массадан кулчалар узиб оламиз, унга белаб паст оловда икки томонини ҳам пишириб оламиз. Товадан олгач, ортиқча ёғи оқиб кетиши учун қоғоз салфетка устига қўйиш мумкин.