Биласизми?

Болалар учун смартфон: ҳимоя ва хавфсизлик созламалари

Бугуннинг болалари илк смартфонини боғчадаёқ қўлга олаяпти. Бу ҳол хавфсизлик нуқтаи назаридан ўзини оқлайди, чунки фарзандингиз доим сиз билан алоқада бўлиб туради. Аммо ота-оналар смартфон бола учун Интернетнинг кенг ва чексиз оламига эшикларни очиб беришини ҳам унутмасликлари керак. Айнан Интернет фарзандингизни кўчадаги «ёмон болалар»дан кўра тезроқ ва осонроқ ёмон йўлга бошлаб кетиши мумкин. Ҳозирча турли назорат органлари «Ўргимчак тўри»даги барча ёмон нарсаларга блок қўйиш устида бош қотираётган бир вақтда болалар гаджетларини фарзандингиз учун хавфсиз ҳолга келтириш бўйича баъзи маслаҳатлар беришни лозим топдик.

Смартфонни бола билан бирга ишлатамиз: уни катталарга мўлжалланган контентлардан чегаралаймиз

Бугунги кун болаларини сенсорли экран ёки симсиз Интернет билан лол қолдириб бўлмайди. Улар худди шу каби билимлар билан туғилаётгандек, гўё. Ҳали тили чиқмасидан ота-онасининг гаджетига қўл чўза бошлайди. Фарзандингиз смартфонингиз ёки планшетинигзни бехосдан форматлаб юбормаслиги ёки иловалар дўконидан барча ўйинларин сотиб олиб қўймаслиги ёхуд беихтиёр болаларга мўлжалланмаган контентга кўзи тушиб қолмаслиги учун қурилманинг операцион тизимини бошқариш имкониятини чеклаб қўйиш зарур. Керагидан ортиқ қизиқувчанликдан ҳимоя қилишнинг усуллари эса бир талай.

Android планшетларида 4.3 версиядан бошлаб танланган илвоалар учун чекловлар қўйилган қўшимча аккаунт яратиш имконияти мавжуд. Смартфонларда эса чекловлар қўйилган профиллар фақат Android 4.3 ва 4.4 версияларидагина ишлайди. Аккаунтни ёқиш учун Созламаларга кириш, “Фойдаланувчилар” иловасини топиш, сўнгра “Фойдаланувчини қўшиш”ни босиш ва “Чекланган профил”ни танлаш керак. Мазкур профилда бола фақат сиз рухсат этилганлар рўйхатига қўлда киритган иловалардангина фойдалана олади. Чекланган профилда бола мустақил равишда ишчи столнинг ташқи кўринишини созлаши мумкин. Бу эса асосий фойдаланувчининг ишчи столига умуман таъсир кўрсатмайди. Ҳар бир ҳисоб ёзуви учун ҳар бир илова бўйича маълумотлар алоҳида сақланади. Шу боис сиз ва фарзандингиз битта қурилмада бир хил ўйинларни ўйнашингиз мумкин, бунда ҳар кимнинг натижалари алоҳида акс этади. Мазкур жараёнда администратор профилига киришни яхшилаб ҳимоялаш жуда муҳимдир. Яхшиси, бунинг учун график калитдан эмас, балки PIN-код ёки паролдан фойдаланган маъқул. Аммо, аксарият Android-қурилмаларда қўшимча ҳисоб ёзувида фақат қўнғироқ қилиш имкониятини ўчириб қўйиш мумкин холос.

9spkIkSHnhjRtdsSVmz2MdyXM7m0aabZrhBnQptIayXYz1CPko4Aov1z0-e1473763208147

Агар буни етарли деб ҳисобламасангиз, болалар лаунчерини ўрнатинг. Бу ёрқин гулқоғозлар, чиройли тасвирлар ва ўйин ҳамда ривожлантирувчи иловаларнинг қатъий тўпламидан иборат ўзига хос ҳимояланган қумдондир. Google Play`да болалар ташқи қобиқлари анчагина кўп. Биз  Kid’s Shell`ни танладик.

Kid’s Shell билан файлларга, телефон китобига ва хабарларга кириш ёпилади. Шу боис, сиз фарзандингиз билмасдан муҳим маълумотларни ўчириб юбориши мумкинлигидан қўрқмасангиз ҳам бўлади. Мазкур лаунчерда деярли ҳамма нарсани созласа бўлади, яъни: фойдаланса бўладиган иловаларни танлаш, Тармоқ ва иловалар дўконига киришни блоклаш, бола смартфон ёки планшетдан фойдаланиши мумкин бўлган вақт лимитини, шунингдек, девайс бола фойдаланиши учун очиқ бўладиган вақт оралиғини ўрнатиш мумкин. Дарвоқе, Интернетдан фойдаланишни ўчириб қўйиш шарт эмас, чунки жуда кўп фойдали ва кўнгилочар сайтлар бор. Шунчаки уларга браузер орқали эмас, балки иловалар орқали киришни ўрнатинг. “Қумдон” доирасида болага манзиллар китобидан танланган рақамларга қўнғироқ қилиш имконини ҳам бериш мумкин. Лекин бунинг учун Pro версиясини сотиб олиш керак.

2a2b2c2e

Боланинг ўз смартфони: ишонамиз, назорат қиламиз

Агар фарзандингиз Интернетга кириш имкони бўлган смартфондан фойдалана оладиган ёшга етган бўлса, уни “катталар учун мўлжалланган” контентлардан муҳофаза қилган маъқул. Исталмаган сайтларга кириш имкониятини мобил антивирус орқали ёпиб қўйиш мумкин. Бундай функция, масалан, Dr. Web Security Space иловасида мавжуд (икки ҳафтага бепул лицензия берилади). Уни фаоллаштириш учун илованинг созламасига кириш ва Cloud Checker опциясини танлаш, сўнгра переключателни “URL фильтрни ёқиш/ўчириш” банди қаршисига “Ёқилган” ҳолатида қўямиз. Шундан сўнг сиз контент категориялари рўйхатига кирасиз (“Гиёҳванд моддалар”, “Зўравонлик”, “Қимор ўйинлар”, “Ижтимоий тармоқлар”). Уларни алоҳида алоҳида ҳам, ҳаммасини бирга ҳам фойдаланиш учун ёпиб қўйиш мумкин. шунингдек, Google Play да ота-она назорати функцияси ҳам амвжуд. Бунинг учун “Созламалар” дўкони менюсига кириш ва “Ота-она назорати” бандини танлаш керак.

3a-e1473764691181

3b

Пароль киритгандан кейин сиз контент учун ёш чегарасини танлашингиз, шунингдек, дўкон ёки исталган иловадан харидлар қилиш учун аутентификацияни ёқишингиз мумкин. Apple`нинг қурилмаларида ота-она назорати тизими анчагина пухта ўйланган ва ҳам планшетларда, ҳам смартфонларда ишлайди.

4a4b4c

Чекловларни ўрнатиш учун фойдаланувчи “Созламалар/Асосий/Чекловлар” бўлимига кириши зарур. Шунда киришни чеклаш мумкин бўлган иловалар рўйхати чиқади. iTunes ва АppStore учун барча юклаб олинадиган контентлар учун ёш чекловини қўйиш, шунингдек харидлар, жумладан ўйинлар харид қилишни пароллаштириб қўйиш мумкин.

Apple`нинг ота-она назорати функцияси, шунингдек, болаларга мўлжалланмаган сайтларни блоклаш имконини ҳам беради. Бунинг учун “Чекловлар” бўлимида “Рухсат этилган сайтлар” опциясини танлаб, у ердан “Веб сайтлар” қаторини топиш керак. Ушбу менюда “Катталар учун контент лимити”ни ёқиш керак, у мазмуни шубҳали бўлган барча сайтларни чиқариб ташлайди. Мазкур функция фақат Safari билан ишлашини ёдда тутинг. Шу боис, бошқа браузерларга ва тловалар дўконига киришни қўшимча равишда чеклаш зарур. Агар сиз ижтимоий тармоқлар ёки бошқа сайтларга киришни чекламоқчи бўлсангиз, экранни пастга қараб то “Ҳеч қачон рухсат берилмасин” қаторигача варақланг ва “Сайтни қўшиш”ни босинг. Бу ерга электрон манзилни киритиш керак. Дарвоқе, агар сайтнинг мобиль версияси мавжуд бўлса, унинг манзилини ҳам киритиш зарур.

Агар сиз маълум бир сайтларга киришга рухсат бермоқчи бўлсангиз, уларнинг манзилларини “Фақат ушбу сайтларга киришга рухсат берилсин” деган қатор остига ёзиб чиқинг.

5a 5b 5c

Девайсни ҳимоя қилиш: бампер етарли эмас!

Агар фарзандингиз сизнинг смартфонингизга қизиқа бошласа, зудлик билан ҳимоя аксессуарлари тўпламини қайта кўриб чиқиш керак. Агар сиз фарзандингизга апппарат сотиб олиб беришни ният қилган бўлсангиз, у ҳолда ишончли ҳимояни ҳам унутмаганингиз маъқул. Нафис бампер ва экрандаги пленка етарли эмас – мустаҳкам ғилоф ва ҳимоя ойнаси зарур. Албатта, бу тўлиқ ҳимоя дегани эмас, лекин озгина пул сарфлаб сиз қурилмангизнинг хизмат қилиш муддатини узайтириб олишингиз мумкин. Бошланғич синф ўқувчисининг ота-онасига маслаҳатимиз шуки, камарли сумка олишни унутманг. Рюкзакда олиб юрилган смартфондан фойда кам. Биринчидан, фарзандингиз қўнғироқ ёки хабар рингтонини эшитмай қолиши мумкин, иккинчидан, аппаратни ўғирлаб олишлари ҳеч гап эмас.

6-1

Девайсни ҳимоя қилиш:  муқобил ечимлар

Умуман олганда, болага смартфон сотиб олишда сиз аввал бошданоқ девайс эртами кечми, албатта, “қаҳрамонларча ҳалок бўлиши”ни ёдда тутишингиз керак. Бунинг учун болани уришишдан фойда йўқ. Кейин афсус чекиб юрмаслик учун олдиндан ёки ҳимоя тўғрисида ёхуд оптимал қурилмани танлаш борасида бир тўхтамга келиш керак. Афсуски, дўконда “Синдириб қўйганда афсусланмайдиган ва синфдошлар олдида уялмай фойдаланса бўладиган” деб номланган пештахта мавжуд эмас.

Мактабгача ёшдаги бола учун болалар планшети яхши вариант ҳисобланади. Одатда уларнинг корпуси анчайин мустаҳкам ва олдиндан ўрнатилган контентлар тўплами, жумладан болалар лаунчери бўлади. Кичик ёшдаги ўқувчига ёки ҳимояланган смартфон ёхуд иккита қурилма: уйда ўйинлар ўйнаш ва видео кўриш учун планшет, мактабда фойдаланиш учун оддий тугмачали телефон олиб бериш мумкин. Телефоннинг афзаллиги шундаки, унинг қуввати кўпроқ вақтга етади ва дарс пайтида болани ўйинларга чалғитмайди.

7-1

Бола қаердалигини назорат қилиш-чи, дейсизми? Ота-оналар ҳар доим фарзандлари қаерда юрганини назорат қилиб туришни исташади. Дарслардан қочиб юрмаганмикан, синфдошлари билан бирор жойга кетиб қолмадимикан ва ҳаказо… Бу борада, албатта, смартфон ота-оналар учун энг яхши кўмакчи ҳисобланади. Бола қаердалиги тўғрисида маълумот олишнинг бир нечта йўллари мавжуд. Хатто бу ишни смартфонсиз, қиммат бўлмаган чиройли қурилма сотиб олиб ҳам бажарса бўлади.

1-усул: оператор сервиси

Биринчидан, қаерда эканликни кузатиш хизмати барча йирик уяли алоқа операторлри томнидан тақдим этилади. Уни ёқиш учун кузатиладиган абонентнинг розилиги керак холос. Аммо ким ҳам боладан розилик сўраб ўтиради, тўғрими? Йирик уяли алоқа операторлари битта SMS-хабар ёрдамида абонентнинг қаердалиги ҳақидаги маълумотни тақдим этишади. Бунинг учун операторга ҳам, абонентга ҳам интернетга уланиш зарурати йўқ. Шу боис, бу функция боланинг қўлида оддий тугмачали телефон бўлганда ҳам ишлайди. Базавий станциялар орқали абонентнинг қаердалигини аниқлашнинг яна бир афзаллиги аккумулятор қувватини тежашдан иборат.

2-усул: ОТ (операция тизими) иловалари ёки созламалари

Фарзандингиз қаерда юрганини билишнинг иккинчи усули – KidsLocation`га ўхшаш махсус илова ўрнатишдир. Android учун “Бола қаерда”, iPhone учун эса “iPhoneни топиш”  утилити мос келади. Ушбу иловалар ўхшаш бўлса-да, ҳар бирининг ўз афзаллик томонлари мавжуд.

Масалан, “Бола қаерда” болалар девайслари билан ишлашга мослашган. Биринчи галда, у реал вақтда боланинг қаерда юрганини кузатиб туриш имкониятини берадиган трекердир. Асосийсидан ташқари унда қулай қўшимча функциялар ҳам мавжуд: булар – батарея қувватини қузатиб туриш, бола сиз харитада чиқиб қўйган хавфли ҳудуд чегарасидан ўтганида хабарнома олиш. Илова ёрдамида бола ота-онасининг телефонига SOS хабарини жўнатиши мумкин. Иловаларнинг камчилиги эса улар гаджет батареяси қувватини “еган” ҳолда GPS ва Интернет уланишдан фойдаланишидадир.

7a7b7c7d7e

“iPhoneни топиш” ҳам GPS ва яқин атрофда жойлашган базавий станциялар ёрдамида керакли девайснинг қаердалигини аниқлаб беради. Илова “Оилавий фойдаланиш” функцияси билан мос келади, шу боис ҳар иккала қурилмани Appleнинг битта ҳисоб ёзувига боғлаб қўйиш зарурати йўқ. Дарвоқе, ота-оналар оилавий фойдаланиш функциясига эътиборсиз бўлмаганлари маъқул. Чунки у боланинг AppStore даги харидларини кузатиб туриш ва зарурат бўлганда уларни чеклаш имкониятини беради.

8a 8b 8c 8d 8e

3-усул: алоҳида гаджет

Агар фарзандингизни доимо назорат қилиб туриш керак, деб ҳисобласангиз ёки аппаратни дуч келган ерда қолдириб кетаверадиган одати бўлса, у ҳолда, доим боланинг қўлида бўладиган ақлли соатлар сизга ёрдамга келади. У қадар қиммат бўлмаган Smart Baby Watch Q50 ни танласангиз ҳам адашмайсиз. Ўз смартфонингизга илова-компаньон ўрнатиб, соатнинг ҳаракатини реал вақтда кузатиб тура оласиз, фарзандингиз билан овозли ва матнли хабарлар алмашишингиз, унинг жисмоний фаоллигини кузатишингиз, ҳаракат йўналишлари тарихини кўздан кечиришингиз, масофадан туриб унга уйғотгич (будильник) ўрнатишингиз, хатто болани ўраб турган фонни ҳам эшитишингиз мумкин бўлади.  Соатдан фойдаланишдан олдин унга сизнинг ҳудудингизни ўрнатиш учун SMS команда жўнатиш зарур.

9-1

Тақиқ ва кузатувларни меъёридан ошириб юборманг. Ота-оналар ҳар қандай ҳаракат қарши ҳаракатни келтириб чиқаришини ёдда тутишлари керак. Тўғри, болани Интернетнинг салбий таъсиридан асраш керак, аммо уни балоғатга етгунига қадар доимий ва қаттиқ назорат остида ушлаб туриш ҳам ўринли эмас.