Диарея – юқумли ошқозон-ичак касаллиги бўлиб, бу касаллик микроблар таъсирида юзага келади.
Касаллик асосан:
- Ичнинг қайта-қайта суюқ келиши, қорин оғриши, кўнгил айниши, қусиш, иситманинг кўтарилиши билан намоён бўлади;
Ушбу касалликка асосан, кўкрак сути билан эмас, балки айрим ҳайвонлар сути ёки қуритилган сут аралашмалари билан овқатланаётган болалар кўпроқ чалинадилар. Айниқса, камқонлик, рахит, ёд танқислиги бор бўлган болаларда касалликка бўлган мойиллик кўпроқ кузатилади.
БОЛАГА КАСАЛЛИК ҚАНДАЙ ЮҚАДИ?
Касаллик қўзғатувчи микроблар болалар организмига қуйидаги омиллар орқали юқади:
- Ифлосланган қўл;
- Ифлосланган ўйинчоқлар;
- Тоза бўлмаган овқат идишлари, шиша ва сўрғичлар;
- Сифатсиз ёки узоқ вақт туриб қолган овқатлар;
- Қайнатилмаган сув;
- Пашшалар орқали;
- Ювилмаган мева-сабзавотларни истеъмол қилиш натижасида.
ДИАРЕЯ НИМАСИ БИЛАН ХАВФЛИ?
Ичнинг суюқ кетиши натижасида бола кўп суюқлик йўқотади ва бу билан кўплаб озиқ моддалар чиқиб кетади. Бола организмида сувсизланиш ва озиқ моддаларнинг етишмовчилиги натижасида, тана аъзолари фаолиятининг кескин бузилиши унинг ҳаётини хавф остига қўяди.
Диареяга чалинган болага уй шароитида қандай ёрдам бериш мумкин?
Болада ич кетиш ҳолати бошланиши биланоқ сувсизланишнинг олдини олишга ҳаракат қилинг. Бунинг учун унга одатдагидан кўпроқ суюқлик ичиринг.
Суюқлик сифатида:
- Регидрон эритмаси;
- Оддий қайнатилган сув;
- Гуруч қайнатмаси;
- Анор пўстлоғининг дамламаси;
- Кефир;
- Газланмаган минерал сув беришингиз мумкин.
Болага суюқликни оз-оздан ва тез-тез (ҳар 5 7 дақиқада) ичириб туринг. Бирдан кўп сув ичирманг, бола қайт қилиши мумкин. Агар, бола қайт қилса, суюқлик ичиришни 10 дақиқа тўхтатиб туринг, сўнг яна давом эттиринг.
Ҳар бир ич кетишда, агар бола 2 ёшгача бўлса, ярим стакандан, 2 ёшдан катта бўлса, 1 стакандан суюқлик ичириб туринг. Болани оз-оздан, лекин тез-тез овқатлантириб туриш зарур. Агар бола кўкрак эмадиган бўлса, уни одатдагидан кўра кўпроқ ва узоқроқ эмизинг. Бошқа сут ёки қуруқ сутли аралашмалар билан овқатлантирилаётган бўлса, унинг овқатланишини одатдагидек давом эттиришингиз мумкин.
Агар бола қўшимча овқатланаётган бўлса, унга енгил ҳазм бўладиган овқатлар беринг. Таомлар қайнатиб пиширилган ҳолда, бир хил юмшоқликда эзилиб тайёрланган бўлиши керак. Боланинг кундалик овқатланишида гўшт ёки меёрида балиқ бўлиши мақсадга мувофиқ ва уларни қайнатиб, қиймалагичдан 2 марта ўтказинг. Шунда юмшоқ пюре ҳосил бўлади. Олмани сувда димлаб юмшоқ мағзини едиринг, пўстини болага берманг. Боланинг касаллик даврида унга ширин таомлар ва ичимликлар берманг, чунки, бу ич кетишини яна ҳам кучайтириши мумкин. Болага таомни ҳар 2 4 соатда бериб туринг, соғайгач эса 2 ҳафта давомида одатдагидан бир марта кўп овқатлантиринг. Бу боладаги касаллик даврида йўқотилган озиқ моддалар ўрнининг тикланишига ёрдам беради.
Юқорида кўрсатиб ўтилган муолажалардан сўнг болада диареянинг белгилари кузатилаётган бўлса, дарҳол шифокорга мурожаат этинг.
БОЛА КАСАЛЛИККА ЧАЛИНМАСЛИГИ УЧУН НИМА ҚИЛИШ ЗАРУР?
- Болани 6 ойлик бўлгунга қадар, фақат она сути билан парвариш қилинг. Она сутида бола учун зарур бўлган озиқ моддалар ва ҳимоя омиллари мавжуд бўлиб, улар бола бақувват ўсишига ёрдам беради.
- Бола 6 ойлик бўлгандан кейин, уни қўшимча овқатлантиринг. Бу даврдан бошлаб, биргина она сути бола эҳтиёжини қондира олмайди. Акс ҳолда, бола заифлашиб, касалликларга берилувчан бўлиб қолади.
- Шиша идиш ва сўрғичлардан фойдаланманг. Чунки, шиша идиш тоза ювилмаслиги оқибатида микробларнинг кўпайиши учун қулай шароит туғилади.
- Болага таомни ҳар гал янги тайёрлаб беринг.
- Боланинг идиш-товоқларини алоҳида сақланг. Уларга пашшалар ўтирмаслиги учун устига дока ёпинг.
- Болани овқатланишдан олдин ва ҳожатдан кейин қўлини совунлаб ювишга одатлантиринг.
- Мева ва сабзавотларни ювиб истеъмол қилдиринг.
- Фақат қайнатилган сувни ичиринг.
Манба: Avitsenna.Uz