Бу мавзуни ёритишдан олдин жуда кўплаб материаллар таҳлил қилинди. Бу мавзуни нафақат ёритиш, балки у ҳақида гапириш ҳам жуда қийин, чунки у бизнинг болажонларимиз психикасига таалуқли. Лекин мавзуга оид етарли билимлар камлиги туфайли баъзи оилаларда болаларимизга шу деб азоб берилаётганини кўриб сайтда бу ҳақида керакли маълумотларни келтиришни жоиз деб билдик.
Болаларимиз ҳурмати ва ўзбекчиликка таянган ҳолда мавзу муаммосига алоқаси йўқ мақола ўқувчилари керакмас мулоҳазалар қилмаслиги учун уни ўраб, бироз тушунарсиз қилиб ёритамиз. Муаммони билган ва бунга тўқнаш келган ота-она ўзига керакли маълумотни тушуна олади.
Боласида "шўхлик"ни илк бора кўрган ота-она асабийлаша бошлайди. "Боламда бирон муаммо мавжуд!", "Боламни даволатиш керак", "Болани яхшилаб жазолаш керак", "Нима қилиш керак?" каби минглаб ҳаёллар ота-онани қийин аҳволга туширади.
Шу ўринда энг муҳим савол: "Қандай қилиб бу "шўхлик"ни қилишдан боламни тўхтатсам бўлади?!"
Энг авалло шу саволга жавоб беришдан бошлаймиз. Тўхтатиш керак эмас! Тўхтатишнинг иложи йўқ!
Бу жавоб қанчалик қўпол туйилмасин, бу оддий ҳақиқатдир.
Ўзи бу "шўхлик" нинг зарари борми?
Боланинг саломатлиги учун ҳам, унинг психикасига ҳам бунинг ҳеч қандай зарари йўқ. Бу борада минглаб тадқиқотлар хабар бермоқда. Зарари шундаки, ота-онасини бунга бўлган салбий муносабатини кўрган бола ўзини "ёмон иш" қилаётган деб ҳисоблайди ва ўзини айблашни бошлайди. Мана шу айблаш келажакда баъзи психологик муаммоларни келтириб чиқариши мумкин.
Боласида "шўхлик" ни кўрган ота-онанинг биринчи вазифаси боласига кўпроқ меҳр беришдир.
Бола "шўхлик" қилишига сабаб:
- Ёлғизланиши;
- Ота-она меҳрига тўймаслиги;
- Ота-онанинг ўта қаттиқ қўллиги;
- Ота-онага суйкала олмаслиги;
- Стресс;
- Асабийлик;
- Ота-она эътиборининг етишмаслиги;
- Гигиенага риоя қилмаслик;
- Сиқадиган ички кийим кийиш;
- Оилада катта ўзгаришлар содир бўлиши (иккинчи фарзанд туғилиши, ота-онанинг ажралиши, ота ёки онани йўқотиш ва бошқалар);
- Ота-онадан доим ёки кўпинча рад жавобини олиш;
- Баъзи жинсий касалликлар.
Болаликдаги "шўхлик" бир нечта босқичларга бўлинади:
2 ёшгача бўлган давр - бола ўз аъзоларини ўрганиш давридир. Олти ойлик бола қўлларини томоша қилиши давомида қизиқиши пайдо бўлганидек бошқа барча аъзоларига ҳам қизиқиши уйғониши нормал ҳолат. Бунга жиддий қараш шарт эмас. Бу оддий ривожланиш. Тўсқинлик "шўхлик"ка бўлган қизиқшни янада оширади.
2-5 ёшгача бўлган даврда бола "шўхлик" қилаётиб ёқимли ҳиссиётни сезади ва ота-онасига ёқмайдиган иш қилаётганини англайди. Натижада у бекиниб қилишни ўрганади. Бу даврда болага ҳеч қандай тўсқинлик кўрсатиб бўлмайди. Ўзини "ёмон иш" қилиб қўяётганида айбламаслиги муҳим.
6-9 ёшда бола қилаётган иши ҳақиқатдан "уятсиз" эканлигини тўлиқ англайди ва иложи борича ҳеч ким кўрмаган пайтда қилишга ҳаракат қилади. Баъзида болада турли қизиқишлари пайдо бўлиб "шўхлик" маълум бир муддатга ёқолгандек туйилади. Шунинг учун бу даврда кўпчилик ота-она "шўхлик" бутунлай якунланди, деб хато фикр юритади.
12-14 ёшдан сўнг болаликдаги "шўхлик" ҳақиқий жинсий қониқиш йулига айланишни бошлайди. Бу нормал жинсий ва жисмоний жараён.
Болада "шўхлик" ни билиб қолган ота-она қилиши МУМКИН БЎЛМАГАН нарсалар:
1. Ҳеч қачон болани бу фаолияти учун уялтирманг. Ҳеч қачон! Катта бўлганида "шўхлиги" ёқолади, лекин кичиклигидан ўзини "ёмон" ёки "ўта айбли иш қилаётган" бола деб ҳис қилса, жамиятда ўз ўрнини топишда, бошқалар билан муносабатларда жуда қийналади.
2. Болани ушбу фаолияти туфайли қўрқитманг. "Мана шундай қилганинг учун, сенда шундай бўлади!" каби қўрқитувлар асло мумкин эмас.
3. Болани ушбу фаолияти учун жазоламанг. Бу фаолиятнинг бурун ковлашдан деярли фарқи йўқ.
4. Боланинг "шўхлик" қилаётганига касалликдек қараманг. Бу бирон муаммо туфайли юзага келган ҳолат. Ана шу негизни бартараф этиш лозим.
5. Эртаю-кеч боланинг эътиборини шу фаолиятга қаратманг. Яъни болага сезиларли даражада уни кузатиш, ишини устида тутволиб танбеҳ бериш ва ҳоказо.
6. "Шўхлик"ни тақиқламаслик керак. Қанча кўп тақиқланса, шунча унга эҳтиёж ортади.
7. Мактаб ўқитувчиси ёки боғча тарбиячиси бунга муаммодек қараб ота-онадан болани жиловлашни талаб қилаётган бўлса, аҳамият берманг. Шунчаки, шўхлиги бировни кўзига тушмаслигини таъминлашини болага тушунтириш лозим.
Нима қилса бўлади ёки қандай қилиб болага ёрдам берса бўлади?
1. Бола "шўхлигини" ҳаммани олдида қилаётган бўлса, бу ишни бировларни олдида қилиш мумкин эмаслигини, худди ҳожатга бориш каби нормал жараён лекин уятли эканлигини мулойим тушунтириб бериш керак. Ҳаммани олдида қилишига одатда боланинг ота-онага бўлган протести(қаршилик) ёки ота-она эътиборини жалб қилиш сабабчи бўлади. Бола билан мулойимроқ бўлишни, болага кўпроқ меҳр беришни ва уни кўп қучоқлашни ўрганинг. Болага тез-тез "йўқ" демаётганмикинсиз?, таҳлил қилинг.
2. "Шўхлик" зерикканидан амалга оширилаётган бўлса, болани зерикмаслигини таъминлаш керак. Кўчада ўйнаш, қизиқарли ўйинлар билан банд қилиш, ота-она билан биргаликда бирон иш билан шуғулланиш болани зерикишдан сақлайди. Ухлашдан олдин бола билан вақт ўтказиш, эртак айтиб бериш ва узоқ суҳбатлашиш бола уйқуга тез кетиб фаолиятини амалга оширмаслигига ёрдам беради.
3. Боланинг бу "шўхлигини" катталарнинг жинсий муносабатлари билан асло солиштирманг. Катталарда жинсий муносабатларга жисмоний эҳтиёжи мавжуд. Болада бу жинсий талпиниш натижаси эмас.
4. Боланинг кўзига катталарнинг жинсий муносабатлари тушмаслигини таъминлаш лозим.
5. Статистиканинг кўрсатишича, ота-онаси урган болалар кўпроқ "шўхлик" қилар экан. Болани жазолашда жисмоний куч ишлатманг!
6. Бола билан кўп суҳбатлашинг, унга кўп вақт ажратинг, сизнинг меҳр ва эътиборингизда чўмилсин. Ота-онанинг ижобий муносабатига тўйган болада "шўхлик" ка эҳтиёж қолмайди.
7. Бола ўта агрессив характерга эга бўлса, уни жисмонан активлаштириш, яъни бирон актив спорт билан банд қилиш талаб этилади. Шунда унинг куч ва энергияси спортга сарфланади.
Тарихда бу фаолият гуноҳга тенглаштирилган эди. Лекин ҳозирги замон олимлари бунинг ҳеч қандай зарарли томони йўқлигини ва бу болаликда юзага келадиган табиий жараён эканлигини исботлашган. Фақат бу ҳақида гапириш уятли бўлгани учун ҳамма бекитади ва бошқа оилаларда ҳам бу ҳолат бор эканлигини билмайди.
Афсус минг болани уриб жазоламанг фаолиятидан ҳеч қачон воз кечмайди. Бу унинг табиий нормал эҳтиёжи. Ота-онанинг жазоси натижасида бола юрагида кучли айб ва ота-онасидан қўрқув каби ҳиссиётни ўстиради. "Шўхлик" ота-она кўрмаган ҳолатда давом этаверади, лекин боланинг "ёмон" иш қилаётгани ҳақидаги фикри ўсиб уни психологик қийнашни бошлайди.
Агар ота-она болаликдаги шўхлик аслида нормал табиий жараён эканлигини тан ола билса, бу вазиятга бошқача қарайди. Ақлли ота-она шуни тушуна олса, болага фаолиятни тақиқлагандан кўра, бу "ёмон" нарса эмас, шунчаки бировларнинг олдида қилиш мумкин бўлмаган нарса, деб тушунтира олади. Боласини жазолашдан кўра, қаерда унга камроқ эътибор берганини, қачон уни кўп жазолаб юборганини излайди. Натижада келажакда бола ҳаётида психологик ва жинсий муаммолар юз бермаслигига ёрдам беради.
Ҳеч қачон боланинг ҳеч қандай фаолиятига ота-онанинг кўзи билан қараманг. Бола ҳамма ишни бола бўлгани учун қилади, ёмон ёки уятсиз бўлгани учун эмас.
Болаликдаги шўхлик айбсиз ва зарарсиздир! Бу муаммо эмас, лекин бу ҳолатни келтириб чиқарган сабаб муаммо бўлиши мумкин. Уни изланг, уни бартараф этинг. Шўхлик эса ҳеч қачон якунланмайди. Ота-она ёрдам бера олса, болада унга тўғри муносабат ҳосил бўла олади холос.